YouVersion Logo
Search Icon

Чиқиш 8

8
8–БОБ
Иккинчи фалокат: қурбақа офати
1Эгамиз Мусога яна айтди:
— Фиръавннинг ҳузурига бориб, Менинг шу гапимни етказ: “Эгамиз шундай айтмоқда: Менинг халқимга ижозат бер, улар бориб, Менга сажда қилсин. 2Агар сен халқимга ижозат беришдан бош тортсанг, бутун юртингга қурбақа юбориб шикаст етказаман. 3Дарё қурбақалар билан тўлиб–тошади. Қурбақалар дарёдан чиқиб, сенинг саройингга, ётоқхонангга, тўшагингга, аъёнларингу халқингнинг уйларига, тандирларига ва хамир тоғораларига ҳам кириб олади. 4Қурбақалар сенинг, Миср халқининг ва барча аъёнларингнинг устиларида сакраб юради.”
5Эгамиз Мусога яна гапирди:
— Ҳорунга айт, у қўлидаги таёғини дарёлар, анҳорлар, кўллар томонга узатиб, қурбақаларни чиқарсин. Миср юртини қурбақалар босиб кетсин.
6Ҳорун таёғини Миср сувлари томонга узатди. Ўша заҳоти қурбақалар чиқиб, Мисрни босиб кетди. 7Мисрлик сеҳргарлар ҳам сеҳр–жодулари билан Миср юртига қурбақалар чиқардилар. 8Шунда фиръавн Мусо билан Ҳорунни чақириб айтди:
— Эгангизга: “Фиръавнни ва унинг халқини Ўзинг қурбақалардан халос қилгин”, деб ибодат қилинглар. Шундан кейин Исроил халқига кетгани ижозат бераман, токи улар бориб Эгангизга қурбонликлар келтирсин.
9Шунда Мусо фиръавнга деди:
— Хўп, вақтини ўзинг тайинла. Қурбақалар сизлардан, хонадонларингиздан йўқолсин, фақат Нил дарёсида қолсин деб, сен учун, аъёнларинг ва халқинг учун қачон ибодат қилай?
10— Эртага, — деди фиръавн.
— Бўпти, сен айтгандай бўлади! — деб жавоб берди Мусо. — Ўшанда Эгамиз Худога ўхшаган худо йўқлигини билиб оласан. 11Қурбақалар сендан, аъёнларингдан, халқингдан ва хонадонларингиздан йўқолади. Фақат Нилда қолади, холос.
12Шундай қилиб, Мусо билан Ҳорун фиръавн ҳузуридан чиқдилар. Фиръавн бошига келтирган қурбақа офатини йўқ қилгин, деб Мусо Эгамизга илтижо қилди. 13Эгамиз Мусонинг илтижосини эшитди, уйлардаги, ҳовлилардаги ва далалардаги қурбақалар ўлди. 14Қурбақаларнинг ўлигини уюм–уюм қилдилар. Миср юртини қўланса ҳид тутиб кетди. 15Лекин фиръавн Миср юрти қурбақадан халос бўлганини кўргач, Эгамиз айтгандай, юрагини тош қилиб, Мусо билан Ҳоруннинг гапига қулоқ солмади.
Учинчи фалокат: бурга офати
16Эгамиз Мусога гапиришда давом этди:
— Ҳорунга буюр, у таёғини узатиб, ернинг чангига урсин. Шунда ердаги чанг бургага айланиб, бутун Мисрни қоплайди.
17Улар Эгамизнинг айтганини қилдилар: Ҳорун қўлидаги таёғини узатиб, ернинг чангига урган эди, инсонлар билан ҳайвонларнинг устига бурга ёпирилди. Бутун Миср ерининг чанги бургага айланди. 18Одамларни, ҳайвонларни бурга босиб кетди. Сеҳргарлар ҳам сеҳр–жодулари билан чангни бургага айлантирмоқчи бўлдилар, лекин уддасидан чиқолмадилар. 19Улар фиръавнга: “Бу Худонинг иши”, дейишди. Лекин Эгамиз айтгандай, барибир, фиръавннинг юраги тошлигича қолиб, Мусо билан Ҳоруннинг айтганларига қулоқ солмади.
Тўртинчи фалокат: сўна офати
20Эгамиз Мусога яна гапирди:
— Эртага саҳарда ўрнингдан тур. Фиръавн дарёга бораётганда, унинг олдига боргин–да, Менинг шу гапимни етказ: “Эгамиз шундай айтмоқда: Менинг халқимга ижозат бер, улар бориб, Менга сажда қилсин. 21Агар халқимни қўйиб юбормасанг, Мен ўзингнинг, аъёнларингнинг, халқингнинг устига сўналар#8:21 сўналар — бу ўриндаги ибронийча сўз оддий пашша ёки пашшасимон чақадиган ҳашаротни билдириши мумкин. галасини юбориб жазолайман. Мисрликларнинг уйлари, улар яшаётган ер сўнага тўлиб–тошади. 22Лекин ўша куни Ўз халқим яшаётган Гўшен ерларини#8:22 Гўшен ерлари — Нил дельтасининг шарқидаги ҳосилдор ерлар (Ибтидо 45:10, 47:6 га қаранг). ажратиб қўяман. У ерда сўна бўлмайди. Мен, Эгангиз, бу юртда бор эканлигимни билиб олинглар деб, шуни қиламан. 23Мен Ўз халқим билан сенинг халқингни айириб қўяман#8:23 Мен Ўз халқим билан сенинг халқингни айириб қўяман — қадимий юнонча ва лотинча таржималардан (яна 9:4 га қаранг). Ибронийча матндан сўзма–сўз таржимаси Ўз халқим ва сенинг халқинг орасига нажот қўяман. Бу гапни Мен Ўзимнинг халқимни халос этаман–у, сенинг халқингни эса халос қилмайман деб таржима қилса ҳам бўлади.. Бу мўъжиза эртага юз беради.”
24Эгамиз айтганини қилди: фиръавннинг саройига, аъёнларининг уйларига гала–гала сўна юборди. Бутун Миср юрти сўна оқибатида хароб бўлди. 25Шундан сўнг фиръавн Мусо билан Ҳорунни чақириб: “Боринглар, шу юрт ичида Худойингизга қурбонликлар келтираверинглар”, деб айтди.
26— Бундай қилсак, тўғри бўлмайди, — деб жавоб берди Мусо. — Эгамиз Худога ҳайвонларни қурбонлик қилсак, Мисрликлар буни жирканч деб ҳисоблайдилар. Мисрликлар қабиҳ деб ҳисоблаган ишни яна уларнинг кўзи олдида қилсак, бизни тошбўрон қилмайдиларми?!#8:26 Эгамиз Худога ҳайвонларни қурбонлик қилсак…бизни тошбўрон қилмайдиларми?! — Мисрликлар баъзи ҳайвонларни муқаддас деб билганлар ва ўша ҳайвонларнинг тасвирларига сиғинганлар. Борди–ю, Мисрликлар Исроил халқининг ўша ҳайвонларни Худога қурбонлик қилганини кўрсалар, ниҳоятда ғазабланган бўлар эдилар. Мусо буни билар эди. 27Эгамиз Худо, бизга амр этгандай, Унга қурбонликлар келтиргани саҳрода уч кун йўл юриб боришимиз керак.
28— Майли, ижозат бераман, — деди фиръавн. — Саҳрога бориб, Эгангиз Худога қурбонликлар келтиринглар. Лекин узоққа кетмайсизлар. Энди сен ҳозироқ мен учун ибодат қил.
29— Ҳузурингдан чиқишим биланоқ Эгамизга: “Эртага сўналар фиръавндан, аъёнларидан, халқидан даф бўлсин”, деб ибодат қиламан, — деди Мусо. — Лекин халқ Эгамизга қурбонликлар келтиргани кетаётганда, бизни алдама, ижозат бермай қўйма.
30Мусо фиръавн ҳузуридан чиқиб, Эгамизга ибодат қилди. 31Эгамиз Мусонинг ибодатини эшитди. Фиръавндан, унинг аъёнларидан, Миср халқидан сўналарни даф қилди. Бирорта ҳам сўна қолмади. 32Лекин фиръавн бу сафар ҳам юрагини тош қилиб, халққа кетишга ижозат бермади.

Currently Selected:

Чиқиш 8: ЎзбМК

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in