Ҳаворийлар 9
9
9–БОБ
Шоул имонга келади
1Шу орада Шоул#9:1 Шоул — Павлус исми билан танилган, у кейинчалик ҳаворий бўлган (13:9 га ва ўша оятнинг изоҳига қаранг). Раббимиз Исонинг шогирдларига қарши қаттиқ ўлим хавфини солиб юрарди. У олий руҳонийнинг ҳузурига бориб, 2Дамашқдаги синагогаларга хат ёзиб беришини сўради. У ерда эркак бўладими ёки аёлми — Исонинг йўлидан юрувчиларни топиб олса, уларни боғлаб Қуддусга олиб келишга ижозат сўраган эди. 3Шоул Дамашққа яқинлашиб қолганда, бирдан осмондан тушган бир нур унинг ён–атрофини ёритиб юборди. 4Шоул ерга йиқилиб, шундай бир овозни эшитди:
— Шоул, Шоул! Нега Мени қувғин қиляпсан?
5— Ё Ҳазратим!#9:5 Ҳазратим! — юнонча матнда Куриос!. Бу ўринда обрў–эътиборли инсонга нисбатан ишлатиладиган сўз сифатида қўлланган. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги ХУДОНИНГ НОМЛАРИ ибораси остида берилган РАББИЙ, РАББИМ, РАББИМИЗ… сўзига қаранг. Сиз кимсиз? — деб сўради Шоул.
— Сен қувғин қилаётган Исоман, — деган жавоб келди#9:5 Юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида қуйидаги сўзлар 5–оятнинг охирига ва 6–оятнинг бошига қўшимча қилинган: “…Ҳўкиз ўз эгасининг таёғини тепиб, ўзига зарар келтиргандай, сен ҳам Менга қарши чиқиб, ўзингга зарар келтиряпсан.” 6 Шоул ваҳимага тушиб, титроқ билан: “Ё Раббим, нима қилишимни буюрасан?” — деди. Раббимиз унга:….. 6— Энди ўрнингдан тур, шаҳарга кир. Нима қилишинг кераклиги сенга ўша ерда айтилади.
7Шоулга ҳамроҳ бўлганларнинг тилларига бир сўз келмай, тўхтаб қолган эдилар. Улар овозни эшитардилар–у, аммо ҳеч кимни кўрмасдилар. 8Шоул ердан турди, кўзларини очди, аммо ҳеч нарсани кўра олмади. Улар Шоулни қўлидан ушлаб, Дамашқ шаҳрига олиб бордилар. 9Уч кунгача Шоулнинг кўзи кўрмади, шу кунлар давомида у на еди, на ичди.
10Дамашқда Исонинг Ханониё деган шогирди бор эди. Раббимиз Исо ваҳийда унга зоҳир бўлиб: “Ханониё!” деб чақирди. “Лаббай, Раббим!” деб жавоб берди у. 11Раббимиз Исо Ханониёга деди:
— Ўрнингдан тур, Тўғри деб аталувчи кўчага бор. Яҳудонинг уйидан Тарсуслик#9:11 Тарсус — 21:39 га ва ўша оятнинг изоҳига қаранг. Шоул деган одамни сўра. Ҳозир у ибодат қиляпти. 12Унга ваҳий келган. Ваҳийда у Ханониё деган одамнинг келишини кўрган. Унинг кўзлари очилиши учун сен унга қўлларингни қўясан.
13Ханониё эса шундай жавоб берди:
— Ё Раббим, мен у одам ҳақида кўпчиликдан эшитган эдим. У Қуддусдаги Сенинг азизларингга кўп ёмонлик қилган экан. 14Бу ерда ҳам у Сенинг номингни тилига оладиганларни қамаш учун бош руҳонийлардан ваколат олибди.
15Раббимиз Исо эса унга шундай деди:
— Боравер, у Менинг танланган қуролимдир. У ғайрияҳудийлар орасида, шоҳлар ва Исроил халқи орасида номимни машҳур қилади. 16У Менинг номим ҳақи қанчалар азоб чекиши кераклигини унинг ўзига кўрсатаман.
17Шундай қилиб, Ханониё бориб, ўша уйга кирди. У Шоулга қўлини қўйиб, шундай деди:
— Биродарим Шоул! Йўлингда сенга зоҳир бўлган Раббимиз Исо мени бу ерга юборди, токи сенинг кўзларинг очилсин, Муқаддас Руҳга тўлгин.
18Шу заҳоти балиқ тангачаларига ўхшаш нарса Шоулнинг кўзларидан тушди. У яна кўра бошлади. У ўрнидан туриб, сувга чўмдирилди. 19Овқат еб, қувватга кирди.
Шоул Дамашқда ваъз қилади
Шоул бир неча кун Дамашқдаги имонлилар билан бирга бўлди. 20У тўғри синагогага бориб: “Исо Худонинг Ўғлидир#9:20 Худонинг Ўғли — Исо Масиҳнинг унвони. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги ХУДОНИНГ ЎҒЛИ иборасига қаранг.”, деб ваъз қила бошлади. 21Унинг ваъзини эшитганларнинг ҳаммаси ҳайрон бўлиб, шундай дейишарди: “Қуддусда Исонинг номини тилга олганларга қирғин келтирган одам шу эмасми? Унинг бу ерга келишдан мақсади — одамларни бош руҳонийлар олдига боғлаб олиб бориш эмасмикан?” 22Аммо Шоулнинг ваъзи тобора кучли бўлиб бораверди. У Исонинг Масиҳ эканини исбот этиб, Дамашқда яшайдиган яҳудийларни эсанкиратиб қўйди.
23Бир қанча вақт ўтгандан кейин, яҳудийлар Шоулни ўлдириш учун режа туздилар. 24Шоул эса уларнинг режасидан хабар топди. Уни ўлдириш учун шаҳар дарвозаларини кечаю кундуз қўриқлардилар. 25Аммо Шоулнинг шогирдлари уни кечаси саватга солиб, шаҳар деворидаги деразадан#9:25 шаҳар деворидаги дераза — қадимги пайтларда шаҳарларнинг баланд, қалин деворлари бўлган. Бу деворлар шаҳарни босқинчилар ҳужумларидан ҳимоя қиларди. Баъзан шаҳар деворлари устига уйлар қурилган. Шоул мана шундай бир уйнинг деразасидан пастга туширилган бўлиши мумкин. тушириб юбордилар.
Шоул Қуддусда
26Шоул Қуддусга боргандан кейин, Исонинг у ердаги шогирдларига қўшилишга ҳаракат қилди. Аммо шогирдларнинг ҳаммаси ундан қўрқишарди. Шоул ҳам Исонинг шогирди бўлганига улар ишонмадилар. 27Шунда Барнабо#9:27 Барнабо — 4:36 га қаранг. Шоулни ҳаворийларнинг олдига олиб борди. Шоул йўлда қандай қилиб Раббимиз Исони кўрганини, Шоулга У қандай гапирганини, Шоул Дамашқда қўрқмасдан Исо номи билан қандай ваъз қилганини ҳаворийларга ҳикоя қилиб берди. 28Шундай қилиб, Шоул улар билан қолди ва бутун Қуддус бўйлаб қўрқмасдан Раббимиз номи билан ваъз қилиб юрди. 29Шоул юнонзабон яҳудийлар билан ҳам суҳбатлашиб, улар билан мунозара қилди. Аммо улар Шоулни ўлдирмоқчи бўлдилар. 30Имонлилар бу тўғрида хабар топиб, Шоулни Қайсариягача#9:30 Қайсария — Қуддусдан 90 километр шимоли–ғарбда, Ўрта ер денгизи бўйида жойлашган шаҳар. У ерда Павлус кемага тушиб, Тарсусга йўл олган (21:39 га ва ўша оятнинг изоҳига қаранг). олиб келдилар, кейин уни Тарсус шаҳрига жўнатдилар.
31Бутун Яҳудия, Жалила ва Самариядаги имонлилар жамоати тинчликка эришиб, кучайиб бораверди. Жамоат Эгамиздан қўрқиб ва Муқаддас Руҳдан мадад олиб, кўпайиб бораверди.
Бутрус Лўд ва Яффада
32Бутрус ҳамма ёқни айланиб, имонлиларни кўргани борарди. Бир сафар у Лўд шаҳрида#9:32 Лўд шаҳри — Қуддусдан 30 километр шимоли–ғарбда жойлашган. яшайдиган Худонинг азизлари ҳузурига ташриф буюрди. 33У ерда Бутрус Еней деган одам билан учрашиб қолди. Еней шол бўлиб, саккиз йилдан бери тўшакдан тура олмас эди. 34Бутрус унга:
— Еней, Исо Масиҳ сенга шифо беряпти: ўрнингдан тур, тўшагингни йиғиб қўй! — деди. Еней шу заҳоти ўрнидан туриб кетди. 35Бутун Лўд шаҳри ва Шарон текислигининг аҳли Енейни кўриб, Раббимиз Исога юз бурди.
36Яффа шаҳрида#9:36 Яффа шаҳри — Лўддан 15 километр шимоли–ғарбда жойлашган. Исонинг бир шогирди бор эди. У аёлнинг исми Тавита бўлиб, юнончада Дўркас#9:36 …Тавита…Дўркас… — Тавита унинг орамийча исми эди. Иккала тилда ҳам бу исмларнинг маъноси — оҳу. эди. У кўп хайрли ишлар қиларди, муҳтожларга ёрдам берарди. 37Ўша пайтда у касал бўлиб, вафот этди. Унинг жасадини ювиб, болохонага қўйдилар. 38Лўд шаҳри Яффа шаҳрига яқин эди. Шогирдлар Бутрус у ерда эканини эшитдилар ва унинг олдига икки кишини юбориб: “Илтимос, ҳаялламай биз томонга келинг”, деб хабар юбордилар. 39Бутрус ўрнидан турди–ю, улар билан кетди. Бутрус етиб келгач, уни болохонага олиб чиқдилар. Ҳамма бевалар Бутруснинг ёнида йиғлаб турганларича, камзуллар ва бошқа кийимларни кўрсатиб: “Тавита#9:39 Тавита — юнонча матнда Дўркас (шу бобнинг 36–оятига қаранг). тириклигида буларни тиккан эди”, дердилар. 40Бутрус уларни ташқарига чиқариб юборди. Шундан кейин у тиз чўкиб, ибодат қилди–да, жасадга ўгирилиб: “Тавита, тур ўрнингдан!” деди. Шунда Тавита кўзларини очди, Бутрусни кўриб, қаддини ростлаб ўтирди. 41Бутрус қўлини Тавитага узатиб, ўрнидан туришига ёрдамлашди. Кейин Худонинг азизларини ва беваларни чақириб, тирилган аёлни кўрсатди. 42Бу воқеа бутун Яффага маълум бўлди ва кўпчилик Раббимиз Исога имон келтирди. 43Бутрус анча вақт Яффа шаҳрида Шимўн деган бир кўнчининг#9:43 кўнчи — ҳайвонларнинг хом терисига ишлов берадиган косиб. уйида турди.
Currently Selected:
Ҳаворийлар 9: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy
Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020