Ҳаворийлар 5
5
5–БОБ
Ханониё билан Сапфира
1Ханониё деган бир одам хотини Сапфира билан келишиб, мулкидан бир қисмини сотди. 2Ханониё пулнинг бир қисмини ўзига олиб қолди. Хотини бу ҳақда биларди. Ханониё пулнинг қолганини ҳаворийларга олиб бориб берди. 3Бутрус ундан сўради:
— Ханониё, нимага шайтонга қалбингдан жой бериб, Муқаддас Руҳга ёлғон гапирдинг? Ернинг пулидан бир қисмини олиб қолдинг–ку! 4Мулкингни сотмасингдан олдин, у сеники эди, сотганингдан кейин ҳам, пул сеники эди. Бундай иш қилишга қандай журъат этдинг?! Сен одамларга эмас, балки Худога ёлғон гапирдинг!
5Ханониё бу сўзларни эшитиши биланоқ ерга йиқилиб жон берди. Бу воқеани эшитганларнинг ҳаммаси қаттиқ ваҳимага тушиб қолди. 6Йигитлар келиб, унинг жасадини кафанладилар, кейин уни олиб чиқиб, дафн қилдилар.
7Уч соатлардан кейин Ханониёнинг хотини келди. Юз берган ҳодисадан у бехабар эди. 8Бутрус аёлдан сўради:
— Менга айт–чи, сен билан эринг ерларингизни фалон нархга сотдингизларми?
— Ҳа, ўшанча нархга сотдик, — деб жавоб берди аёл. 9Шунда Бутрус аёлга деди:
— Нима учун сизлар Эгамизнинг Руҳини синашга қарор қилдингизлар? Ана, эрингни дафн қилган одамлар эшикдан кириб келишяпти. Энди улар сени ҳам олиб чиқадилар.
10Шу заҳоти аёл ҳам йиқилди–ю, жон берди. Йигитлар кириб келиб кўрдиларки, аёл жон берибди. Улар аёлни ҳам олиб бориб, эрининг ёнига дафн қилдилар. 11Бу воқеани эшитган одамлар ва бутун жамоат#5:11 жамоат — Исо Масиҳга ишонган одамлар назарда тутилган. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги ЖАМОАТ сўзига қаранг. ваҳимага тушиб қолди.
Мўъжизалар ва ажойиботлар
12Ҳаворийлар халқ орасида кўплаб мўъжизалар ва ажойиботлар кўрсатардилар. Ҳамма имонлилар Сулаймон айвонида#5:12 Сулаймон айвони — 3:11 изоҳига қаранг. йиғилишарди. 13Халқ уларга ғоят ҳурмат кўрсатар, бегоналардан ҳеч ким уларга қўшилишга журъат қилолмасди. 14Аммо Раббимиз Исога имон келтириб, жамоатга қўшилган эркагу аёллар сони тобора кўпайиб бораверди. 15Одамлар: “Бутрус йўлдан ўтаётганда, унинг сояси буларнинг устига тушсин”, деб хасталарни кўчаларга олиб чиқишарди. Уларни чорпояларга, тўшакларга ётқизиб қўйишарди. 16Бир талай оломон ҳам Қуддус атрофидаги қишлоқлардан келди. Улар ҳам хаста, ёвуз руҳлардан азоб чекаётганларни олиб келган эдилар. Хасталарнинг ҳаммаси шифо топди.
Ҳаворийлар қувғин қилинадилар
17Шунда саддуқий мазҳабидан бўлган олий руҳоний ва унинг барча шериклари ҳаворийларга қаҳрини сочдилар. 18Улар ҳаворийларни ҳибсга олиб, давлат қамоқхонасига ташладилар. 19Аммо тунда Эгамизнинг бир фариштаси қамоқхона эшигини очди, ҳаворийларни ташқарига олиб чиқиб, шундай деди:
20— Боринглар, Маъбадда туриб, бу янги ҳаёт тўғрисидаги хабарни одамларга айтинглар.
21Ҳаворийлар бу гапни эшитиб, азонда Маъбад ҳовлисига кирдилар ва одамларга таълим бера бошладилар.
Олий руҳоний ва унинг ёрдамчилари Маъбадга келдилар ва Олий кенгашни, яъни ҳамма Исроил йўлбошчиларини чақиртирдилар. Ҳаворийларни олиб келиш учун қамоқхонага одам юбордилар. 22Маъбад миршаблари бориб, қамоқхонада ҳаворийларни топа олмадилар. Улар қайтиб келиб, хабар бердилар:
23— Борсак, қамоқхона маҳкам қулфланган, соқчилар эшик олдида туришган экан. Аммо эшикларни очиб ичкарига кирганимизда, ичкарида ҳеч кимни топа олмадик.
24Маъбад миршаббошиси#5:24 Маъбад миршаббошиси — 4:1 нинг иккинчи изоҳига қаранг. ва бош руҳонийлар бу сўзларни эшитиб, ҳаворийларга нима бўлди экан, деб ҳайрон бўлдилар. 25Шу пайт бир одам келиб, хабар берди:
— Сизлар қамоққа ташлаган одамлар Маъбад ҳовлисида турибдилар, одамларга таълим беряптилар.
26Миршаббоши билан миршаблар бориб, ҳаворийларни ҳибсга олдилар, аммо зўрлик қилмадилар. “Одамлар бизни тошбўрон қилмасин”, деб қўрқдилар.
27Улар ҳаворийларни олиб келиб, Олий кенгаш олдида турғизиб қўйдилар. Олий руҳоний уларга шундай деди:
28— Биз сизларга, бу Одамнинг номи билан таълим берманглар, деб қатъий тақиқламаганмидик?! Сизлар эса бутун Қуддус бўйлаб таълимотингизни ёйиб юборибсиз! Бу Одамнинг қонини бизнинг гарданимизга юклаяпсизлар!
29Бутрус билан ҳаворийлар шундай жавоб бердилар:
— Биз инсонга эмас, Худога итоат этишимиз лозим. 30Сизлар Исони ёғочга#5:30 ёғоч — Бутрус хочга ишора қилиб, Қонунлар 21:23 даги ёғочга қоқилган одам Худо томонидан лаънатлангандир деган гапни тингловчиларига эслатмоқчи бўлган. михлаб ўлдирган эдингизлар, ота–боболаримизнинг Худоси эса Уни тирилтирди. 31Худо Исони юксалтириб, Ўзининг ўнг томонига ўтқазди#5:31 …Ўзининг ўнг томонига ўтқазди — Забур 109:1 га қаранг. Ўнг томон мурувват ва барака ўрни деб ҳисобланган.. Исроил халқи тавба қилсин, уларнинг гуноҳлари кечирилсин деб, Худо Исони Сарвар ва Нажоткор қилиб тайинлади. 32Биз буларга гувоҳмиз, Муқаддас Руҳ ҳам гувоҳдир. Худо Муқаддас Руҳни Унга итоат этадиганларга инъом қилган.
33Олий кенгаш бу гапларни эшитиб, ғазабга минди, ҳаворийларни ўлдирмоқчи бўлди. 34Олий кенгашда халқнинг ҳурматига сазовор бўлган бир Таврот тафсирчиси бор эди. Унинг исми Гамалиёл бўлиб, у фарзийлардан#5:34 фарзийлар — яҳудийларнинг муҳим бир диний мазҳаби. Фарзийлар Таврот қонунларига қатъий риоя қилардилар, оғзаки равишда тарқалган урф–одатларга ҳамда покланиш удумларига изчил амал қилардилар. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги ФАРЗИЙ сўзига қаранг. эди. Гамалиёл ўрнидан туриб, ҳаворийларни қисқа вақтга ташқарига олиб чиқишларини буюрди. 35Шундан кейин у Олий кенгашга деди:
— Эй, Исроил йўлбошчилари, бу одамларни бирон нарса қилмоқчи бўлсангиз, эҳтиёт бўлинглар. 36Эсингизда бўлса, бир қанча вақт олдин Февдас деган одам буюкликка даъво қилганди. Ҳатто тўрт юзтача одам унга эргашди. Аммо Февдас ўлдирилди, унинг издошлари тарқалиб, йўқ бўлиб кетди. 37Шундан кейин аҳолини рўйхатга олиш пайтида пайдо бўлган Жалилалик Яҳудо бир қанча одамни ортидан эргаштирди. У ҳам ҳалок бўлди, унга эргашганларнинг ҳаммаси тарқалиб кетди. 38Шу боис сизларга айтяпман: бу одамларга қарши бирон ҳаракат қила кўрманглар. Уларни ўз ҳолига қўйинглар! Уларнинг режалари ва қилаётган ишлари инсонники бўлса, бу ишлари барҳам топади. 39Агар Худодан бўлса, сизлар уларни мағлуб қила олмайсизлар. Яна ўзларингиз Худога қарши жанг қилаётган бўлиб қолманглар.
40Шундай қилиб, Олий кенгаш Гамалиёлнинг маслаҳатига рози бўлди. Улар ҳаворийларни чақириб, қамчи билан савалатдилар, “Ҳеч қачон Исонинг номи билан гапирмайсизлар”, деб буйруқ бериб, қўйиб юбордилар.
41Ҳаворийлар Олий кенгаш ҳузуридан хурсанд бўлиб чиқдилар, чунки улар “Худо бизни Исонинг номи учун ҳақоратланишимизга лойиқ ҳисоблади”, дер эдилар. 42Улар ҳар куни Маъбад ҳовлисида ва одамларнинг уйларида таълим берардилар. Исонинг Масиҳ экани тўғрисидаги Хушхабарни ваъз қилишда давом этавердилар.
Currently Selected:
Ҳаворийлар 5: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy
Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020