YouVersion Logo
Search Icon

Юҳанно 11

11
11–БОБ
Лазарнинг ўлими
1Байтания қишлоғида#11:1 Байтания қишлоғи — Қуддус шаҳрининг шарқий девори бўйлаб ўтган Қидрон сойлигининг нариги томонида жойлашган эди. Лазар исмли бир одам касал бўлиб ётган эди. Марям ва унинг опаси Марта ҳам шу қишлоқда яшар эдилар. 2Кейинчалик Раббимиз Исога атир мой суртган ва Унинг оёқларини сочи билан артиб қуритган ўша Марям эди#11:2 …ўша Марям эди — 12:1-8 га қаранг.. Касал ётган Лазар эса Марямнинг акаси эди.
3Опа–сингил Исога:
— Ҳазрат, Сизнинг азиз дўстингиз касал, — деган хабар юборишди. 4Исо буни эшитиб, шундай деди:
— Бу касаллик ўлим билан якунланмайди, балки Худонинг улуғланишига ва шу орқали Худо Ўғлининг#11:4 Худо Ўғли — Исо Масиҳнинг унвони. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги ХУДОНИНГ ЎҒЛИ иборасига қаранг. улуғланишига сабаб бўлади.
5Исо Мартани, унинг синглисини ва Лазарни яхши кўрар эди. 6Аммо Лазарнинг хаста эканини билса ҳам, турган жойида яна икки кун қолди. 7Шундан сўнг У шогирдларига:
— Яҳудияга қайтиб борайлик, — деди.
8Шогирдлари эса шундай дедилар:
— Устоз, яқиндагина яҳудийлар Сизни тошбўрон қилмоқчи эдилар–ку! Энди яна у ерга бормоқчимисиз?
9Исо жавоб берди:
— Кундуз ўн икки соатдан иборат эмасми?! Ким кундузи юрса, қоқилмайди, чунки бу дунёнинг нурини кўради. 10Кечаси юрган эса қоқилади, чунки унинг ўзида нур йўқ.
11Бу сўзларини айтиб бўлиб, уларга яна деди:
— Дўстимиз Лазар ухлаб қолди. Мен уни уйғотгани кетяпман.
12— Ҳазрат, агар ухлаётган бўлса, тузалиб кетади, — деди шогирдлари.
13Исо Лазарнинг ўлимини назарда тутган эди. Шогирдлар эса Исо одатдаги уйқу тўғрисида гапирди, деб ўйладилар. 14Кейин Исо уларга очиғини айтди:
— Лазар вафот этди. 15Мен унинг ёнида бўлмаганимдан хурсандман, чунки бу вазият сизларнинг ишонишингизга имкон беради. Қани, энди унинг олдига борайлик.
16Шунда Тўма, яъни Дидимус#11:16 Тўма, яъни Дидимус — унинг орамийча исми Тўма, юнончаси Дидимус эди. Иккала тилда ҳам бу исмларнинг маъноси — эгизак. бошқа шогирдларга:
— Қани, юринглар, биз ҳам Исо билан ўламиз! — деди.
Исо — тириклик манбаи
17Исо у ерга етиб бориб билдики, Лазарнинг қабрга қўйилганига тўрт кун бўлган экан. 18Байтания қишлоғи Қуддусдан бор–йўғи уч чақиримча#11:18 уч чақиримча — юнонча матнда ўн беш стадион, тахминан 3 километрга тўғри келади. масофада жойлашган эди. 19Қуддусдаги кўп яҳудийлар Марта билан Марямнинг олдига акасининг вафоти муносабати ила тасалли бериш учун борган эдилар. 20Марта Исонинг келаётганини эшитиб, Уни кутиб олгани чиқди. Марям эса уйда қолди.
21— Ҳазрат! — деди Марта Исога. — Агар Сиз бу ерда бўлганингизда эди, акам ўлмаган бўларди. 22Аммо ҳозир ҳам биламан, Сиз Худодан нима сўрасангиз, Худо Сизга беради.
23— Сенинг аканг тирилади, — деди Исо.
24— Биламан, охиратда ўликлар тирилганда тирилади, — деди Марта. 25Исо унга деди:
— Мен тирилиш ва ҳаётдирман. Менга ишонган одам ўлса ҳам яшайди. 26Кимда–ким Менга ишониб яшаса, то абад ўлмайди. Бунга ишонасанми?
27— Ҳа, Ҳазрат, — деди Марта, — Сиз дунёга келадиган Масиҳ, Худонинг Ўғли эканингизга ишонаман.
28Марта шундай деди–ю, бориб синглиси Марямни чақирди. Унга секингина деди:
— Устоз шу ерда, У сени чақиряпти.
29Марям буни эшитгач, шошиб ўрнидан турди–да, Исонинг олдига кетди. 30Исо ҳали қишлоққа кирмаган, ҳануз Марта Уни кутиб олган жойда эди. 31Марям билан уйда бўлган ва унга тасалли бераётган одамлар унинг шошилиб ўрнидан туриб ташқарига чиққанини кўришди. Марям йиғи–сиғи қилгани қабрга кетяпти, деб ўйлаб, унинг орқасидан кетишди.
32Марям Исо турган ерга етиб келиб, Уни кўрди–ю, оёғига йиқилиб деди:
— Ҳазрат! Агар Сиз шу ерда бўлганингизда эди, менинг акам ўлмаган бўларди!
33Марям ҳам, у билан келганлар ҳам йиғлаётган эдилар. Исо буни кўриб, қаттиқ изтиробга тушди, кўнгли ўртаниб кетди.
34— Уни қаерга қўйдингизлар? — деб сўради.
— Юринг, Ҳазрат, кўрасиз! — дедилар.
35Исонинг кўзларидан дув–дув ёш оқди. 36Ўша ердаги одамлар:
— Қаранглар, уни қанчалик яхши кўрар экан! — дейишди. 37Улардан баъзилари эса шундай дейишди:
— У кўрнинг кўзларини очган. Лазарни ҳам ўлимдан олиб қолса бўлмасмиди?!
Исо Лазарни тирилтиради
38Исо тағин қаттиқ изтироб чекиб, қабр олдига келди. Қабр бир ғор бўлиб, оғзи тош билан ёпилган эди. 39Исо:
— Тошни олиб ташланглар! — деди. Марҳумнинг синглиси Марта Унга деди:
— Ҳазрат, жасад ҳидланиб қолган–ку! Ахир, қабрга қўйилганига тўрт кун бўлди!
40— Агар ишонсанг, Худонинг улуғворлигини кўрасан, деб сенга айтмаганмидим?! — деди Исо.
41Тошни олиб ташладилар. Исо эса осмонга кўз тикиб, деди:
— Эй Ота! Мени эшитганинг учун Сенга шукурлар айтаман. 42Сен Мени доимо эшитишингни биламан. Лекин бу сўзларни шу ерда турган халқ учун айтяпман, токи Мени Сен юборганингга улар ишонсин.
43Шундай деди–ю, баланд овоз билан хитоб қилди:
— Лазар, ташқарига чиқ!
44Шу пайт қўлу оёқлари кафанланган, юзи рўмол билан ўралган марҳум чиқиб келди.
— Кафанини ечинглар, уни қўйиб юборинглар, — деди Исо одамларга.
Исони ўлдириш режаси
45Марямни йўқлагани келган одамларнинг кўпчилиги Исонинг қилган ишини кўриб, Унга ишонишди. 46Аммо баъзилари фарзийларнинг олдига бориб, Исонинг қилганларини айтиб беришди.
47Шундан кейин бош руҳонийлар ва фарзийлар Олий кенгаш#11:47 Олий кенгаш — яҳудийларнинг сиёсий ва диний кенгаши. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги ОЛИЙ КЕНГАШ иборасига қаранг. чақириб, дейишди:
— Нима қиламиз? Бу Одам жуда кўп мўъжизали аломатлар кўрсатиб юрибди–ку! 48Буни давом этишига йўл қўйсак, ҳамма Унга ишониб кетади. Римликлар келиб, Маъбадимизни ҳам, халқимизни ҳам хонавайрон қиладилар.
49Улардан бири, ўша йили олий руҳоний бўлган Каяфас#11:49 Каяфас — 18:13 изоҳига қаранг. сўз олди:
— Сизлар ҳеч нарсани билмайсизлар! 50Бутун халқ ҳалок бўлгандан кўра, битта одамнинг халқ учун ўлиши ўзингиз учун яхшироқ–ку! Наҳотки буни тушунмасангизлар?!
51Бу сўзларни у ўзидан–ўзи айтмаган эди. Балки ўша йили олий руҳоний сифатида Исонинг халқ учун ўлишини башорат қилган эди. 52Исо нафақат яҳудий халқи учун, балки Худонинг тарқоқ бўлган ҳамма фарзандларини#11:52 Худонинг тарқоқ бўлган ҳамма фарзандлари — Исо Масиҳга имон келтирадиганларнинг ҳаммасига ишора (1:11-12 га қаранг). бирлаштириш учун ўлиши керак эди.
53Шундай қилиб, ўша кундан бошлаб, Исони ўлдиришга тил бириктирдилар. 54Исо эса энди яҳудийлар орасида очиқчасига юрмайдиган бўлди. У чўл яқинидаги Эфрайим шаҳрига#11:54 Эфрайим шаҳри — Ўфра номи билан ҳам машҳур бўлган, Қуддусдан қарийб 24 километр шимоли–шарқда жойлашган шаҳар назарда тутилган бўлса керак. бориб, Ўз шогирдлари билан ўша ерда қолди.
55Яҳудийларнинг Фисиҳ байрами яқинлашаётган эди. Мамлакатнинг ҳамма томонидан одамлар байрамдан олдин покланиш учун Қуддусга боришди. 56Шу вақтда Исони изладилар. Маъбадда йиғилиб турганлар ўзаро: “Нима деб ўйлайсизлар? У байрамга келадими?” деб сўрашди. 57Бош руҳонийлар ва фарзийлар эса Исони қўлга олмоқчи бўлиб, шундай буйруқ берган эдилар: “Ким Исонинг қаердалигини билиб қолса, хабар қилсин.”

Currently Selected:

Юҳанно 11: ЎзбМК

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in