Матто 13
13
13–БОБ
Уруғ сепувчи ҳақида масал
1Ўша куни Исо уйдан чиқиб, кўл бўйига бориб ўтирди. 2Унинг атрофида шу қадар кўп оломон тўпландики, У қайиққа тушиб, ўтиришга мажбур бўлди. Оломон эса кўл қирғоғида турарди. 3Исо масал орқали халққа кўп нарсаларни ўргатди: “Қулоқ солинглар! Бир деҳқон уруғ сепгани чиқибди. 4У уруғ сепаётганда баъзи уруғлар сўқмоқ йўл устига тушибди. Қушлар учиб келиб, уруғларни чўқиб кетибди. 5Баъзи уруғлар тупроғи кам тошлоққа тушибди. Тупроқ кам бўлгани учун уруғлар тез кўкариб чиқибди. 6Бироқ қуёш чиққач, қовжираб, илдизи бўлмагани учун сўлиб қолибди. 7Бошқа уруғлар тиканлар орасига тушибди. Тиканлар ўсиб, уруғларни бўғиб қўйибди. 8Яна бошқа уруғлар эса яхши тупроққа тушибди. Баъзилари юз, баъзилари олтмиш, баъзилари эса ўттиз баробар кўп ҳосил берибди. 9Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, эшитсин!”
Масалларнинг мақсади
10Шундан кейин шогирдлар келиб, Исодан сўрадилар:
— Нега одамларга масаллар билан гапиряпсиз?
11У шундай жавоб берди: “Осмон Шоҳлигининг сирларини билиш уларга эмас, сизларга берилган. 12Зеро, кимда бор бўлса, унга яна берилади ва унда мўл–кўлчилик бўлади. Аммо кимда йўқ бўлса, бори ҳам тортиб олинади. 13Одамларга масаллар билан гапираётганимнинг сабаби шуки, улар қараб туриб кўрмайдилар, қулоқ солиб туриб, эшитмайдилар ва англамайдилар. 14Ишаёнинг башорати уларда бажо бўлган:
«Сизлар тинглаб турасиз–у, лекин ҳеч тушунмайсиз,
Қараб турасиз–у, аммо ҳеч англаб етмайсиз.
15Зеро, бу халқнинг ақли ўтмас бўлиб қолди,
Қулоқлари гаранг бўлди,
Кўзларини юмиб олишди.
Акс ҳолда, кўзлари кўрган бўларди,
Акс ҳолда, қулоқлари эшитган бўларди,
Ақллари англаган бўларди,
Яна Менга қайтган бўлишарди,
Мен уларга шифо берган бўлардим.»#13:14-15 Муаллиф бу ўринда Ишаё 6:9-10 нинг қадимий юнонча таржимасидан фойдаланган.
16Сизлар эса ниҳоятда бахтлисизлар! Ахир, сизларнинг кўзларингиз кўради, қулоқларингиз эшитади. 17Сизларга чинини айтай: қанчадан–қанча пайғамбарлар, қанчадан–қанча солиҳ одамлар сиз кўрганларни кўришни истаганлар, аммо кўрмаганлар. Сизлар эшитганларингизни эшитишни улар истаганлар, аммо эшитмаганлар.
Уруғ сепувчи ҳақидаги масалнинг маъноси
18Уруғ сепувчи ҳақидаги масалнинг маъносини англаб олинглар. 19Осмон Шоҳлиги тўғрисидаги каломни эшитган, аммо тушуниб олмаган одамга ёвуз шайтон келиб, унинг юрагига экилган каломни ўғирлаб кетади. Сўқмоқ йўл устига тушган уруғлар ана шуларга ишорадир. 20Тошлоқ ерга сепилган уруғлар эса шундай одамларни билдиради: улар каломни эшитганда, уни дарров севинч билан қабул қиладилар. 21Лекин уларнинг илдизи бўлмагани учун узоқ вақтга чидамайдилар. Калом туфайли қийинчилик ёки қувғинга дучор бўлишса, дарров чекинадилар. 22Тиканлар орасига сепилган уруғлар шундай одамларни билдирадики, улар Худонинг каломини эшитадилар, лекин дунёнинг ташвишлари ва бойликка ўчлик каломни бўғиб қўяди, калом эса самарасиз қолади. 23Яхши тупроққа сепилган уруғлар эса шундай одамларни билдиради: улар каломни эшитиб, унинг маъносини тушуниб оладилар. Уларнинг баъзилари юз баробар, баъзилари олтмиш баробар ва баъзилари ўттиз баробар мўл ҳосил берадилар.”
Бегона ўт ҳақида масал
24Исо уларга бошқа бир масал айтиб берди: “Осмон Шоҳлигини ўз даласига яхши уруғ сепган бир одамнинг вазиятига ўхшатса бўлади. 25Ҳамма ухлаб ётганда, душман келиб, буғдойзорга бегона ўт уруғини сепиб кетибди. 26Буғдой ўсиб, бошоқлай бошлаганда, бегона ўтлар ҳам ўсиб чиқибди. 27Хизматкорлар келиб, хўжайинига айтибдилар:
— Хўжайин, далангизга яхши уруғ эккан эдингиз–ку! Манави бегона ўтлар қаёқдан пайдо бўлди экан?
28— Бу душманнинг иши, — деб жавоб берибди хўжайин. Хизматкорлар хўжайинга:
— Истасангиз, биз бориб ўша ўтларни юлиб ташлаймиз.
29— Йўқ, — дебди у, — сизлар бегона ўтларни юлаётганларингизда, буғдойни ҳам қўшиб юлиб олишингиз мумкин. 30Майли, ўрим–йиғим пайтигача буғдой билан бирга бегона ўтлар ҳам ўсаверсин. Пайти келганда ўроқчиларга: “Аввал бегона ўтларни йиғиштириб, боғланглар–да, ёқиб юборинглар, кейин буғдойни йиғиштириб, омборхонамга жойланглар”, дейман.”
Хантал уруғи ҳақида масал
31Исо уларга яна бошқа бир масални айтиб берди: “Осмон Шоҳлиги бир одам ўз боғига сепган хантал уруғига#13:31 хантал уруғи — ўша замонда одамлар хантал уруғини энг майда уруғ деб билишарди. ўхшайди. 32Хантал уруғларнинг энг майдаси бўлса–да, ўсиб чиққанда, ҳамма кўкатлардан баланд бўлади. У шундай дарахт бўладики, қушлар унинг шохларига уя қуради.”
Хамиртуруш ҳақида масал
33Исо уларга бошқа бир масални ҳам айтиб берди: “Осмон Шоҳлиги хамиртурушга ўхшайди. Аёл бир бўлак хамиртурушни бир тоғора#13:33 бир тоғора — юнонча матнда уч сатон, тахминан 22 килога тўғри келади. унга қорса ҳам, ҳамма хамир ошади.”
34Исо буларнинг ҳаммасини оломонга масаллар билан гапирди. Уларга ҳеч нарса тўғрисида масалсиз гапирмасди. 35Шундай қилиб, пайғамбарнинг қуйидаги сўзлари бажо бўлди:
“Оғзимни масалга очаман,
Дунё яратилгандан бери сир сақланганларни
Сизга эълон қиламан.”#13:35 Забур 77:2 га қаранг.
Бегона ўт ҳақидаги масалнинг маъноси
36Шундан кейин Исо оломон олдидан кетиб, уйга кирди. Шогирдлари Исонинг олдига келиб:
— Бегона ўтлар ҳақидаги масални бизга тушунтириб беринг, — дедилар. 37Исо шундай жавоб берди: “Яхши уруғ сепувчи Инсон Ўғлидир. 38Дала оламдир, яхши уруғлар — Осмон Шоҳлигининг одамлари, бегона ўтлар эса ёвуз шайтоннинг одамларидир. 39Бегона ўтларни сепган душман — иблис, ўрим–йиғим — охирзамон, ўроқчилар эса фаришталардир. 40Бегона ўтларни йиғиштириб, оловда ёқишгандай, охирзамонда ҳам худди шундай воқеа юз беради. 41Инсон Ўғли Ўз фаришталарини юборади. Фаришталар Унинг Шоҳлигидан гуноҳга ундаган ҳаммани ва барча бадкирдорларни йиғиб оладилар. 42Уларни ловуллаб турган ўчоққа ташлайдилар. Бадкирдорлар у ерда қаттиқ пушаймон бўлиб, фиғон чекадилар. 43Шунда солиҳлар ўз Оталарининг Шоҳлигида қуёш каби порлайдилар. Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, эшитсин!
Яширилган хазина ҳақида масал
44Осмон Шоҳлиги далада яширилган хазинага ўхшайди. Бир одам уни топиб олибди. Уни яна яшириб, хурсанд бўлганидан бор–йўғини сотиб, у далани харид қилибди.
Қимматбаҳо марварид ҳақида масал
45Осмон Шоҳлиги нодир марварид излаётган бир савдогарга ўхшайди. 46Савдогар қимматбаҳо марваридни топганда, бор–йўғини сотиб, марваридни харид қилибди.
Тўр ҳақида масал
47Осмон Шоҳлиги балиқчилар денгизга ташлаган тўрга ўхшайди. Тўрга турли хил балиқлар тутилибди. 48Тўр тўлгач, балиқчилар уни қирғоққа тортиб чиқаришибди ва ўтириб, яхши балиқларни саватларга солишибди, ёмонларини эса ташлаб юборишибди. 49Охирзамонда ҳам худди шундай бўлади: фаришталар келиб, фосиқларни солиҳлар орасидан ажратиб олиб, 50ловуллаган ўчоққа ташлайдилар. Ўчоққа тушганлар қаттиқ пушаймон бўлиб, фиғон чекадилар.”
51Исо шогирдларидан сўради:
— Буларнинг ҳаммасини тушундингизларми?
— Тушундик, — деб жавоб берди улар. 52Исо уларга деди:
— Шундай экан, Осмон Шоҳлигига шогирд тушган ҳар бир Таврот тафсирчиси омборидан ҳам янги, ҳам эски нарсаларни олиб чиқаётган уй эгасига ўхшайди.
Исо Ўз юртида рад этилади
53Исо бу масалларни айтиб бўлгач, у ердан кетди. 54У она шаҳрига#13:54 она шаҳри — яъни Носира. келиб, синагогада одамларга таълим берди. Одамлар эса ҳайратга тушиб дедилар:
— Бу Одам шунча доноликни ва мўъжиза кўрсатиш қудратини қаердан олган экан–а? 55Бу ўша дурадгорнинг ўғли эмасми?! Онасининг исми Марям, укалари Ёқуб, Юсуф, Шимўн ва Яҳудо–ку! 56Унинг сингиллари ҳам орамизда яшайди! Бундай буюк ишларни У қандай қилар экан–а?
57Одамлар Исодан қаттиқ хафа бўлдилар. Исо эса уларга деди:
— Пайғамбар она шаҳридан ва ўз уйидан бошқа ҳамма ерда иззатланади.
58Одамларнинг ишончсизлиги туфайли, Исо у ерда ҳеч қандай мўъжиза кўрсатмади.
Currently Selected:
Матто 13: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy
Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020