Ибтидо 2
2
2–БОБ
1Шундай қилиб, осмон билан ер ҳамда улардаги жамики нарсалар яратилди. 2-3Еттинчи куни Худо барча яратиш ишларини битириб, дам олди. Худо еттинчи куни ҳамма ишларидан дам олгани учун бу кунни муборак қилди, уни муқаддас деб бошқа кунлардан ажратди.
4Осмон билан ернинг#2:4 Осмон билан ер — 1:1 изоҳига қаранг. яратилиши ана шулардан иборатдир.
Адан боғи
Парвардигор Эгамиз осмон билан ерни яратган пайтда 5ер юзида на бирон ўт, на бирон гиёҳ унган эди. Чунки Парвардигор Эгамиз ҳали ерга ёмғир ёғдирмаган, ерга ишлов берадиган бирон кимса яратмаган эди. 6Лекин ер остидан сув чиқиб#2:6 …сув чиқиб… — ёки …буғ кўтарилиб…., бутун ер юзини суғорарди. 7Шундан кейин Парвардигор Эгамиз ернинг тупроғидан одамни#2:7 одам — ибронийча матндаги одам (адам) ва тупроқ (адама) сўзлари оҳангдошдир. ясади ва унинг бурун тешигидан пуфлаб, жон ато этди. Шундай қилиб, одам тирик жон бўлди. 8Парвардигор Эгамиз шарқда — Адан деган жойда боғ барпо қилиб, Ўзи яратган одамни ўша боққа қўйди. 9Кейин Парвардигор Эгамиз ердан чиройли, лаззатли мева берадиган ҳар хил дарахтларни ўстирди. Боғнинг ўртасида эса ҳаёт дарахтини ва яхшилик билан ёмонликни билиш дарахтини ўстирди.
10Адандан бир дарё оқиб келиб, боғни суғоради ва ўша ерда тўрт ирмоққа бўлинади. 11Биринчи ирмоқнинг номи Пишон бўлиб, бутун Хавила ери бўйлаб оқади. Бу жойда олтин бор. 12Ўша ернинг олтини жуда ҳам тозадир. У ерда марварид#2:12 марварид — ёки хушбўй елим. ва ақиқ тошлар ҳам бор. 13Иккинчи ирмоқнинг номи Гихўн бўлиб, бутун Куш#2:13 Куш — ибронийча матнда Куш сўзи одатда Мисрдан жанубда жойлашган ерларни билдиради. Бу ерлар ҳозирги Судан ва Эфиопия мамлакатларининг бир қисмини ўз ичига олган эди. Бироқ бу оятда ҳозирги Эроннинг ғарбидаги ерлар назарда тутилган бўлиши мумкин. ери бўйлаб оқади. 14Учинчи ирмоқнинг номи Дажла бўлиб, Оссурия шаҳрининг шарқидан оқиб ўтади. Тўртинчи ирмоқнинг номи Фуротдир.
15Шундай қилиб, Парвардигор Эгамиз, бу одам боққа ишлов берсин, парвариш қилсин деб, уни Адан боғига жойлаштирди. 16Парвардигор Эгамиз унга шундай амр қилди: “Сен боғдаги ҳамма дарахтнинг мевасидан бемалол еявер. 17Лекин яхшилик ва ёмонликни билиш дарахтининг мевасидан емайсан, ундан ейишинг биланоқ, шубҳасиз, ўласан.”
18Сўнгра Парвардигор Эгамиз: “Одамнинг ёлғиз бўлиши яхши эмас, унга муносиб шерик яратаман”, деди. 19Шундай қилиб, У тупроқдан ҳар хил ҳайвонларни ва ҳар хил қушларни яратди. “Бу жониворларни одам кўриб қанақа ном бераркин”, дея уларни одамнинг олдига олиб келди. Одам ҳар бир жонивор учун ном танлади. 20Одам ҳамма чорвага, қушларга ва ёввойи ҳайвонларга ном берди. Лекин ҳамон одамга муносиб шерик йўқ эди. 21Шу боисдан Парвардигор Эгамиз уни қаттиқ ухлатиб қўйди. Одам ухлаб ётганда, Худо унинг қовурғасидан биттасини олиб, ўрнини беркитиб қўйди. 22Парвардигор Эгамиз одамнинг қовурғасидан хотин кишини яратди ва уни одамнинг олдига олиб келди. 23Шунда одам айтди:
“Ниҳоят, бу менинг суякларимдан пайдо бўлган суякдир,
Менинг этимдан яралган этдир.
У Хотин деб аталгай,
Чунки у эркакдан#2:23 …Хотин…эркакдан… — ибронийча матндаги хотин (иша) ва эркак (иш) сўзлари оҳангдошдир. яратилгандир.”
24Шунинг учун эркак киши ота–онасидан бўлак бўлиб, хотинига боғланиб қолади, иккаласи бир тан бўладилар.
25Одам билан хотини қип–яланғоч юрардилар, бир–бирларидан уялиш ҳиссини сезмасдилар.
المحددات الحالية:
Ибтидо 2: ЎзбМК
تمييز النص
شارك
نسخ
هل تريد حفظ أبرز أعمالك على جميع أجهزتك؟ قم بالتسجيل أو تسجيل الدخول
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020