YouVersion Logo
Search Icon

Чиқиш 7

7
7–БОБ
1Эгамиз Мусога айтди:
— Қараб тур, аканг Ҳорунни сенинг ўрнингга гапирадиган қиламан. Сени фиръавн учун Худодай қилиб қўяман. Ҳорун эса сенинг пайғамбаринг бўлиб, гапларингни фиръавнга етказади. 2Мен сенга айтган ҳамма амрларни акангга айт. Исроил халқи Мисрдан чиқиб кетиши учун ижозат бер, деб Ҳорун фиръавнга айтади. 3Лекин Мен аломату мўъжизаларимни Миср юртида кўрсатай деб, фиръавннинг юрагини тош қилиб қўяман. 4Фиръавн сизларнинг гапингизга қулоқ солмайди. Ўшанда Мен Мисрга қарши қўл кўтариб, унга кўп кулфатлар келтираман. Кейин ҳукмнинг қудратли ишлари билан Исроил оилаларини ва қабилаларини олиб чиқаман. 5Мисрга қарши қўл кўтариб, Исроил халқини Мисрликларнинг орасидан олиб чиққанимда, Эгангиз Мен эканлигимни Миср халқи билиб олади.
6Мусо билан Ҳорун Эгамизнинг амрига биноан иш тутдилар. 7Улар фиръавн билан гаплашганларида, Мусо саксон ёшда, Ҳорун саксон уч ёшда эди.
Ҳоруннинг таёғи
8Эгамиз Мусо билан Ҳорунга гапирди:
9— Фиръавн сизларга: “Бирорта ажойибот кўрсатинглар–чи”, деб айтса, Ҳорунга буюр, таёқни олиб, фиръавннинг олдига ташласин. Таёқ илонга айланиб қолади.
10Шундай қилиб, Мусо билан Ҳорун фиръавн ҳузурига бордилар. Эгамиз амр этгандай иш тутдилар: Ҳорун таёғини фиръавн ва унинг аъёнлари олдига ташлаган эди, таёқ ўша заҳоти илонга айланиб қолди. 11Шунда фиръавн ҳам ўзининг сеҳргарларини — донишмандларини ва фолбинларини чақирди. Миср сеҳргарлари сеҳр–жодуларини ишлатиб, ўшанақа мўъжиза кўрсатдилар. 12Ҳар бири таёғини ерга ташлаган эди, таёқ илонга айланиб қолди. Ҳоруннинг илони Миср сеҳргарларининг илонларини ютиб юборди. 13Эгамиз айтгандай, барибир, фиръавннинг юраги тошлигича қолди, Мусо билан Ҳоруннинг гапига у қулоқ солмади.
Биринчи фалокат: Нил дарёси қонга айланади
14Шундан кейин Эгамиз Мусога айтди:
— Барибир, фиръавннинг юраги тошлигича қолиб, халқимнинг кетишига ижозат беришни истамаяпти. 15Эртага эрталаб фиръавннинг олдига бор. У дарёга боради. Сен уни дарё бўйида кутиб тур. Илонга айланган таёғинг қўлингда бўлсин. 16Фиръавнга шундай деб айт: “Ибронийларнинг Худоси — Эгамиз мени сенинг ҳузурингга шу гапни айтгани юборди: «Менинг халқимга ижозат бер, улар саҳрога бориб, Менга сажда қилишсин.» Сен ҳамон Эгамизнинг гапига қулоқ солмаяпсан. 17Эгамиз шундай айтмоқда: «Эгангиз Мен эканлигимни энди билиб оласан.» Қўлимдаги мана бу таёқни Нил дарёсининг сувига урганимда, сув қонга айланади. 18Дарёдаги балиқлар нобуд бўлади. Дарё сасиб кетади. Миср халқи дарё сувини ичолмайди.”
19Сўнгра Эгамиз Мусога шундай деди:
— Ҳорунга айт, таёқни қўлига олиб, Миср сувлари томонга — Мисрдаги дарёлар, анҳорлар, кўллар, ҳамма сув ҳавзалари томонга узатсин. Мисрдаги ҳамма жойларда сув қонга айланади, ҳатто бутун Миср юртидаги ёғоч ва тош идишлардаги сувлар ҳам қонга айланади.
20Шундай қилиб, Мусо билан Ҳорун Эгамиз амр этгандай қилишди: Ҳорун фиръавн ва унинг аъёнлари кўзи олдида таёғини кўтариб дарё сувига урган эди, шу заҳоти дарё суви қонга айланиб қолди. 21Дарёдаги балиқлар нобуд бўлиб, дарё суви сасиб кетди. Миср халқи дарё сувини ичолмай қолди. Мисрнинг ҳамма ери қонга тўлиб кетди. 22Миср сеҳргарлари ҳам сеҳр–жодуларини ишлатиб, худди ўшандай қилдилар. Эгамиз айтгандай, барибир, фиръавннинг юраги тошлигича қолди, Мусо билан Ҳоруннинг гапига у қулоқ солмади. 23Бўлиб ўтган мўъжизадан фиръавннинг юраги қилт этмасдан, саройига қайтди. 24Дарё сувини ичиб бўлмагани сабабли, Миср халқи ичимлик суви топиш учун дарё яқинида қудуқлар ковлай бошладилар. 25Эгамиз Нил дарёси сувини қонга айлантиргандан кейин етти кун давомида сув қон бўлиб оқаверди.

Currently Selected:

Чиқиш 7: ЎзбМК

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in