Ҳаворийлар 11
11
11–БОБ
Қуддусдаги имонлилар жамоатига Бутруснинг хабари
1Ҳаворийлар ва Яҳудиядаги имонлилар: “Ғайрияҳудийлар ҳам Худонинг каломини қабул қилибдилар” деган хабарни эшитдилар. 2Бутрус Қуддусга борганда, яҳудий имонлилар#11:2 яҳудий имонлилар — юнонча матнда суннат қилинганлар, Исо Масиҳга ишонган яҳудийлар назарда тутилган. Бу ўринда уларнинг Мусо қонунларига, айниқса суннат ҳақидаги амрига (Ибтидо 17:9-14 га қаранг), қатъий риоя қилаётганларига ишора бўлиши мумкин. унга таъна қилдилар:
3— Сиз суннатсиз одамларникида меҳмон бўлибсиз, улар билан бирга еб–ичибсиз!
4Шунда Бутрус уларга юз берган воқеани батафсил тушунтира бошлади:
5— Мен Яффа шаҳрида ибодат қилаётган эдим, бир пайт ҳушимдан кетиб, ваҳий кўрибман. Осмондан катта дастурхонга ўхшаш бир нарса тўрт бурчагидан осилган ҳолда олдимга тушиб келди. 6Мен ўша нарсанинг ичига яхшилаб қарадим ва унда турли хил чорва ва ёввойи ҳайвонларни, судралиб юрувчилар ва қушларни кўрдим. 7Ўшанда бир овоз менга: “Тур, Бутрус, сўйиб егин” деганини эшитдим. 8Мен шундай жавоб бердим: “Асло ундай қилмайман, Эгам! Мен ҳеч қачон ҳаром ёки нопок нарсаларни#11:8 ҳаром ёки нопок нарсалар — 10:14 изоҳига қаранг. оғзимга олмаганман!” 9Аммо ўша овоз иккинчи марта эшитилиб: “Худо ҳалол деб айтган нарсаларни сен ҳаром деб айтмаслигинг керак”, деб осмондан гапирди. 10Бу суҳбат уч марта такрорланди. Шунда дастурхонга ўхшаш ўша нарса яна осмонга олинди. 11Худди шу пайтда Қайсариядан юборилган учта одам мен турган уйга етиб келган эди. 12Муқаддас Руҳ менга: “Ҳеч иккиланмай бу одамлар билан бирга бор”, деб айтди. Бу олти биродар мен билан бирга бориб, ўша одамнинг уйига кирди. 13У одам уйида фаришта пайдо бўлганини, унинг ўзи бу фариштани кўрганини бизга сўзлаб берди. Фаришта унга шундай дебди: “Яффага одам юбориб, Бутрус деган одамни#11:13 Бутрус деган одам — юнонча матнда Бутрус деган Шимўн. 10:5 изоҳига қаранг. чақиртириб кел. 14У сенга айтадиган хабар орқали ўзинг ва оиланг нажот топасизлар.” 15Мен гапимни бошлашим биланоқ, Муқаддас Руҳ олдин бизни қамраб олгани сингари, уларни ҳам қамраб олди. 16Шунда мен Раббимиз Исонинг: “Яҳё сувга чўмдирган эди, сизлар эса Муқаддас Руҳга чўмдириласизлар” деган сўзларини эсладим#11:16 деган сўзлари — 1:5 га қаранг.. 17Биз Раббимиз Исо Масиҳга имон келтирганимизда, Худо бизга берган инъомни уларга ҳам берган бўлса, мен ким бўлибманки, Худога қаршилик қилсам?!
18Улар бу сўзларни эшитиб, жим бўлиб қолдилар. Сўнг Худога ҳамду сано айтиб:
— Худо ҳатто ғайрияҳудийларни ҳам ҳаётга элтадиган тавбага олиб борибди, — дедилар.
Антиохиядаги имонлилар жамоати
19Стефан ўлдирилгандан кейин бошланган қувғинлар оқибатида имонлилар Финикия, Кипр ва Антиохияга тарқалиб кетдилар. Улар Исо ҳақидаги хабарни яҳудийлардан бошқа ҳеч кимга айтмасдилар. 20Уларнинг орасида Кипр ва Киринеядан Антиохияга#11:20 Антиохия — Рим империясига қарашли Сурия вилоятининг пойтахти. Бу шаҳар бутун Рим империясида буюк шаҳарларнинг орасида учинчи ўринда турган. келган баъзи имонлилар бор эди. Улар Раббимиз Исо тўғрисида у ердаги ғайрияҳудийларга#11:20 ғайрияҳудийлар — юнонча матнда юнонзабонлар, яъни яҳудий бўлмаган, лекин юнон тилида сўзлашувчи, юнон урф–одатларига риоя қилувчи одамлар назарда тутилган. Улар яҳудийларнинг Худосига сажда қиладиган, “Худодан қўрқадиган” деб ном олган ғайрияҳудийлар бўлса керак (10:2 изоҳига қаранг). ҳам ваъз қилдилар. 21Эгамизнинг қудрати уларда бор эди, шунинг учун кўпчилик имонга келиб, Раббимизга юз бурди. 22Бу янгилик Қуддусдаги имонлилар жамоатига етиб келди. Жамоатдагилар Барнабони Антиохияга жўнатдилар. 23У келиб, Худонинг марҳаматини кўрганидан хурсанд бўлди. Ҳаммага: “Чин юракдан Раббимиз Исога садоқатингизни сақлаб қолинглар”, деб насиҳат қилди. 24У Муқаддас Руҳга ва имонга тўла, олижаноб одам эди. Жуда кўп одамлар Исони Раббим деб имонга келдилар.
25Шундан кейин Барнабо Шоулни#11:25 Шоул — Павлус исми билан танилган (13:9 га ва ўша оятнинг изоҳига қаранг). излаб Тарсус шаҳрига кетди. У Шоулни топгандан кейин, уни Антиохияга олиб келди. 26Шундай қилиб, Барнабо билан Шоул бир йил давомида у ердаги жамоат билан бир жойга йиғилиб, бир қанча одамларга таълим бердилар. Шогирдларга биринчи марта Антиохия шаҳрида “масиҳийлар” деб ном берилди.
27Ўша пайтда Қуддусдан Антиохияга пайғамбарлар келдилар. 28Улардан бири — Хагабус дегани ўртага чиқиб, бутун оламда қаттиқ очарчилик бўлишини Муқаддас Руҳ орқали башорат қилди. (Унинг башорати Қайсар#11:28 Қайсар — барча Рим императорларига берилган унвон. Клавдий#11:28 Клавдий — милодий 41-54 йилларда ҳукмронлик қилган. ҳукмронлиги даврида амалга ошди.) 29Шогирдлар, имконимиз борича Яҳудияда яшайдиган имонли биродарларимизга ёрдам жўнатамиз, деб қарор қилдилар. 30Улар айтганларини қилиб, Барнабо ва Шоул орқали Қуддусдаги жамоат оқсоқолларига ҳадялар юбордилар.
Currently Selected:
Ҳаворийлар 11: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy
![None](/_next/image?url=https%3A%2F%2Fimageproxy.youversionapi.com%2F58%2Fhttps%3A%2F%2Fweb-assets.youversion.com%2Fapp-icons%2Fen.png&w=128&q=75)
Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020