Матто 12
12
12–БОБ
Шаббат кунига риоя қилиш ҳақида
1Орадан кўп ўтмай Исо Шаббат куни буғдойзордан ўтиб бораётган эди. Оч қолган шогирдлари бошоқлардан узиб, донларини еярдилар#12:1 …шогирдлари…донларини еярдилар — Таврот қонунларига кўра, оч қолган одам бировнинг даласидан бошоқларни узиб, донини ейиши мумкин эди (Қонунлар 23:24-25 га қаранг).. 2Фарзийлар буни кўриб, Исога:
— Қара, шогирдларинг Шаббат куни қонунга хилоф иш#12:2 Шаббат куни қонунга хилоф иш — фарзийлар Тавротдаги қонунни (Чиқиш 34:21 га қаранг) ўзларича жиддий шарҳлаб, ҳатто инсон ҳаётига оид икир–чикирларни ҳам қонун даражасига кўтарганлар. Шунинг учун улар Исонинг шогирдлари қилган ишни Шаббат кунига хилоф иш деб ҳисоблаганлар. қиляптилар! — дейишди.
3Исо уларга деди:
— Довуд ҳамроҳлари билан оч қолганда нималар қилганини#12:3 Довуд ҳамроҳлари билан оч қолганда нималар қилгани — 1 Шоҳлар 21:1-6 га қаранг. наҳотки сизлар ҳеч ўқимаган бўлсангизлар?! 4У Худонинг уйига кириб, муқаддас нонларни#12:4 муқаддас нонлар — Левилар 24:5-9 га қаранг. Яна луғатдаги МУҚАДДАС НОН иборасига қаранг. еган. Қонунга мувофиқ эса бундай нонларни фақат руҳонийлар ейишга ҳақли эдилар. Довудга ва унинг ҳамроҳларига бундай нонларни ейиш тақиқланган эди! 5Ёки Шаббат кунида Маъбаддаги руҳонийлар Шаббат қонунини бузсалар ҳам, айбдор бўлмасликларини Тавротда ўқимаганмисизлар?#12:5 …руҳонийлар Шаббат қонунини бузсалар ҳам, айбдор бўлмасликларини Тавротда ўқимаганмисизлар? — Таврот бўйича, Шаббат куни руҳонийлар баъзи бир бурчларини бажариши мумкин эди (Левилар 24:8, Саҳрода 28:9-10 га қаранг). 6Сизларга шуни айтай: бу ерда Маъбаддан ҳам улуғ бир Зот турибди. 7Агар сизлар: “Мен қурбонликни эмас, раҳм–шафқатни истайман”#12:7 Хўшея 6:6 га қаранг. деган сўзларнинг маъносини тушунганингизда эди, айбсиз одамларни ҳукм қилмаган бўлар эдингизлар. 8Зотан, Инсон Ўғли Шаббат кунининг ҳам Ҳокимидир.
9Исо у ердан кетиб, синагогага борди. 10У ерда қўли шол бир одам бор эди. Исони айбламоқчи бўлган баъзи одамлар Унга шундай савол бердилар:
— Қонунга кўра, Шаббат куни хасталарга шифо бериш мумкинми?
11Исо уларга шундай жавоб берди:
— Агар бир дона қўйингиз бўлса–ю, ўша қўйингиз Шаббат куни чуқурга тушиб кетса, уни чиқариб олмасмидингиз?! 12Одам эса қўйдан анча қадрлироқ–ку! Шунга кўра, Шаббат куни яхшилик қилиш қонунга мувофиқдир.
13Қўли шол одамга Исо:
— Қўлингни узат! — деди. У қўлини узатиши биланоқ, қўли нариги қўлидай соппа–соғ бўлиб қолди. 14Фарзийлар эса ташқарига чиқиб, Исони ҳалок қилиш учун тил бириктиришди.
Исо — Эгамиз танлаган Қул
Исо фарзийларнинг бу ниятини билиб, у ердан кетди. 15Бир талай оломон Исога эргашди. У хасталарнинг ҳаммасига шифо бериб, 16“Менинг кимлигимни айтманглар!” деб уларга буюрарди. 17Шу тариқа Ишаё пайғамбарнинг айтган қуйидаги сўзлари бажо бўлди:
18“Мана Менинг Қулим,
Ўзим Уни танлаб олганман.
У кўнглимни мамнун этган Суюклигимдир.
Мен Унга Ўз Руҳимни бераман,
У адолатни элатларга эълон қилади.
19Жанжаллашмайди, бақирмайди,
Кўчаларда ҳеч ким Унинг овозини эшитмайди.
20У эзилган қамишни синдирмайди,
Тутаётган пиликни ўчирмайди,
Қатъият билан адолат ўрнатади.
21Элатлар Унинг исмига умид боғлайди.”#12:18-21 Ишаё 42:1-4 га қаранг. Муаллиф шу бобнинг 21–оятида Ишаё 42:4 нинг қадимий юнонча таржимасидан фойдаланган.
Исо ва шайтон
22Шундан кейин Исонинг олдига жин чалган бир одамни олиб келишди. У ҳам кўр, ҳам соқов эди. Исо унга шифо бергач, у гапирадиган ва кўрадиган бўлди. 23Бутун халқ ҳайратда қолиб: “Бу Довуднинг Ўғли#12:23 Довуднинг Ўғли — 9:27 изоҳига қаранг. эмасмикан?!” дерди. 24Бу воқеани эшитган фарзийлар эса шундай дедилар: “У инс–жинслар ҳукмдори Баалзабулнинг#12:24 инс–жинслар ҳукмдори Баалзабул — 9:34 изоҳига қаранг. кучи билан жинларни қувиб чиқаряпти.”
25Исо уларнинг нима ҳақида ўйлаётганини билиб турарди. У шундай деди: “Низо туфайли ўз ичидан бўлиниб кетган ҳар бир шоҳлик хароб бўлади, низо туфайли бўлинган шаҳар ҳам, хонадон ҳам барбод бўлади. 26Агар шайтон шайтонни қувиб чиқарса, унинг шоҳлиги ўзаро бўлинган бўлади. Бундай шоҳлик қандай тура олади?! 27Агар Мен жинларни Баалзабулнинг кучи билан қувиб чиқараётган бўлсам, у ҳолда ўз шерикларингиз кимнинг кучи билан жинларни қувиб чиқаришяпти? Шу сабабдан ҳам улар сизларни ҳукм қилади. 28Агар Мен жинларни Худонинг Руҳи билан қуваётган бўлсам, демак, Унинг Шоҳлиги сизларга ҳам келган.
29Ким кучли одамнинг уйига бостириб кириб, унинг мол–мулкини талон–тарож қила олади? Аввал у уйнинг эгасини боғлаб қўйиши керак, кейингина уйини талон–тарож қила олади. 30Ким Мен томонда бўлмаса, Менга қаршидир. Ким Мен билан бирга йиғмаса, сочади.
31Шунинг учун сизларга айтаман: инсонларнинг ҳар қандай гуноҳи ва куфрлиги кечирилади. Лекин Муқаддас Руҳга куфрлик қилганлар#12:31 Муқаддас Руҳга куфрлик қилганлар — Худога ишонишдан бош тортиб, Муқаддас Руҳнинг ишига қаршилик кўрсатаётган инсонларга ишора қилади. кечирилмайди. 32Ким Инсон Ўғлига қарши сўз айтса, кечирилади. Лекин ким Муқаддас Руҳга қарши сўз айтса, икки дунёда ҳам кечирилмайди.
33Яхши дарахт яхши мева беради, ёмон дарахт эса ёмон мева беради. Ҳар бир дарахтнинг қандайлигини мевасидан билса бўлади. 34Вой илонлар зоти! Сизлар ёвуз бўла туриб, яхши нарса гапира олармидингиз?! Ахир, одамнинг дили нимага тўлиб–тошса, ўша тилига чиқади! 35Яхши одам юрагининг эзгулик хазинасидан яхшилик чиқаради, ёмон одам юрагининг ёмонлик хазинасидан ёмонлик чиқаради. 36Яна шуни айтиб қўяй: сизлар айтадиган ҳар бир бемаъни сўзингиз учун қиёмат кунида ҳисоб берасизлар. 37Сизлар ўз сўзларингиз асосида ё оқланасизлар, ёки айбланасизлар.”
Юнус пайғамбарнинг аломати
38Шунда Таврот тафсирчилари ва фарзийлардан баъзилари Исога: “Устоз, бизга бир аломат кўрсатишингизни хоҳлар эдик”, дедилар.
39Исо уларга жавобан деди: “Бу қабиҳ ва бевафо насл аломат сўраяпти, аммо уларга Юнус пайғамбарнинг аломатидан#12:39 Юнус пайғамбарнинг аломати — Юнусни наҳанг балиқ ютиб юборгандан кейин, Худо уни наҳанг балиқнинг қорнидан халос этганди (Юнус 2:1, 11 га қаранг). Исо Юнуснинг ҳаётидаги бу воқеани тилга олиб, Ўзининг ўлими ва тирилишига ишора қилмоқда (шу бобнинг 40–оятига қаранг). бошқа аломат берилмайди. 40Юнус уч кечаю кундуз наҳанг балиқнинг қорнида бўлганидай, Инсон Ўғли ҳам уч кечаю кундуз ер бағрида бўлади. 41Найнаво#12:41 Найнаво — Юнус даврида Оссурия шоҳлигининг пойтахти эди. Бу шаҳар Ниневия номи билан ҳам маълум. аҳолиси қиёмат кунида ўрнидан туриб, бу наслни маҳкум этади. Чунки Найнаволиклар Юнуснинг ваъзидан кейин тавба қилганлар. Бу ерда эса Юнусдан ҳам буюкроқ бир Зот турибди! 42Жануб маликаси#12:42 Жануб маликаси — Шава маликаси назарда тутилган (3 Шоҳлар 10:1-10 га қаранг). қиёмат кунида ўрнидан туриб, бу наслнинг одамларини маҳкум этади. Чунки Сулаймоннинг доно таълимотини тинглагани малика дунёнинг у четидан келган эди. Бу ерда эса Сулаймондан ҳам буюкроқ бир Зот турибди!
43Ёвуз руҳ инсондан чиққандан кейин, ҳузур–ҳаловат излаб, сувсиз ерларни кезади, лекин топмайди. 44Сўнг: «Чиққан уйимга қайтиб бораман», дейди. Уйига келганда, уйни кимсасиз, супурилган ва йиғиштирилган ҳолда кўради. 45Шунда бориб, ўзидан ҳам ёвузроқ бошқа етти руҳни эргаштириб келади ва улар билан уйга кириб, жойлашиб олади. Охир–оқибат ўша одамнинг аҳволи олдингидан ҳам баттар бўлади. Бу ёвуз насл ҳам худди ўша кўйга тушади.”
Исонинг онаси ва укалари
46Исо оломонга гапираётганда, онаси билан укалари Уни ташқарида кутиб турган эдилар. Улар Исо билан гаплашмоқчи эдилар. 47Кимдир Исога деди:
— Онангиз билан укаларингиз ташқарида туришибди, улар Сиз билан гаплашмоқчи.
48Исо эса бу гапларни айтган одамга шундай жавоб берди:
— Менинг онам ким? Укаларим ким?
49Сўнг қўли билан шогирдларини кўрсатиб, деди:
— Мана, Менинг онам ва укаларим! 50Осмондаги Отамнинг иродасини бажо келтирганлар Менинг укам, синглим ва онам бўлади.
Currently Selected:
Матто 12: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy
Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020