Луқо 21
21
21–БОБ
Бева аёлнинг хайр–эҳсони
1Исо Маъбаднинг эҳсон қутисига назар солар экан, эҳсон ташлаб турган бой одамларни кўрди. 2Шунингдек, икки чақа#21:2 икки чақа — юнонча матнда икки лептон, ўша даврда ишлатилган қиймати энг паст танга. ташлаган бир камбағал бева аёлни ҳам кўрди. 3Шунда Исо деди:
— Сизларга чинини айтайин, бу камбағал бева ҳаммадан кўпроқ эҳсон берди. 4Чунки бойларнинг ҳаммаси ўзларининг ортиқча пулларидан эҳсон қилдилар. Аммо бу аёл камбағаллигига қарамасдан, ўзининг бор–йўғини ташлади.
Исо Маъбаднинг вайрон бўлиши тўғрисида башорат қилади
5Шогирдлардан баъзилари Маъбадни томоша қилиб, унинг гўзал тошлар ва Худога назр қилинган инъомлар билан безатилгани тўғрисида гаплашаётган эдилар. Исо эса деди:
6— Шундай кунлар келадики, сиз кўриб турганларнинг ҳаммаси вайрон бўлади#21:6 …сиз кўриб турганларнинг ҳаммаси вайрон бўлади — милодий 70 йилда Тит бошчилигида Рим қўшини Қуддусни ва у ердаги Маъбадни бутунлай вайрон қилган.. Бу ерда тош устида турган биронта тош қолмайди.
7Улар Исодан сўрадилар:
— Устоз, бу ҳодисалар қачон юз беради? Тез орада юз беришини нимадан билсак бўлади?
8Исо деди:
— Эҳтиёт бўлинглар, йўлдан озманглар, чунки кўп кишилар ўзларини Менинг номим билан атаб: “Мен Ўшаман”, “Вақт яқин”, — деб айтади. Уларга эргашманглар. 9Сизлар уруш ва исёнлар тўғрисида хабарларни эшитганингизда, ваҳимага тушманглар, чунки бу ҳодисалар биринчи бўлиб содир бўлиши керак. Аммо бу ҳали сўнгги ниҳоя эмас.
10Кейин Исо уларга деди: “Халқ халққа қарши, шоҳлик шоҳликка қарши кўтарилади. 11Айрим жойларда шиддатли зилзилалар, қаҳатчиликлар, ўлатлар бўлади. Осмонда ваҳимали ҳодисалар, буюк аломатлар юз беради.
12Лекин буларнинг ҳаммасидан олдин сизларни ҳибсга оладилар, қувғин қиладилар, синагогаларга топшириб, қамоқларга ташлайдилар. Менинг номим туфайли сизларни шоҳлар ва ҳокимлар олдига олиб борадилар. 13Булар Хушхабарни айтишингиз учун имконият бўлади. 14Ўзимизни қандай ҳимоя қиламиз, деб олдиндан қайғурмасликка қарор қилинглар. 15Мен Ўзим сизларга сўз, донолик ато қиламанки, рақибларингиздан биронтаси айтганларингизни рад қила олмайдилар ёки эътироз билдира олмайдилар. 16Сизларни ҳатто ота–онангиз, ака–укаларингиз, қариндош–уруғларингиз, дўстларингиз тутиб беришади. Улар баъзиларингизни ўлдиришади. 17Менинг номим туфайли ҳамма сизлардан нафратланади. 18Бироқ бошингиздан бир тола соч ҳам тушмайди. 19Қатъиятли бўлинглар, шунда ҳаётга эришасиз.
Қуддуснинг вайрон бўлиши ҳақида башорат
20Қуддусни душман лашкарлари ўраб олганини кўрганингизда, билингки, шаҳар яқин орада вайрон қилинади. 21Шунда Яҳудияда бўлганлар тоғларга қочсин, шаҳарнинг ичида бўлганлар ташқарига чиқсин, далаларда бўлганлар шаҳарга кирмасин. 22Чунки Худонинг қасос оладиган кунлари келди. Ўша кунларда ҳамма башоратлар амалга ошади. 23У кунларда ҳомиладор ва эмизикли аёлларнинг ҳолига вой! Чунки ер юзини катта мусибат чулғаб олади, бу халқнинг бошига Худонинг ғазаби ёғилади. 24Баъзилари қиличдан ўтказилади, бошқалари барча юртларга асир қилиб олиб кетилади. Ғайрияҳудийларнинг давру даврони тугамагунча, улар Қуддусни оёқ ости қиладилар.
Инсон Ўғлининг келиши ҳақида
25Қуёш, ой ва юлдузларда аломатлар пайдо бўлади. Денгизлар ва тўлқинлар шовқинидан халқлар саросимага тушиб, изтироб чекади. 26Одамлар дунёга келадиган фалокатларни кўриб, қўрқувдан ҳушидан кетадилар. Чунки ўшанда самовий кучлар ларзага келади. 27Шунда ҳамма одам Инсон Ўғлини кўради. Инсон Ўғли қудратга ва буюк улуғворликка бурканиб, булутларда келади#21:27 Инсон Ўғли…булутларда келади — Дониёр 7:13-14 га қаранг..
28Бу ҳодисалар юз бера бошлаганда, туриб, бошингизни баланд кўтаринг. Чунки қутқариладиган вақтингиз яқинлашмоқда.”
Ҳушёр бўлиш ҳақида
29Исо шогирдларига бир масални айтиб берди: “Анжир дарахтига ва бошқа ҳамма дарахтларга қаранглар. 30Дарахтлар барг ёзаётганини кўрганингизда, ёз яқинлашиб қолганини биласиз. 31Шу сингари, мана бу воқеалар содир бўлганда, билингки, Худонинг Шоҳлиги яқин. 32Сизларга чинини айтайин, бу насл ўтмасданоқ, буларнинг ҳаммаси содир бўлади. 33Еру осмон йўқ бўлиб кетади, аммо Менинг сўзларим кучда қолади.
34Ҳушёр бўлинглар! Кайфу сафога, бу ҳаётнинг ташвишларига берилиб кетманглар. Тағин ўша кун келиб қолганда сизлар тўсатдан тўрга тушган одамларга ўхшаб қолманглар! 35Чунки у кун бутун ер юзида яшовчиларнинг бошига тушади. 36Доим ҳушёр бўлинглар. Юз берадиган бу ҳамма мусибатлардан қутула олишингиз ва Инсон Ўғли олдида муносиб тура олишингиз учун доимо ибодатда бўлинглар.”
37Ҳар куни Исо Маъбадда таълим берарди, кечалари эса шаҳардан чиқиб, тунни Зайтун тоғида#21:37 Зайтун тоғи — 19:29 изоҳига қаранг. ўтказар эди. 38Халқ саҳардан Исони тинглагани Маъбадга келарди.
Currently Selected:
Луқо 21: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy
Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020