1 Бутрус 3
3
3–БОБ
Эр–хотинлик муносабатлари
1-2Эгамиз ҳақи–ҳурмати, сиз, хотинлар, ўз эрларингизга бўйсунинглар. Эрларингиз Хушхабарни рад этишса ҳам, уларга итоат этинглар. Сизнинг ибратли хулқ–атворингиз ҳар қандай сўздан кўра, таъсирлироқ бўлади. Эрларингиз покиза ҳаётингизни ва Худодан қўрқиб яшаётганингизни кўриб, имонга келишади. 3Сизнинг жозибангиз ўрилган сочлар, олтин тақинчоқлар, чиройли кийимлар каби ташқи зеб–зийнатдан иборат бўлмасин. 4Аммо қалбингиздаги ювош ва сокин руҳ сизларнинг сўлмайдиган ички гўзаллигингиз бўлсин. Худонинг назарида бундай гўзалликнинг қадри юксакдир. 5Ўтмишда Худога умид боғлаган муқаддас хотинлар ҳам ўзлари шу йўсинда безаниб, эрларига бўйсунар эдилар. 6Масалан, Сора#3:6 Сора — Ибтидо 18:12 га қаранг. ҳам Иброҳимга итоат этиб, уни хўжайин деб атар эди. Агар сизлар яхшилик қилиб, ҳар қандай қўрқувдан саросимага тушмасангиз, Соранинг қизлари ҳисобланасизлар.
7Эй эрлар, сизлар ҳам, Эгамиз ҳақи–ҳурмати, хотинларингизга эътиборли бўлинглар, улар заиф жинсдан эканлигини ҳисобга олинглар. Улар ҳам абадий ҳаёт иноятидан баҳраманд бўлганлари учун уларни ҳурмат қилинглар. Акс ҳолда, ибодатларингиз ижобат бўлмайди.
Ҳақиқат йўлида азоб чекиш ҳақида
8Хуллас, ўзаро ҳамфикр, ҳамдард бўлинглар, бир–бирингизни биродарларча яхши кўринглар, меҳр–шафқатли ва камтар бўлинглар. 9Ёмонликка ёмонлик, ҳақоратга ҳақорат билан жавоб қайтарманглар, аксинча, ҳаммани дуо қилинглар. Зеро, Худо сизларни шунга даъват этган. Буларга риоя қилсангиз, барака топасизлар. 10Ахир, Муқаддас битикларда шундай ёзилган:
“Кимки ҳаётдан завқланишни,
Бахтли умр кўришни истаса,
У тилини ёмон сўздан тийсин,
Оғзини ёлғон гапдан асрасин.
11Ёмонликдан қайтиб, яхшилик қилсин.
Тинчлик истаб, тинчлик пайида бўлсин.
12Чунки Эгамиз солиҳларни кузатиб туради,
Уларнинг илтижосини Эгамиз эшитади.
Бадкирдорлардан эса юз ўгиради#3:12 Юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида қуйидаги сўзлар охирги мисра сифатида қўшимча қилинган: Уларнинг хотирасини ер юзидан ўчиради..”#3:10-12 Забур 33:13-17 га қаранг.
13Агар яхшилик қилишга бел боғласангиз, ким ҳам сизларга озор бера оларди?! 14Ҳатто тўғри иш учун азоб чекаётган бўлсангиз ҳам, бахтиёрсизлар! Дўқ–пўписа қилувчилардан қўрқманглар, ҳаяжонга тушманглар. 15Қўрқувга тобе бўлманглар, балки бутун қалбингиз билан Раббимиз Исо Масиҳнинг#3:15 Исо Масиҳ — юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида Худо. ҳокимиятига бўйсунинглар. Масиҳга бўлган умидингиз ҳақида сиздан сўраган ҳар бир кишига жавоб беришга доимо тайёр туринглар. Лекин буни мулойимлик ва ҳурмат билан бажо қилинглар. 16Виждонингиз тоза бўлсин, токи Масиҳ йўлидаги ибратли ҳаётингизни ёмонлаганлар ўз гапларидан уялиб қолсинлар.
17Агар яхшилик қилиб азоб чекишингизни Худо лозим кўрса, ҳар ҳолда ёмонлик қилиб азоб чекишдан бу афзалроқдир.
Масиҳ ёвузлик устидан ғалаба қозонди
18Масиҳ бизни гуноҳларимиздан то абад фориғ қилиш учун азоб чекканини ёдингизда тутинглар. У солиҳ бўла туриб, биз, гуноҳкорларни Худога яқинлаштириш учун жонини фидо қилди. Уни жисман ўлдиришди, аммо У янги, улуғвор ҳаёт учун тирилди#3:18 …У янги, улуғвор ҳаёт учун тирилди — юнонча матнда …У руҳда тирилган. Бу ўринда руҳда сўзи инсоннинг тирилган танадаги янги ҳолатига ишора қилади.. 19Сўнг зиндонга қамалган ёвуз руҳлар#3:19 зиндонга қамалган ёвуз руҳлар — қилмишлари учун жазоланган илоҳий зотларга ишора бўлиши мумкин, бу зотлар ҳақида Ибтидо 6:1-4 да ёзилган (шу бобнинг 20–оятига қаранг). Яна 2 Бутрус 2:4, Яҳудо 6-7–оятларга қаранг. олдига бориб, улар устидан ғалаба қилганини эълон этди. 20Қадим замонда бу руҳлар Худога итоатсизлик қилиб, инсониятни йўлдан оздирганди. Аммо Худо сабр қилди. Нуҳ#3:20 Нуҳ — Ибтидо 6:5-7:23 га қаранг. ўз кемасини қуриб бўлгунча Худо инсониятни ҳукм қилмай, кутиб турди. Ўша кемага фақат саккизтагина одам кириб, тўфон сувларидан омон қолганди. 21Нуҳ ва унинг оиласи билан рўй берган бу ҳодиса биз учун тимсол ҳисобланади. Бу тимсол бизнинг имонга келишимизни ва сувга чўмдирилишимизни билдиради. Чўмдирилиш маросими баданни кирдан тозалаш эмас, балки Худога: “Сенга содиқ қоламан”, деб чин юракдан ваъда бериш демакдир. Дарҳақиқат, сизлар сувга чўмдирилганингизда, Исо Масиҳнинг тирилиши туфайли нажот топдингизлар. 22Масиҳ осмонга кўтарилиб, Худонинг ўнг томонида ўтирибди#3:22 …Худонинг ўнг томонида ўтирибди — Забур 109:1 га қаранг. Ўнг томон мурувват ва барака ўрни деб ҳисобланган.. Коинотдаги ҳар бир фаришта, ҳар қандай кучлару ҳукмронлар Масиҳга тобедир.
Currently Selected:
1 Бутрус 3: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020