Ёқуб 1
1
1–БОБ
Дуойи салом
1Мен — Худонинг ва Раббимиз Исо Масиҳнинг қули Ёқубдан#1:1 Ёқуб — Исонинг укаси, у Қуддусдаги жамоатнинг етакчиси бўлган (Марк 6:3, Ҳаворийлар 15:13, 21:18, Галатияликлар 1:18-19 га қаранг). ўзга юртларга тарқалиб кетган ўн икки қабилага#1:1 ўзга юртларга тарқалиб кетган ўн икки қабила — Исо Масиҳга имон келтирган ва Қуддусдан узоқ жойларда яшайдиган яҳудийлар назарда тутилган. Бу имонлилар қувғинлар оқибатида тарқалиб кетган бўлишлари мумкин (Ҳаворийлар 8:1, 11:19 га қаранг). салом!
Синов ва васвасалар
2Эй биродарларим, турли синовларга дучор бўлганингизда ўзингизни бахтли деб билинглар. 3Ахир, имонингиз синалганда, сизлар сабр–тоқат қилишни ўрганасизлар. Бу ўзингизга ҳам аён. 4Ҳар қандай вазиятда сабр қилишни ўрганинглар, шунда етук, бекаму кўст, комил инсон бўласизлар.
5Агар бирортангизга донолик етишмаса, Худодан сўранг, У беради. Чунки сўраганларнинг ҳаммасига Худо сахийлик билан, беминнат беради. 6Шу боис умидингизни фақатгина Худога боғлаб, имон билан сўранг. Иккиланманг, чунки Худога сидқидилдан ишонмаган киши гўё денгиз тўлқинига ўхшайди, шамол қайси томонга эсса, тўлқин ўша томонга қараб йўналади. 7Бундай одам Эгамиздан бирор нарса оламан деб умид қилмасин. 8У Худога таянмагани учун ҳаётида беқарор, ўзгарувчан бўлади.
9Ночор аҳволдаги биродар Худонинг назарида юксак эканлигидан хурсанд бўлсин. 10Бой биродар эса Худога муҳтож эканлигидан шодлансин. Чунки ўз бойлигига таянган киши дашт гулидай хазон бўлади. 11Қуёш жазирама иссиғи билан даштнинг ўт–ўланларини қовжиратиб юборади. Гулларнинг гўзаллиги йўқолиб, хазон бўлади. Бойлик орқасидан қувиб, давлатига таянганлар ҳам худди шу сингари нобуд бўлишади.
12Синовларга бардош берган одам бахтлидир. Чунки у синовдан ўтгач, ҳаёт тожи билан тақдирланади. Бундай тожни Худо Ўзини севганларга ваъда қилган. 13Васвасага тушганингизда Худони айбламанг! Чунки Худо ҳеч қачон васвасага тушмайди ва ҳеч кимни васвасага солмайди. 14Лекин ҳар ким ўз эҳтироси дастидан васвасага дучор бўлиб, нафс тузоғига илинади. 15Кейин эҳтирос ҳомиладор бўлиб гуноҳни туғади, гуноҳ эса етилиб, ўлимга олиб боради.
16Эй азиз биродарларим, алданманглар! 17Ҳар бир яхши ва мукаммал ҳадя самодан келади. Бу ҳадяларни осмондаги жамики ёритқичларни яратган Худо#1:17 осмондаги жамики ёритқичларни яратган Худо — юнонча матнда осмондаги жамики ёритқичларнинг отаси. Бу ўринда отаси сўзи уларнинг манбаи ёки яратувчиси деган маънони билдиради. беради. Ёритқичларнинг нури пайдо бўлиб, ғойиб бўлади, Худонинг эзгулиги эса йўқолмайди. Зеро, Худо ҳеч қачон ўзгармайди. 18Худо келажакда бутун борлиқни янгилайди. Биз бу янгиланишнинг илк ҳосили#1:18 илк ҳосил — биринчи пишган илк ҳосил ўша йили йиғиштириладиган ялпи ҳосилнинг мўл бўлишидан далолат беради. Худди шу сингари, Масиҳ орқали янги ҳаётга эришган масиҳийлар ҳам илк ҳосилдай, Худо бутун борлиқни янгилашидан далолат беради (2 Бутрус 3:13, Римликлар 8:19-21, Ваҳий 21:1-5 га қаранг). бўлишимиз учун, Худо Ўз хоҳишига кўра, бизга ҳақиқат каломи орқали янги ҳаёт берди.
Худонинг сўзини эшитиб, унга амал қилиш ҳақида
19Эй азиз биродарларим, шуни эсингизда тутинглар: ҳар бир одам эшитишда чаққон, гапиришда вазмин, ғазаб келганда босиқ бўлсин. 20Чунки инсоний ғазабингиз Худога манзур бўлган солиҳ ҳаёт кечиришингизга йўл қўймайди. 21Шундай экан, ҳар қандай жирканч ва ёмон ишларни бас қилинглар! Худонинг қалбингизга эккан каломини камтарлик билан қабул қилинглар. Ахир, бу калом жонингизни қутқаришга қодир.
22Худонинг каломига риоя қилинглар! Каломни эшитсам бас, деб ўзингизни ўзингиз алдаманглар. 23Каломни тинглаб, амалда риоя қилмаган одам ўз юзини кўзгуда кўрган кишига ўхшайди. 24У ўзига қаради–ю, кетди ва ўша заҳоти ўзининг қандай эканлигини унутиб юборди. 25Сизлар эса Худонинг озодлик берувчи мукаммал қонунига#1:25 Худонинг озодлик берувчи мукаммал қонуни — Исо Масиҳ ўргатган ва Ўз ҳаётида намунали равишда бажарган Худонинг қонунига ишора (2:8 га ва Матто 5:17, 43-48, 22:36-40, Луқо 10:25-37, Юҳанно 8:31-36, Галатияликлар 5:13-14, 6:2, 1 Коринфликлар 9:21 га қаранг). доим синчиклаб қаранглар. Қонунни шунчаки эшитиб, унутиб юборманглар, унга қатъий амал қилинглар. Бу ишингиз учун Худо сизга барака беради.
26Агар сиз ўзингизни диндор ҳисоблаб, тилингизни тиймасангиз, ўзингизни ўзингиз алдаган бўласиз ва сизнинг бундай дин–диёнатингиз бефойдадир. 27Отамиз Худонинг назарида пок ва беғубор дин–диёнатга эга бўлган инсон етим–есиру беваларни қайғули кунларида йўқлаб боради, у бу дунё дастидан булғанмайди.
Currently Selected:
Ёқуб 1: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020