YouVersion Logo
Search Icon

Луқо 15

15
15–БОБ
Адашган қўй ва йўқолган танга ҳақида масал
1Ҳамма солиқчилар#15:1 солиқчилар — 3:12 изоҳига қаранг. ва гуноҳкорлар Исонинг таълимотини тинглаш учун келар эдилар. 2Фарзийлар билан Таврот тафсирчилари: “Ана, У гуноҳкорларни қабул қилиб, улар билан бирга еб–ичяпти”, деб минғирлаб норози бўлдилар. 3Исо эса уларга қуйидаги масални айтиб берди: 4“Сизларнинг орангизда кимнингдир юзта қўйи бўлса–ю, биттаси адашиб қолса, тўқсон тўққизтасини яйловда қолдириб, адашган қўйни топмагунча қидирмайдими? 5Ўша қўйини топганда, хурсанд бўлиб елкасига кўтариб олади. 6У уйига келиб, дўстларини, қўшниларини чақиради ва уларга:
— Мен йўқолган қўйимни топдим! Хурсандчилигимга шерик бўлинглар, — деб айтади.
7Сизларга айтаманки, худди шу сингари, тавбага ҳожат сезмаган тўқсон тўққизта солиҳ одамдан кўра, тавба қилган битта гуноҳкор учун самода кўпроқ шодлик бўлади.
8Ёки қайси бир аёлнинг ўнта кумуш тангаси#15:8 кумуш танга — юнонча матнда драхма. Драхма юнон тангаси эди. Қиймати Римдаги бир динор қийматига тенг келар эди. Бир динор мардикорнинг бир кунлик иш ҳақи эди. бўлса–да, биттасини йўқотиб қўйса, у чироқ ёқиб тангани топмагунча уйини супуриб–сидириб синчиклаб қидирмайдими?! 9Тангани топгач, дугоналарини ва қўшниларини чақириб:
— Мен йўқолган тангамни топдим! Хурсандчилигимга шерик бўлинглар, — дейди.
10Сизларга айтаманки, худди шу сингари, тавба қилган битта гуноҳкор учун Худонинг фаришталари ҳузурида шодлик бўлади.”
Дарбадар ўғил ҳақида масал
11Исо яна деди: “Бир одамнинг икки ўғли бор экан. 12Уларнинг кичиги отасига:
— Ота, мол–мулкингиздан менга тегишли қисмини беринг, — дебди.
Отаси мол–мулкини икки ўғлига бўлиб берибди.
13Орадан кўп ўтмай, кичик ўғил бор нарсасини йиғиштириб, узоқ бир мамлакатга кетибди. У ерда шалоқ яшаб, мол–дунёсини кўкка совурибди. 14Борини исроф қилгандан кейин, ўша мамлакатда оғир қаҳатчилик бошланибди. Йигит ҳам муҳтожликда қолибди. 15У бориб, ўша мамлакат фуқароларидан бирига ёлланибди. У одам эса йигитни ўз даласидаги чўчқаларни#15:15 чўчқалар — яҳудийлар чўчқаларни ҳаром деб билганлари учун, чўчқа боқиш энг шармандали иш ҳисобланарди (Қонунлар 14:8 га қаранг). боқишга юборибди. 16Йигит чўчқалар ейдиган қўзоқлар билан қорнини тўйдиришга ҳам зор бўлибди, лекин унга шуни ҳам раво кўришмас экан.
17Ниҳоят йигит ақлини йиғиб олиб, ўзига ўзи дебди:
— Отамнинг қанчадан–қанча ёлланма ишчиларининг нони ошиб–тошиб ётибди, мен эса бу ерда очликдан ўляпман. 18Энди отамнинг олдига бориб, унга шундай деб айтаман: “Ота, мен Худога ва сизга қарши гуноҳ қилдим. 19Энди сизнинг ўғлингиз деб аталишга лойиқ эмасман. Мени ёлланма ишчиларингиз қаторига қабул қилинг.”
20Йигит отаси олдига равона бўлибди. Йигит ҳали узоқда келар экан, отаси уни кўриб, ўғлига раҳми келибди. У югуриб бориб, ўғлини қучоқлаб, ўпибди.
21Кейин ўғли отасига айтибди:
— Ота, мен Худога ва сизга қарши гуноҳ қилдим. Энди сизнинг ўғлингиз деб аталишга лойиқ эмасман.
22Отаси эса хизматкорларига буюрибди:
— Тез бўлинглар, энг нафис тўн келтириб елкасига ёпинглар, қўлига узук тақинглар, оёқларига чориқ кийгизинглар. 23Бўрдоқи бузоқни олиб чиқиб, сўйинглар. Еб–ичайлик, хурсандчилик қилайлик. 24Чунки бу ўғлим мен учун ўлган эди, энди тирилди, йўқолган эди, энди топилди.
Шундай қилиб, хурсандчилик қила бошлабдилар. 25Катта ўғил шу пайтда далада экан. Қайтаётиб уйга яқинлашганда, қулоғига мусиқа ва ўйин–кулги садолари эшитилибди. 26Хизматкорлардан бирини чақириб:
— Нима гап? — деб сўрабди.
27— Укангиз қайтиб келдилар. Отангиз уни соғ–саломат кўргани учун бўрдоқи бузоқни сўйдилар, — деб жавоб берибди хизматкор.
28Шунда катта ўғилнинг жаҳли чиқибди, ичкарига киришдан бош тортибди. Отаси эса ташқарига чиқиб, ўғлига ўтиниб гапирибди. 29Аммо у отасига шундай жавоб берибди:
— Менга қаранг! Шунча йилдан бери сизга қулдай ишлаб келаман. Бирорта гапингизни ерда қолдирмадим. Лекин дўстларим билан хурсандчилик қилишим учун сиз менга битта улоқча ҳам бермадингиз. 30Аммо мол–мулкингизни фоҳишалар билан еб, йўқ қилган анави ўғлингиз қайтиб келганда, сиз бўрдоқи бузоқни сўйдирдингиз!
31Отаси унга шундай жавоб берибди:
— Ўғлим! Сен доимо мен билан биргасан. Менинг бор нарсам сеники. 32Бугун эса байрам қилиб, хурсанд бўлишимиз керак. Ахир, бу уканг биз учун ўлган эди, энди тирилди, йўқолган эди, энди топилди.”

Currently Selected:

Луқо 15: ЎзбМК

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in