YouVersion Logo
Search Icon

Марк 16

16
16–БОБ
Исо тирилади
1Шаббат куни тугагач#16:1 Шаббат куни тугагач… — шанба куни қуёш ботгандан кейинги вақтга ишора. Яҳудийларнинг урф–одатига кўра, янги кун қуёш ботгандан кейин бошланар эди., Магдалалик#16:1 Магдала — Жалила кўлининг ғарбий қирғоғидаги қишлоқ. Марям, Ёқубнинг онаси Марям ва Саломия Исонинг жасадига суртиш учун хушбўй мойлар сотиб олдилар#16:1 …Исонинг жасадига суртиш учун хушбўй мойлар сотиб олдилар — 14:8 изоҳига қаранг.. 2Якшанба куни жуда барвақт туриб, тонг ёришганда қабрга бордилар. 3Улар бир–бирига:
— Қабр оғзидаги тошни биз учун ким ағдариб берар экан–а? — деб айтишарди.
4Қабрга етиб келганларида қарашса, тош аллақачон ағдарилган экан. Тош жуда катта эди. 5Улар қабр ичига кириб, ўнг томонда ўтирган оқ либосли бир йигитни кўрдилар–у, чўчиб кетдилар.
6Йигит уларга:
— Қўрқманглар! — деди. — Сизлар хочга михланган Носиралик Исони излаяпсизлар. Исо тирилди! У бу ерда йўқ. Мана Унинг қўйилган жойи! 7Энди бориб, Унинг шогирдлари ва Бутрусга: “Исо сизларни Жалилада кутяпти. Ўзи сизларга айтганидек#16:7 Ўзи сизларга айтганидек… — 14:28 га қаранг., Уни ўша ерда кўрасизлар”, деб айтинглар.
8Даҳшатга тушиб, қалтираган аёллар қабрдан чиқиб, қочдилар. Улар қўрққанларидан ҳеч кимга бирон нарса айтмадилар#16:8 Марк китобининг энг қадимги юнон қўлёзмалари ва таржималари шу бобнинг 9-20–оятларини ўз ичига олмаган..
Исо Магдалалик Марямга зоҳир бўлади
9Якшанба куни эрта саҳарда тирилган Исо биринчи бўлиб Магдалалик Марямга зоҳир бўлди. Бу аёлдан У еттита жинни қувиб чиқарган эди. 10Марям бориб, Исонинг аза тутиб йиғлаётган шогирдларига хабар етказди. 11Бироқ улар Исонинг тирик эканлигини ва Марям Уни кўрганлигини эшитсалар ҳам, ишонмадилар.
Исо шогирдларига зоҳир бўлади
12Шундан кейин Исо йўлда бир қишлоқ томон кетаётган иккита шогирдига бошқачароқ қиёфада кўринди. 13Улар эса қайтиб келиб, бошқаларга хабар етказишди, лекин уларга ҳам ишонмадилар.
14Ниҳоят, Исо Ўзининг еб–ичиб ўтирган ўн бир шогирдига зоҳир бўлди. Исо шогирдларини имонлари заифлиги ва қайсарлиги учун койиди, чунки улар Исони тирилган ҳолда кўрган одамларга ишонмаган эдилар.
15Исо шогирдларига деди:
— Бутун жаҳон бўйлаб юринглар ва ҳамма тирик жонга Хушхабарни эълон қилинглар. 16Кимки Хушхабарга ишониб, сувга чўмдирилса, нажот топади. Ишонмаган эса маҳкум бўлади. 17Қуйидаги аломатлар имонлиларга ҳамроҳ бўлади: Менинг номим билан жинларни қувиб чиқарадилар. Янги тилларда сўзлайдилар. 18Қўлларига илон олсалар ҳам, заҳар ичсалар ҳам, уларга зарар етмайди. Хасталарга қўлларини қўйганда, улар соғайиб кетади.
Исо осмонга кўтарилади
19Раббимиз Исо шогирдларига буларни айтиб бўлгач, осмонга кўтарилди. У Худонинг ўнг томонига ўтирди#16:19 У Худонинг ўнг томонига ўтирди — 14:62 нинг биринчи изоҳига қаранг.. 20Шогирдлар эса кетиб, ҳамма ёқда Хушхабарни ваъз қилиб юрдилар. Раббимиз шогирдларига куч ато қилиб, аломатлар орқали уларнинг сўзларини тасдиқлар эди#16:20 Юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида қуйидаги сўз оятга қўшимча қилинган: омин..

Currently Selected:

Марк 16: ЎзбМК

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in