YouVersion Logo
Search Icon

2 Бутрус 2

2
2–БОБ
Сохта устозларнинг гуноҳи ва жазоси
1Исроил халқи орасида сохта пайғамбарлар бўлгани каби, сизларнинг орангизда ҳам сохта устозлар бўлади. Улар найранг ишлатиб, орангизда ҳалокатли бидъатлар тарқатадилар. Ҳатто уларнинг жонларини сотиб олган Хўжайинини ҳам рад этиб, бу билан ўзларини муқаррар кулфатга йўлиқтирадилар. 2Кўп одамлар уларга тақлид қилиб, ахлоқсиз ҳаёт кечирадилар. Уларнинг дастидан имонсизлар ҳақиқат йўлини ёмонлайдилар. 3Бу тамагир устозлар тўқиб чиқарган гаплари билан сизларни йўлдан оздирадилар, сўнг пулингизни шилиб оладилар. Аммо Худо бундай одамларни анча олдин ўлимга маҳкум қилиб қўйган. У мудрамайди, уларнинг ҳалокатини кечиктирмайди.
4Худо ҳатто гуноҳ қилган фаришталарни#2:4 гуноҳ қилган фаришталар — қилмишлари учун жазоланган илоҳий зотларга ишора бўлиши мумкин, бу зотлар ҳақида Ибтидо 6:1-4 да ёзилган. Яна 1 Бутрус 3:19-20, Яҳудо 6-7–оятларга қаранг. ҳам аямаган. Қиёмат кунигача уларни тубсиз чуқурликдаги зулматга занжирбанд қилиб қўйган. 5Худо қадимги дунёни ҳам аямай, бетавфиқлар устига тўфон келтирди. У фақат солиҳлик жарчиси бўлган Нуҳни#2:5 Нуҳ — Ибтидо 6:5-7:24 га қаранг. ва бошқа етти кишини омон сақлади. 6Худо Садўм ва Ғамўра шаҳарларини#2:6 Садўм ва Ғамўра шаҳарлари — аҳолисининг ўта бузуқлиги оқибатида Эгамиз вайрон қилган иккита шаҳар (Ибтидо 18:16-19:28 га қаранг). ҳалокатга маҳкум этди. Худосизларга сабоқ бўлсин деб, бу шаҳарларни куйдириб кул қилди. 7Бебош одамларнинг ўтакетган ахлоқсизликларидан азоб чеккан солиҳ Лутни#2:7 Лут — Ибтидо 19:1-29 га қаранг. эса қутқарди. 8Ўша халқ орасида яшаган бу солиҳ одам ҳар куни уларнинг қабиҳ ишларини кўриб эшитгани учун ичидан эзилиб қийналар эди. 9Бу мисоллар қуйидагиларни англатади: Эгамиз тақводорларни кулфатлардан қутқара олади, бетавфиқларни эса қиёмат кунидаги азоблар учун сақлайди. 10Айниқса, шаҳвоний ҳирсга берилиб, ўз танасини булғатувчи, илоҳий ҳокимиятни эса рад қилувчи одамларни У жазолайди.
Дарвоқе, орангиздаги сохта устозлар ҳам илоҳий ҳокимиятни рад қиляптилар, улар сурбет ва такаббурдирлар. Улар самовий мавжудотлардан#2:10 самовий мавжудотлар — ёвузлик ва қабиҳликка юз тутган фаришталарга ишора. Баъзан бу фаришталар ёвуз руҳлар ёки жинлар деб ҳам аталади. Яна Яҳудо 8-10–оятларга қаранг. қўрқмайдилар, уларни назарга ҳам илмайдилар. 11Фаришталар ўша ёвуз мавжудотлардан кучлироқ ва қудратлироқ бўлишларига қарамай, Эгамизнинг ҳузурида мавжудотларни ҳақоратламайдилар, ҳукм ҳам қилмайдилар. 12Аммо бу сохта устозлар ёввойи ҳайвонларга ўхшайдилар, улар фақат туғма ҳис–туйғуларига берилиб яшайдилар. Ўзлари англаб етмайдиган ёвуз мавжудотларни менсимай юрибдилар. Бироқ улар ўша мавжудотлар билан бирга ҳалок бўладилар, ҳайвонлар сингари овланиб, йўқ қилинадилар.
13Сохта устозларнинг қилган ноҳақликлари ўзларининг бошига етади. Ахир, улар куппа–кундузи айш–ишрат қилишни хуш кўрадилар, жамоатингиз шаънига доғ туширадилар. Сизлар таом ейиш учун бирга йиғилганингизда, Раббимиз Исони хотирлаш учун нон синдирганингизда, улар орангизда ўтириб, кайфу сафо қиладилар. Бузуқлиги билан бошқаларни йўлдан урадилар. 14Кўзлари доимо шаҳват билан ёнади, гуноҳ қилиб тўймайдилар. Улар имонда суст кишиларни овлаб, йўлдан оздирадилар. Бу сохта устозлар истаган нарсасини ундириб олишга устаси фарангдирлар. Эҳ, лаънатга учрагурлар! 15Улар тўғри йўлни тарк этдилар, Бавўр ўғли Балом#2:15 Балом — Мўаб ва Мидиён халқлари билан қилган ҳамкорлиги учун Исроил халқининг душмани ҳисобланган эди (Саҳрода 22:4-35, 25:1-5, 16-18, 31:16, Ёшуа 13:22, 24:9-10, Ваҳий 2:14 га қаранг). йўлидан бориб, гумроҳ бўлдилар. Балом ҳаром йўл билан пул топишни хуш кўрганди. 16Лекин бу гуноҳи учун таъзирини еди. Тилсиз эшак тилга кириб, инсон овози билан пайғамбарнинг аҳмоқлигига чек қўйди.
17Бу сохта устозлар бамисоли сувсиз қудуқдирлар, шамолда тез ғойиб бўладиган туман кабидирлар. Улар учун тим қоронғи зулмат тайёрлаб қўйилган. 18Чунки улар нотўғри йўлдан зўрға қочиб қутулган имонлиларни яна ахлоқсизлик домига тортадилар. Дабдабали, аммо тентаксимон гаплари билан уларни авраб, нафсларини қўзғатадилар. 19Уларга: “Эркин бўласизлар”, дея ваъда берадилар, ҳолбуки, ўзлари гуноҳ қулидирлар. Ахир, одам нимадан енгилса, ўшанинг қули бўлар, деб бежиз айтилмаган.
20Раббимизу нажоткоримиз бўлган Исо Масиҳни таниб, дунёнинг қабоҳатларидан қочиб қутулган одамлар яна эски қилиқларига қайтиб, қабиҳликка мағлуб бўлишса, уларнинг сўнгги аҳволи олдингидан ҳам баттар бўлади. 21Солиҳлик йўлини билгандан кейин, уларга топширилган муқаддас амрлардан юз ўгиргандан кўра, бу йўлни ҳеч билмагани ўзлари учун яхшироқ бўлар эди. 22Бундай одамларга мана шу мақол айнан тўғри келади:
“Ит ўз қусуғига қайтар#2:22 Ит ўз қусуғига қайтар… — Ҳикматлар 26:11 га қаранг.,
Ювилган чўчқа эса балчиққа.”

Currently Selected:

2 Бутрус 2: ЎзбМК

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in