YouVersion Logo
Search Icon

Ҳаворийлар 8

8
8–БОБ
Шоул имонлилар жамоатини қувғин қилади
1Стефаннинг ўлимини Шоул#8:1 Шоул — Павлус исми билан танилган, у кейинчалик ҳаворий бўлган (13:9 га ва ўша оятнинг изоҳига қаранг). маъқуллаган эди. Ўша кунданоқ Қуддусдаги имонлилар жамоати шафқатсиз қувғинлардан азоб чека бошлади. Ҳаворийлардан бошқа ҳамма имонлилар Яҳудия ва Самария бўйлаб тарқалиб кетдилар. 2Тақводор одамлар Стефанни дафн қилдилар, у учун қаттиқ қайғуриб, аза тутдилар. 3Шоул эса жамоатни йўқ қилиш пайига тушган эди. У уйма–уй юриб, эркагу аёл имонлиларни судраб олиб чиқар, уларни қамоқхонага ташлар эди.
Филип Самарияда ваъз қилади
4Имонлилар тарқалиб кетиб, Исо ҳақидаги хабарни ҳар жойларда ваъз қилиб юрардилар. 5Филип#8:5 Филип — 6:1-6 га қаранг. Самариянинг бош шаҳрига#8:5 Самариянинг бош шаҳри — юнонча матнда Самариянинг шаҳри. Ўша пайтда Самария шаҳарнинг эмас, балки бир ҳудуднинг номи бўлган. Муаллиф Самариядаги асосий бир шаҳарга, яъни Себастияга ишора қилаётган бўлиши мумкин. бориб, у ердаги аҳолига Масиҳ тўғрисида ваъз қилди. 6Филипни тинглаб турган ва қилган мўъжизаларини кўрган оломон унинг гапларига диққат билан қулоқ солди. 7Ёвуз руҳлар кўп одамларнинг ичидан чинқириб чиқиб кетарди, кўплаб шол ва чўлоқ одамлар шифо топар эдилар. 8Шундай қилиб, ўша шаҳарда катта шодлик ҳукм сурарди.
9Шу ерда Шимўн деган бир одам яшарди. У анчадан бери сеҳр–жодулар қилиб, Самария аҳолисини ҳайратда қолдириб келарди. Шу тариқа у ўзини буюк одам қилиб кўрсатарди. 10Шаҳардаги ҳар бир одам — каттаю кичик унинг гапларига диққат билан қулоқ солар, “Бу одам Худонинг қудратидир, у Буюк Қудрат деб ном олган”, деб айтарди. 11Шимўн узоқ вақт одамларни сеҳр–жодулари билан ажаблантириб келгани учун ҳам, одамлар унга диққат билан қулоқ солишарди. 12Аммо Филип Худонинг Шоҳлиги ва Исо Масиҳ тўғрисидаги Хушхабарни ваъз қилгандан кейин, одамлар Филипга ишондилар. Эркагу аёл сувга чўмдирилди. 13Ҳатто Шимўн ҳам имонга келди. У сувга чўмдирилгандан кейин, юз бераётган аломатлару буюк мўъжизаларни кўриб, ҳайратда қолди ва Филипдан ажралмайдиган бўлди.
14Қуддусдаги ҳаворийлар, Самария аҳолиси#8:14 Самария аҳолиси — яҳудийлар ва Самарияликлар узоқ вақт давомида бир–бирларига душман бўлиб келганлар. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги САМАРИЯЛИК сўзига қаранг. Худонинг каломини қабул қилибди, деб эшитганлари учун, Бутрус билан Юҳаннони уларнинг олдига юбордилар. 15Бутрус билан Юҳанно бориб, Муқаддас Руҳни қабул қилиб олинглар, деб Самарияликлар учун ибодат қилдилар. 16Чунки ҳали Муқаддас Руҳ уларнинг биронтасини ҳам қамраб олмаган эди. Улар фақат Раббимиз Исо номи билан сувга чўмдирилган эдилар, холос. 17Шундан кейин Бутрус билан Юҳанно уларнинг устига қўлларини қўйдилар. Шу тариқа Самарияликлар Муқаддас Руҳни қабул қилдилар.
18Шимўн кўрдики, одамларнинг бошларига ҳаворийлар қўлларини қўйганларида, Муқаддас Руҳ уларга бериларди. У Бутрус билан Юҳаннога пул таклиф қилиб, деди:
19— Шу қудратдан менга ҳам беринглар, токи биронтасининг бошига қўлларимни қўйганимда, ўша одам Муқаддас Руҳни қабул қилсин.
20Аммо Бутрус шундай жавоб берди:
— Пулинг ўзинг билан бирга дўзахга равона бўлсин, чунки сен, Худонинг инъомини пулга сотиб олсам бўлади, деб ўйлайсан. 21Бу ишда сенинг на улушинг, на ҳақинг бор! Сенинг юрагинг Худо назарида тўғри эмас. 22Энди тавба қилиб, бу фосиқ ниятингдан қайт, “Мени кечиргин”, деб Эгамизга ибодат қил, балки юрагингдаги ниятингни У кечирар. 23Кўриб турибман: юрагинг аччиқ зардага тўла, ўзинг фосиқлик занжирига боғлангансан.
24Шимўн шундай жавоб берди:
— Мен учун Эгамизга ибодат қилинглар, тағин айтганларингиздан бири бошимга тушмасин.
25Бутрус билан Юҳанно у ерда гувоҳлик бериб, Раббимиз Исо ҳақидаги хабарни ваъз қилдилар. Шундан кейин Самариянинг кўп қишлоқларида Хушхабарни эълон қилиб, Қуддусга қайтиб кетдилар.
Филип ва Ҳабашистонлик амалдор
26Шу орада Эгамизнинг бир фариштаси Филипга деди: “Қани, бўл, жанубга бор, Қуддусдан Ғазога олиб борадиган саҳро йўлидан кет.” 27Филип йўлга чиқди, кетаётиб Ҳабашистонлик бир амалдорни учратиб қолди. У Ҳабашистон маликасининг#8:27 Ҳабашистон маликаси — юнонча матнда Ҳабашистон маликаси Кандаки. Фиръавн сўзига ўхшаб, Кандаки сўзи унвон бўлган, бу маликанинг исми эмас эди. бош хазинабони лавозимидаги катта амалдор эди. У сажда қилгани Қуддусга келиб, 28энди уйига қайтаётган эди. Амалдор аравада ўтирганича, Ишаё пайғамбар китобини ўқиб кетаётган эди. 29Муқаддас Руҳ Филипга: “Аравага яқинроқ бор, унинг ёнида юр”, деди. 30Филип югуриб, аравага етиб олди, амалдорнинг Ишаё пайғамбар китобини ўқиётганини эшитди. Филип:
— Ўқиётганингизни тушуняпсизми? — деб сўради.
31— Биронтаси ёрдам бермаса, тушунармидим?! — деб жавоб берди амалдор. У Филипга: “Чиқ, ёнимга ўтир”, деб таклиф қилди. 32Амалдор ўқиётган Муқаддас битиклар парчаси қуйидагилар эди:
“Бўғизланишга олиб борилган қўйдай,
Жун қирқувчи олдида жим турган қўзидай
У миқ этмади, оғзини очмади.
33У хўрланди. Адолатдан маҳрум қилинди.
Унинг насли ҳақида ким ўйлайди?
Ер юзида унинг ҳаётига чек қўйилди.”#8:32-33 Муаллиф бу ўринда Ишаё 53:7-8 нинг қадимий юнонча таржимасидан фойдаланган.
34Амалдор Филипдан сўради:
— Айт–чи, пайғамбар бу гапларни ким тўғрисида айтди — ўзи тўғрисидами ёки бошқа биронтаси тўғрисидами?
35Шундан кейин Филип тушунтира бошлади, Муқаддас битикларнинг шу қисмидан бошлаб, Исо ҳақидаги Хушхабарни амалдорга сўзлаб берди. 36-37Улар йўлда кетаётганларида, сув бор жойга келиб қолдилар. Шунда амалдор деди:
— Мана бу ерда сув бор экан. Сувга чўмдирилишимга нима халақит беради?!#8:36-37 Юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида қуйидаги сўзлар 37–оятни ташкил этиб, қўшимча қилинган: Филип унга деди: “Агар бутун қалбингиз билан ишонсангиз, бўлади.” Амалдор деди: “Исо Масиҳ — Худонинг Ўғли деб ишонаман.”
38Амалдор аравани тўхтатишга буюрди. Улар иккаласи — Филип билан амалдор сувга тушдилар, Филип уни сувга чўмдирди.
39Улар сувдан чиққанларидан кейин, Эгамизнинг Руҳи тўсатдан Филипни олиб кетди#8:39 …Эгамизнинг Руҳи тўсатдан Филипни олиб кетди — юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида Муқаддас Руҳ амалдорни қамраб олди ва Эгамизнинг бир фариштаси тўсатдан Филипни олиб кетди.. Амалдор уни қайтиб кўрмади, аммо хурсанд бўлганича, йўлида давом этди. 40Филип эса Азотус шаҳрида#8:40 Азотус шаҳри — Ашдод номи билан ҳам маълум. Бу шаҳар Филистияда, Ўрта ер денгизи яқинида жойлашган эди. пайдо бўлиб қолди. У Қайсарияга#8:40 Қайсария — Азотусдан 80 чақирим масофада, Ўрта ер денгизи бўйида жойлашган шаҳар. келгунча, бутун ўлка бўйлаб ўтар экан, ҳамма шаҳарларда Хушхабарни эълон қилиб бораверди.

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in