YouVersion Logo
Search Icon

2 Бутрус 1

1
1–БОБ
Дуойи салом
1Исо Масиҳнинг қули ва ҳаворийси мен — Шимўн Бутрусдан#1:1 Шимўн Бутрус — Исо Масиҳ Шимўнга Бутрус исмини берган эди (Марк 3:16, Луқо 6:14 га қаранг). Баъзан иккала исм, Шимўн Бутрус, биргаликда ишлатилган. биз каби қадрли бир имонга эга бўлган биродарларга салом! Худойимиз ва нажоткоримиз Исо Масиҳ одил бўлгани учун ҳаммамизга бирдай барака берган. 2Сизлар Худони ва Раббимиз Исони таниб–билар экансиз, Худонинг чексиз инояти ва тинчлиги доим сизларга ёр бўлсин.
Масиҳнинг даъватига муносиб бўлинглар
3Раббимиз Исо Ўз улуғворлиги ва эзгулиги ила бизни даъват этиб, Ўзини бизга танитди. Энди биз Худога муносиб ҳаёт кечира оламиз, чунки Раббимиз илоҳий қудрати билан бизга зарур бўлган барча фазилатларни ато этди. 4Масиҳнинг шарофати билан биз Худо ваъда қилган баракаларни олдик. Энди сизлар бузғунчи эҳтирослар дастидан авж олган бу дунёнинг ахлоқсизлигидан қочиб, Худонинг илоҳий табиатидан баҳраманд бўла оласизлар.
5Буларни ёдингизда тутиб, Худога муносиб ҳаёт кечириш учун жон куйдиринглар. Имонингизни фазлу камолот, илму маърифат, 6вазминлик, сабр–тоқат, диёнат, 7биродарларингизга бўлган меҳр–оқибат ва тугал муҳаббат билан бойитинглар. 8Агар бу хислатларга эга бўлиб, уларни камол топтираётган бўлсангиз, демак, Раббимиз Исо Масиҳни ҳақиқатан таниб–билган бўласиз. Кунларингиз беҳуда ўтмаган бўлади, Масиҳни билганингиз ҳаётингизда ўз самарасини беради. 9Бу хислатларга эга бўлмаганлар эса калтабин ва кўрдирлар, улар аввалги гуноҳларидан покланганини унутганлар.
10Шундай экан, эй биродарларим, Масиҳ сизларни танлаганини ва даъват этганини тасдиқлашга астойдил ҳаракат қилинглар. Айтилган хислатларга эга бўлсангиз, имондан қайтмайсизлар. 11Шунда Раббимиз ва нажоткоримиз Исо Масиҳ сизларга Ўзининг абадий Шоҳлиги эшикларини кенг очиб беради.
12Сизлар айтганларимнинг ҳаммасини биласизлар, ўзларингиз Масиҳ ҳақида ўрганган ҳақиқатда собит турибсизлар. Шунга қарамай, буларни сизларга доимо эслатиб туришни хоҳлайман. 13Тирик эканман, буларни ёдингизга солиб туришни канда қилмайман. Бу мен учун фарз, 14чунки ҳадемай бу оламдан кўз юмишимни биламан. Раббимиз Исо Масиҳнинг Ўзи буни менга маълум қилган. 15Бу дунёдан ўтиб кетганимдан кейин ҳам, сизлар айтганларимни эсда сақланглар, деб мен бу мавзуни қўлимдан келганча батафсил ёритиб беришга ҳаракат қилдим.
Масиҳнинг келиши афсона эмас
16Раббимиз Исо Масиҳнинг куч–қудрат билан келиши афсона эмас. Биз сизларга ўргатган бу таълимотни ўзимиз тўқиб чиқармадик. Ахир, Масиҳнинг улуғворлигини ўз кўзимиз билан кўрган эдик. 17-18Отамиз Худо муқаддас тоғда#1:17-18 …муқаддас тоғда… — Матто 17:1-8 га қаранг. Масиҳни шон–шараф ила юксалтирганда, биз ўша ерда эдик. Маҳобатли ва улуғвор Худонинг самодан: “Бу Менинг севикли Ўғлимдир#1:17-18 Бу Менинг севикли Ўғлимдир — Забур 2:7 га қаранг., Ундан мамнунман#1:17-18 Ундан мамнунман — Ишаё 42:1 га қаранг.”, — деган овозини эшитган эдик.
19Бундан ташқари, биз пайғамбарларнинг башоратларига тўлиқ ишонамиз. Сизлар ҳам уларнинг сўзларига диққат этсангизлар, яхши қилган бўласизлар. Зеро, бу сўзлар Масиҳ келадиган кунгача сизлар учун гўё зулматда нур сочиб турган чироқдай бўлади. Сўнг Масиҳнинг Ўзи келади. Унинг келиши тонг юлдузи каби бўлиб, янги замоннинг бошланишидан дарак беради, Масиҳнинг нури қалбларингизни ёритади. 20Энг аввало, шуни билингларки, Муқаддас битиклардаги башоратларнинг ҳеч бири пайғамбарларнинг шахсий талқини эмас. 21Ҳеч бир ҳақиқий пайғамбар ўзининг инсоний хоҳиши билан башорат қилган эмас. Бу пайғамбарлар Муқаддас Руҳ томонидан бошқарилиб, Худонинг сўзларини гапирганлар.

Currently Selected:

2 Бутрус 1: ЎзбМК

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in