YouVersion Logo
Search Icon

Галатияликлар 4

4
4–БОБ
1Мен бундай демоқчиман: меросхўр ҳали ёш бола экан, гарчи у бутун мулкнинг эгаси бўлса ҳам, қулдан ҳеч фарқ қилмайди. 2У отаси белгилаган фурсатгача васийга ва уй–рўзғорни бошқарувчи хизматкорга бўйсунади. 3Худди шу сингари, бизлар ҳам олдин болалардай бўлиб, хурофот кучларига#4:3 Хурофот кучлари — яна Колосаликлар 2:8, 20-23 га қаранг. қул эдик. 4Муддат битгандан кейин, Худо Ўз Ўғлини юборди. Унинг Ўғли қонун#4:4 қонун — 2:16 изоҳига қаранг. остидаги ҳаёт учун аёлдан туғилди. 5Худонинг Ўз Ўғлини юборишдан мақсади бизни қонун остидаги ҳаётдан халос этиб, Ўзига фарзанд қилиб олиш эди. 6Биз Худонинг фарзандлари эканлигимизни кўрсатиш учун У юрагимизга Ўз Ўғлининг Руҳини юборди. Бу Руҳ орқали биз Худони “Отажон”#4:6 “Отажон” — юнонча матнда “Абба, Ота”. Абба сўзи орамийчада ота деганидир. Худо имонлилар билан ниҳоятда яқин муносабатда бўлгани учун, улар Худога “Ота” деб мурожаат қиладилар. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги ХУДОНИНГ НОМЛАРИ ибораси остида берилган ОТА сўзига қаранг. деб чақирамиз. 7Демак, энди сиз қул эмас, балки фарзандсиз. Фарзанд экансиз, Худонинг шарофати билан У Ўз фарзандларига атаган қут–баракаларга эга бўласиз.
Павлус Галатияликлар учун қайғуради
8Олдин сизлар Худони билмаган пайтингизда, асли худолар бўлмаган кучларга қул эдингиз. 9Энди эса Худони биласизлар, тўғрироғи, Худо сизларни билади. Шундай экан, қандай қилиб яна ўша кучсиз, қадрсиз хурофотларга қайтяпсиз?! Қандай қилиб яна ўшаларга қул бўлишни хоҳлаяпсиз?! 10Сизлар белгиланган алоҳида кунлар, ойлар, йилларга риоя қилиб, диний маросимлар ўтказяпсиз! 11Сизлар учун қайғуряпман! Наҳотки сизларни деб чеккан заҳматларим бекор кетган бўлса?!
12Эй биродарлар, сизлардан илтимос қиламан, менга ўхшаган бўлинглар, чунки мен ҳам сизларга ўхшаб қонун остидаги ҳаётдан озодман. Сизлар менга ҳеч ҳам озор бермагансиз. 13Ўзингиз биласиз, мен сизларга биринчи марта Хушхабар айтганимда, жисман ожиз эдим. 14Ожизлигим туфайли сизларга оғирлигим тушган бўлса ҳам, мендан нафратланмадингиз, мени рад этмадингиз. Аксинча, мени Худонинг фариштасидай, худди Исо Масиҳнинг Ўзини қабул қилгандай қабул қилдингиз. 15Қани энди ўша хайрихоҳлигингиз?! Ахир, ўзим шоҳидман: агар иложи бўлганда, ҳатто кўзларингизни ҳам суғуриб олиб, менга берган бўлардингиз! 16Наҳотки энди сизларга ҳақиқатни айтганим учун душманингиз бўлиб қолган бўлсам?!
17Баъзи бировлар сизларни ўзларига оғдириб олишга тиришмоқдалар#4:17 Баъзи бировлар сизларни ўзларига оғдириб олишга тиришмоқдалар — 1:6-9, 3:1-3 га қаранг.. Лекин улар сизларнинг фойдангизни кўзламаяптилар. Сизлар уларнинг атрофида гирдикапалак бўлишингиз учун улар бизни бир–биримиздан ажратиб ташламоқчи. 18Яхши ғояга бағишланиш яхшидир. Лекин бу фақат мен сизларнинг олдингиздалигимда эмас, балки доим шундай бўлиши керак. 19Болаларим, мен сизларни янгидан туғаётгандай, тўлғоқ азобидаман. Мақсадим шуки, сизларда Масиҳнинг табиати намоён бўлсин. 20Сизлар мени таажжубга солиб қўйдингиз! Қани, энди сизларнинг олдингизда бўлсам–у, бошқа оҳангда гапира олсам!
Иброҳимнинг икки ўғли ва уларнинг оналари мисоли
21Эй сизлар, қонун остидаги ҳаётни афзал кўрганлар, менга айтинглар–чи, наҳот сизлар Тавротдаги қонунларни тушунмасангизлар?! 22Ахир, унда ёзилганлардан биламизки, Иброҳимнинг икки ўғли бўлган. Ўғилларининг бири чўридан#4:22 чўри — яъни Ҳожар, Исмоилнинг онаси (Ибтидо 16:1-15 га қаранг)., иккинчиси эса озод аёлдан#4:22 озод аёл — яъни Сора, Исҳоқнинг онаси (Ибтидо 18:10-14, 21:1-3 га қаранг). туғилган. 23Чўрисиники инсон ташаббуси билан, озод хотининики эса Худонинг ваъдасига биноан туғилган эди. 24Бунда рамзий маъно бор. Икки она Худонинг икки аҳдини#4:24 Худонинг икки аҳди — Худо Мусо орқали берган аҳдга (Чиқиш 19:1-8, 24:1-8 га қаранг) ҳамда Иброҳимга берган аҳдга ишора (Ибтидо 12:1-7 га қаранг). Биринчисига мувофиқ, инсон Мусонинг қонунига итоат қилиб яшайди. Иккинчисига мувофиқ эса, инсон имон ва Муқаддас Руҳнинг қудрати билан яшайди (3:2-3, 15-18 га қаранг). билдиради: биринчиси — қулларни туғадиган Ҳожар биби Синай тоғида қилинган аҳднинг рамзидир. 25Ҳожар Арабистондаги Синай тоғини#4:25 Арабистондаги Синай тоғини — ўша даврларда Набатея шоҳлиги Арабистон деб ҳам аталар эди, аммо Арабистоннинг бир қисми эди. Бу шоҳлик Синай ярим оролини ўз ичига олган эди. билдирса–да, у яҳудий динининг маркази бўлмиш ҳозирги Қуддуснинг рамзидир. Ахир, Қуддус ва унинг болалари қулликдалар–ку. 26Самовий Қуддус эса озоддир: у бизларнинг онамиздир! 27Муқаддас битикларда шундай ёзилган:
“Эй бола кўрмаган бепушт аёл!
Шод бўлгин!
Эй тўлғоқ оғриғини билмаган аёл!
Хитоб қил, ҳайқиргин!
Ахир, ташлаб кетилган аёлнинг болалари
Эри бор хотинникидан ҳам кўпроқ бўлади!”#4:27 Ишаё 54:1 га қаранг.
28Сизлар эса, эй биродарлар, Исҳоққа ўхшаб ваъдага биноан туғилган фарзандларсиз. 29Ўша замонда табиий йўл билан туғилган ўғил#4:29 табиий йўл билан туғилган ўғил — яъни Исмоил. Руҳнинг кучи билан туғилган ўғилни#4:29 Руҳнинг кучи билан туғилган ўғил — яъни Исҳоқ. қувғин қилди. Ҳозир ҳам худди шундай. 30Аммо бу ҳақда Муқаддас битикларда нима дейилган? “Чўрини ва унинг ўғлини ҳайдаб юборинг, чунки чўрининг ўғли озод аёлнинг ўғли билан бирга меросхўр бўлмайди”#4:30 Ибтидо 21:10 га қаранг., — деб ёзилган–ку! 31Шундай қилиб, эй биродарлар, биз чўрининг эмас, балки озод аёлнинг фарзандларимиз.

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in