Ибтидо 42
42
42–БОБ
Юсуфнинг акалари дон сотиб олгани Мисрга келишади
1Ёқуб: “Мисрда дон бор экан”, деб эшитгач, ўғилларига деди:
— Бир–бирларингизга термулиб ўтираверасизларми? 2Мисрда дон бор экан, деб эшитдим. Боринглар, ўзимизга дон сотиб олиб келинглар, тағин очликдан ўлиб кетмайлик.
3Шундай қилиб, Юсуфнинг ўнта акаси ҳам дон сотиб олгани Мисрга кетишди. 4Лекин Ёқуб Юсуфнинг укаси Беняминни ўғиллари билан бирга юбормади. “Бенямин ҳам бирор фалокатга йўлиқмасин”, деб қўрқарди. 5Шундай қилиб, Ёқубнинг#42:5 Ёқуб — ибронийча матнда Исроил, Ёқубнинг яна бир исми (32:27-28 га қаранг). ўғиллари дон сотиб олгани келган бошқа одамлар билан бирга Мисрга келишди. Чунки Канъон юртида ҳам очарчилик бошланган эди.
6Юсуф бу пайтда бутун Миср устидан ҳоким бўлгани учун юрт халқига дон сотар эди. Юсуфнинг акалари келиб, бошлари ерга теккудай бўлиб, унга таъзим қилишди. 7Юсуф акаларини кўрибоқ, дарров таниди. Лекин Юсуф уларга худди нотанишлардай муомала қилди:
— Қаердан келдингиз? — деб дағаллик билан сўради Юсуф улардан.
— Канъон юртидан, дон сотиб олгани келдик, — деб жавоб беришди улар.
8Юсуф акаларини таниган бўлса ҳам, акалари Юсуфни танимадилар. 9Юсуф акалари тўғрисида анча йиллар олдин кўрган тушларини эслади. Юсуф уларга:
— Сизлар жосуссизлар! — деди. — Сизлар бу юртнинг заиф томонларини билиш учун келгансизлар.
10— Йўқ, ҳазрати олийлари! Бу қулларингиз фақат дон сотиб олгани келишган! — деб жавоб бердилар акалари. 11— Биз ҳаммамиз бир одамнинг фарзандларимиз, тўғри одамлармиз. Бу қулларингиз ҳеч қачон жосуслик қилишмаган!
12— Йўқ! Сизлар бу юртнинг заиф томонларини билиш учун келгансизлар! — деди Юсуф.
13— Биз, қулларингиз, ўн икки ака–укамиз, отамиз Канъон юртида, — дейишди улар. — Энг кичик укамиз у ерда отамиз билан қолди. Битта укамиз эса нобуд бўлган.
14— Сизлар жосуссизлар дедимми, жосуссизлар! — дея гапида туриб олди Юсуф. 15— Энди айтганларингизни текшириб кўраман. Фиръавннинг номини ўртага қўйиб қасам ичаманки, агар энг кичик укангиз бу ерга келмаса, сизлар Мисрдан кетмайсизлар. 16Сизлардан биттангиз бориб, укангизни олиб келасиз, қолганларингиз зиндонда ётиб турасизлар. Айтганларингиз тўғрими, йўқми, текширилади. Агар тўғри бўлмаса, фиръавннинг номини ўртага қўйиб қасам ичаманки, сизлар, шубҳасиз, жосус бўлиб чиқасизлар.
17Юсуф уларнинг ҳаммасини уч кун зиндонга қамаб қўйди.
18Учинчи куни Юсуф уларга деди:
— Мен Худодан қўрқадиган одамман. Агар менинг айтганларимни қилсангиз, тирик қоласизлар. 19Агар тўғри одамлар бўлсангизлар, биттангиз зиндонда қоласиз, қолганларингиз эса оч қолган оилаларингиз учун дон олиб, уйларингизга кетишларингиз мумкин. 20Кичик укангизни менинг олдимга олиб келасизлар. Шу йўл билан сизларнинг сўзларингизни текшириб кўраман. Гапларингиз тўғри бўлса, сизларга шафқат қиламан.
Ҳаммалари бу гапга рози бўлишди. 21Улар бир–бирларига гапира бошладилар: “Мана, укамизга нима қилган бўлсак, энди жазосини тортяпмиз. У қанчалар азобланганини кўзимиз билан кўриб, ёлворишларини эшитганимизда ҳам, қулоқ солмаган эдик. Шу сабабдан бу азоблар ўзимизнинг бошимизга ҳам келди.” 22Шунда Рубен уларга деди:
— Болага зарар етказманглар, деб айтмаганмидим?! Лекин сизлар гапимга қулоқ солмадингиз. Мана энди унинг қони бизни тутади.
23Юсуф шу ерда турган эди. Акалари: “Гапимизни мана бу одам тушунади” деб хаёлларига ҳам келтирмасдилар. Чунки Юсуф акалари билан тилмоч орқали гаплашарди. 24Юсуф акаларининг олдидан кетиб, йиғлади. Бир оз ўзини босиб олгач, қайтиб келиб, улар билан гаплашди. Сўнг уларнинг орасидан Шимўнни ажратиб олди ва уларнинг кўзи олдида боғлатди.
Юсуфнинг акалари Канъонга қайтишади
25Шундан кейин Юсуф хизматкорларига шундай буйруқ берди: “Бу одамларнинг қопларини донга тўлдириб беринглар. Ҳар бирининг кумушларини#42:25 кумушлар — Юсуфнинг акалари дон сотиб олиш учун олиб келган пул назарда тутилган. Қадимги пайтларда маълум вазндаги кумуш бўлаклари одатда пул бирлиги сифатида ишлатилган. қопига қайтариб солиб қўйинглар, уларга йўл учун керакли озиқ–овқат беринглар.” Ҳаммаси Юсуф буюргандай бўлди. 26Ака–укалар донларни эшакларига юклаб, йўлга тушдилар. 27Кечаси бир жойда тунагани тўхтадилар. Улардан бири қопини очиб, эшагига ем олмоқчи бўлган эди, қараса, қоп ичида кумушлари турибди! 28У ака–укаларига: “Вой, қаранглар! Мана кумушларим! Қопимнинг ичида экан!” деб ҳайратланди. Шунда уларнинг юраклари қинидан чиққудай бўлиб қалтираб, бир–бирларига: “Энди Худо бошимизга нима соляпти экан–а?!” дер эдилар.
29Улар Канъон юртига — оталари ҳузурига қайтиб келганларидан кейин, бошларидан ўтган ҳамма воқеаларни унга айтиб бердилар:
30— Ўша юртнинг ҳокими биз билан жуда қўпол гаплашди, бизни, жосуссизлар, деди. 31Лекин биз тўғри одам эканимизни, жосус эмаслигимизни айтдик. 32Унга: “Биз ўн икки ака–укамиз, битта отанинг фарзандларимиз, битта укамиз нобуд бўлган, энг кичик укамиз отамиз билан Канъонда қолган”, деб айтдик. 33Кейин ўша юртнинг ҳокими бизга айтди: “Сизлар тўғри одамлар эканингизни текшириб кўраман. Биттангиз мен билан қоласиз, бошқаларингиз эса оч қолган оилаларингиз учун дон олиб кетаверасизлар. 34Энг кичик укангизни менинг олдимга олиб келасизлар. Ана шунда сизлар жосус эмас, балки тўғри одам эканингизни билиб оламан. Сўнгра мана бу туғишганингизни сизлар билан бирга жўнатиб юбораман. Сизлар дон сотиб олгани тез–тез келиб тураверасизлар#42:34 Сизлар дон сотиб олгани тез–тез келиб тураверасизлар — ёки Юртнинг хоҳлаган жойига бемалол бораверасизлар..”
35Улар қопларини бўшатаётганларида, қарасалар, ҳаммасининг қопи ичида тугунчада кумушлари турибди. Ота–болалар тугунчалардаги кумушларни кўрганларида, ваҳимага тушдилар. 36Шунда Ёқуб ўғилларига айтди:
— Мени ҳамма болаларимдан жудо қилмоқчимисизлар? Юсуф йўқолди, Шимўн ҳам йўқ, энди эса Беняминни олиб кетмоқчисизлар! Пешанам бунча шўр бўлмаса!
37Рубен отасига деди:
— Агар Беняминни сизга қайтариб олиб келмасам, майли, менинг иккала ўғлимни ўлдираверинг! Беняминни менга ишониб топширинг, ўзингизга қайтариб олиб келиб бераман.
38— Ўғлим сизлар билан бирга бормайди, — деди Ёқуб. — Акаси Юсуф ўлган, ўзи ёлғиз қолди#42:38 …ўзи ёлғиз қолди — Ёқуб, ўғли Юсуфни ўлган, деб ҳисоблагани учун, суюкли хотини Роҳиладан туғилган икки ўғилдан Бенямин ёлғиз қолди, деб айтган.. Йўлда у бирор фалокатга йўлиқиши мумкин. Қариганимда мени қайғудан ўликлар диёрига#42:38 ўликлар диёри — ибронийча матнда Шеўл. 37:35 изоҳига қаранг. киритасизлар.
Currently Selected:
Ибтидо 42: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy
Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020