Луқо Кириш
Кириш
Мазкур китоб Янги Аҳд таркибидаги тўртта Хушхабарнинг учинчисидир. Бу китоб муаллифи Луқодир. У ҳаворий Павлуснинг содиқ дўсти бўлиб, кўп сафарларда унга ҳамроҳлик қилган яқин ҳамкори эди. Хушхабарлар орасида Луқо баён этган Хушхабар энг узуни бўлиб, Исонинг ҳаёти ва фаолиятини бошидан охиригача батафсил баён этади. Луқо Исони нафақат Исроилнинг, балки бутун дунёнинг Нажоткори қилиб тасвирлайди. Исо ҳақидаги Хушхабар барча миллат ва халқларга қаратилганини кўрсатади.
Мазкур Хушхабар таркибига бошқа Хушхабарларда бўлмаган кўплаб масал ва ҳикоялар киритилган. Булар қуйидагилардир: фаришталарнинг ҳамду сано қўшиғи, чақалоқ Исони чўпонлар зиёрат қилиши, ўсмир Исо Маъбадда, раҳмдил Самариялик ҳақида масал ва дарбадар ўғил.
Бу Хушхабар бошқаларидан бир неча жиҳати билан ажралиб туради. Китобда одамларнинг қийинчиликлари ва муҳтожликларига катта эътибор қаратилган. Муаллифнинг баён қилишича, Муқаддас Руҳ Исони қамраб олиб, Уни йўқсилларга Хушхабар етказишга чорлаган (4:18). Китобда ибодатга ҳам алоҳида урғу берилади, айниқса Исо маълум вазиятларда ибодат қилгани айтиб ўтилади. Шунингдек, муаллиф аёлларнинг жамиятдаги тутган ўрни, камбағалларга жонкуярлик, гуноҳкорларга иноятли бўлиш ва Муқаддас Руҳ ҳақидаги мавзуларни кенг ёритади.
Китобни ўқир экансиз, қувонч ҳисси қалбингизни яйратади, айниқса дастлабки бобларда Исонинг туғилиши тўғрисидаги хабар ва рўй берган ҳодисалар дилингизни шодон ҳайратга тўлдиради, китобнинг сўнгги бобларида ҳикоя қилинган Исонинг осмонга кўтарилиб кетиши ҳақидаги воқеа эса қалбга умид бахш этади.
Currently Selected:
Луқо Кириш: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020