Ҳаворийлар 21

21
21–БОБ
Павлуснинг Қуддусга саёҳати
1Биз#21:1 Биз — 16:10 изоҳига қаранг. улар билан хайрлашиб, кемага ўтирдик ва тўғри Кос оролига келдик. Эртаси куни Родос оролига, кейин эса Патара шаҳрига бордик. 2У ерда биз Финикияга кетаётган кемани топиб, ўша кемада сузиб кетдик. 3Кипрга яқинлашганимизда, бу оролни чап томонимизда қолдириб, Финикияга#21:3 Финикия — юнонча матнда Сурия. Ўша даврда Финикия Рим империясига қарашли Сурия вилоятининг бир қисми эди. Ҳозирги Ливан мамлакатининг денгиз бўйидаги ҳудуди. йўл олдик. Тирда кемадан юк туширмоқчи бўлганлари учун биз қирғоқда қолдик. 4Исонинг у ердаги шогирдларини қидириб топдик ва улар билан бир ҳафта қолдик. Улар Муқаддас Руҳдан илҳомланиб, Павлусга: “Қуддусга борманг”, деб айтдилар. 5Бу ерда вақтимиз охирлаб қолгач, йўлга чиқиб, сафаримизни давом эттирдик. Имонлиларнинг ҳаммаси, хотинлари ва бола–чақалари билан бирга, бизни шаҳар ташқарисигача кузатиб чиқди. Денгиз бўйида тиз чўкиб, ибодат қилдик. 6Сўнг бир–биримиз билан хайрлашдик. Биз кемага чиқдик, улар ҳам уйларига қайтиб кетдилар.
7Биз Тир шаҳридан саёҳатни давом эттириб, Птолемай шаҳрига келдик. У ердаги имонлиларни зиёрат этиб, бир кун ёнларида қолдик. 8Эртаси куни йўлга чиқиб, Қайсарияга келдик. Хушхабарчи Филипнинг уйига бориб, уникида қолдик. Филип озиқ–овқат тақсимлаш учун сайланган етти кишидан#21:8 етти киши — 6:1-6 га қаранг. бири эди. 9Филипнинг турмушга чиқмаган тўртта қизи бўлиб, уларга башорат қилиш инъоми берилган эди. 10У ерда бир неча кун бўлганимиздан кейин, Яҳудиядан Хагабус#21:10 Хагабус — 11:27-28 га қаранг. деган пайғамбар келди. 11У бизнинг олдимизга келди ва Павлуснинг камарини олиб, ўзининг оёқ–қўлларини боғлади–да, шундай деди:
— Муқаддас Руҳ демоқда: мана бу камарнинг эгасини яҳудийлар Қуддусда худди шу сингари боғлаб, уни ғайрияҳудийлар#21:11 ғайрияҳудийлар — ўша даврда Яҳудияда ҳукмронлик қилган Рим империяси амалдорларига ишора. қўлига топширадилар.
12Бу гапни эшитганимиздан кейин биз ҳам, у ердаги одамлар ҳам Павлусга, Қуддусга борманг, деб ялиниб–ёлвордик. 13Шунда Павлус қуйидагича жавоб берди:
— Нима қиляпсизлар? Нимага йиғлаб, юрагимни сиқяпсизлар? Мен фақат оёқ–қўлларимнинг боғланишига эмас, балки Раббимиз Исонинг номи учун Қуддусга бориб ўлишга ҳам тайёрман.
14Биз Павлусни кўндира олмаганимиздан кейин, “Раббимиз истаганидай бўлсин”, деб жим қолдик. 15Бу ерда маълум вақт бўлганимиздан кейин, тайёргарлигимизни кўриб, Қуддусга йўл олдик. 16Қайсариядан Исонинг баъзи шогирдлари биз билан бирга бордилар. Улар бизни дастлабки имонлилардан бўлган Кипрлик Минасоннинг уйига олиб келдилар. Биз унинг хонадонида қолдик.
17Қуддусга келганимизда, имонлилар бизни хурсандчилик билан қабул қилдилар. 18Кейинги куни Павлус биз билан бирга Ёқубни#21:18 Ёқуб — 12:17 изоҳига қаранг. кўргани борди. Барча жамоат оқсоқоллари ҳам у ерда йиғилишган эди. 19Павлус улар билан саломлашгандан кейин, ўзининг хизмати орқали ғайрияҳудийлар орасида Худо қилган ишларни батафсил ҳикоя қилиб берди. 20Улар бу гапларни эшитиб, Худога ҳамду сано айтдилар. Кейин Павлусга дедилар:
— Биродаримиз Павлус, кўриб турибсизки, яҳудийлар орасида бир неча минг одам имонга келган. Уларнинг ҳаммаси қонунга чин дилдан ўзларини бағишлаганлар. 21Уларнинг эшитишича, сиз ғайрияҳудийлар орасида яшаётган ҳамма яҳудийларга, Мусонинг қонунидан воз кечинглар, болаларингизни суннат қилманглар#21:21 …болаларингизни суннат қилманглар… — суннат Худонинг Иброҳим ва унинг авлоди билан қилган аҳд белгиси эди (Ибтидо 17:9-14 га қаранг). Суннат яҳудийларнинг Худога содиқлигини ва Унинг танлаган халқига тегишли эканини кўрсатади., яҳудийларнинг урф–одатларига риоя қилманглар, деб таълим берган экансиз. 22Энди нима бўлади? Сизнинг келганингизни улар албатта эшитадилар. 23Энди бизнинг айтганларимизни қилинг. Орамизда назр атаган тўртта одам#21:23 назр атаган тўртта одам — бу эркаклар маълум бир муддат давомида шароб ичмасликка ва сочларини олдирмасликка онт ичган эдилар. Бу онт уларнинг Худога назр сифатида бағишланганини кўрсатар эди (Саҳрода 6:1-21 га қаранг). Белгиланган муддат ўтгандан кейин улар сочини олдириб, уни қурбонликка қўшиб Маъбадда назр қилишлари керак эди. Бошқа бир одам, назр атаган одамга пул бериб, қурбонлик қилинадиган ҳайвонни сотиб олиш учун ёрдам кўрсатиши мумкин эди. Бу ёрдам художўйлик ва сахийлик белгиси эди. Павлус яҳудий динининг расм–русумларига қарши эмаслигини кўрсатиш мақсадида, ўша тўртта одам билан бирга онтни бажариб, қурбонликларнинг барча харажатларини ўзи тўлаган. бор. 24Бу одамлар билан бирга Маъбадга бориб, у ерда покланиш маросимида иштирок этинг. Улар сочларини олдирганларида талаб қилинган покланиш қурбонлигининг харажатларини улар учун ўзингиз тўланг. Ана шунда, сиз тўғрингизда айтилган гаплар ҳақиқат эмаслигини, сиз эса Мусонинг қонунига риоя қилган ҳолда яшаётганингизни ҳамма билиб олади. 25Имонли ғайрияҳудийларга келсак, бир қанча вақт олдин биз уларга мактуб жўнатиб#21:25 …биз уларга мактуб жўнатиб… — 15:23-29 га қаранг., қуйидаги қароримизни маълум қилган эдик: “Бутларга келтирилган қурбонлик гўштини ва қони чиқарилмаган ҳайвон гўштини тановул қилишдан ҳамда фаҳш–зинодан#21:25 Бутларга келтирилган қурбонлик гўштини ва қони чиқарилмаган ҳайвон гўштини тановул қилишдан ҳамда фаҳш–зинодан… — 15:20 нинг изоҳларига қаранг. ўзларингизни тийинглар.”
26Эртаси куни Павлус ўша одамларни ёнига олиб, улар билан бирга ўзини поклади. Сўнг Маъбадга кириб, покланиш кунлари қачон тугашини, ҳар бир одам учун қачон қурбонлик келтирилишини эълон қилди.
Павлус Маъбадда қамоққа олинади
27Етти кунлик маросим охирлаб қолган эди. Асия вилоятидан келган яҳудийлар Павлусни Маъбадда кўриб қолдилар. Улар оломонни қайраб, Павлусни ушладилар.
28— Эй Исроил халқи! Ёрдам беринглар! — деб шовқин солди улар. — Манави одам ҳамма жойда бизнинг халқимизга, қонунимизга, Маъбадга қарши таълим бериб юради. Бунинг устига, у ғайрияҳудийларни#21:28 ғайрияҳудийлар — юнонча матнда юнонлар. 14:1 нинг иккинчи изоҳига қаранг. Маъбадга олиб келиб#21:28 …у ғайрияҳудийларни Маъбадга олиб келиб… — Маъбаднинг фақатгина яҳудийлар кириши мумкин бўлган жойлари назарда тутилган. Ғайрияҳудийлар фақатгина Маъбаднинг “ғайрияҳудийлар ҳовлиси” деб аталган ташқи ҳовлисига кира олар эдилар. Маъбаднинг ички ҳовлисига кирган ғайрияҳудийлар ўлимга маҳкум қилинардилар. Маъбадда бу ҳақда огоҳлантирувчи ёзувлар бўлган. Ғайрияҳудийларни Маъбаднинг ички ҳовлисига олиб кирган инсон ҳам ўлимга маҳкум қилиниши мумкин эди. Шоҳ Ҳирод қурдирган бу Маъбаднинг лойиҳаси ва расми луғатдан кейин илова қилинган “Расмлар ва лойиҳалар” бўлимида берилган., бу муқаддас жойни булғади!
29Бундай дейишларига сабаб, бундан олдин улар Эфеслик Трофимусни шаҳарда Павлус билан бирга кўришган бўлиб, “Павлус ўша ғайрияҳудийни Маъбадга олиб кирди”, деб ўйлаган эдилар.
30Бутун шаҳар оёққа турди, халқ биргалашиб ҳаракатга келди. Улар Павлусни тутиб, Маъбаддан судраб чиқариб ташладилар. Ўша заҳоти Маъбад эшиклари ёпилди. 31Оломон энди Павлусни ўлдирмоқчи бўлиб турган эди, Рим лашкарининг мингбошисига: “Бутун Қуддус оёққа турди” деган хабар етиб келди. 32Мингбоши ўша заҳоти аскарлари ва юзбошиларни олиб, оломон томонга югуриб кетди. Оломон мингбоши билан унинг аскарларини кўргач, Павлусни калтаклашни бас қилдилар. 33Мингбоши Павлуснинг олдига келиб, уни қамоққа олди ва иккита кишан билан боғлашни буюрди. Сўнгра у: “Бу одам ким? У нима қилди?” деб сўради. 34Оломон орасидан баъзилари бир нималар деб шовқин солди, бошқаси яна нималардир деди. Ғала–ғовур бўлганидан мингбоши нима юз берганини аниқ била олмади. Шунинг учун у Павлусни қалъага#21:34 қалъа — Рим сипоҳлари жойлашган Антония қалъаси назарда тутилган. Бу қалъа Маъбаднинг шимоли–ғарб томонида жойлашган эди. олиб боришни буюрди. 35Павлус қалъанинг зинапоясига келганда, оломон шунчалик жунбишга келдики, аскарлар Павлусни кўтариб кетишларига тўғри келди. 36Оломон Павлуснинг ортидан эргашиб: “Унга ўлим!” деб шовқин соларди.
37Аскарлар Павлусни қалъага олиб кираётганларида, у мингбошига:
— Сизга бир нарсани айтсам майлими? — деди.
— Юнонча биласанми?! — деб ҳайрон қолди мингбоши. 38— Бир қанча вақт олдин исён бошлаб, тўрт минг қуролланган каллакесарни саҳрога олиб чиққан Мисрлик мабодо сен эмасмисан?
39— Мен яҳудийман, Киликиядаги Тарсус шаҳриданман#21:39 Тарсус шаҳри — Рим империясига қарашли Киликия вилоятининг пойтахти бўлган. Ҳозирги Туркиянинг жанубида, Ўрта ер денгизи яқинида жойлашган эди. Бу шаҳар савдо маркази бўлиб, у ерда кўплаб ўқув юртлари бор эди., — деди Павлус. — Ўша муҳим шаҳарнинг фуқаросиман. Илтимос, халққа гапиришимга ижозат беринг.
40Мингбоши Павлусга ижозат бергач, у зинапояда туриб, одамларга қўли билан: “Жим бўлинглар!” деган ишорани қилди. Одамлар тинчлангандан кейин, Павлус уларга орамий тилида#21:40 орамий тили — бу ўринда ишлатилган юнонча сўз иброний тилини ёки орамий тилини билдириши мумкин. Ўша пайтда қадимги Фаластинда яшаган яҳудийлар орамий тилида гаплашар эдилар. гапира бошлади.

දැනට තෝරාගෙන ඇත:

Ҳаворийлар 21: ЎзбМК

සළකුණු කරන්න

බෙදාගන්න

පිටපත් කරන්න

None

ඔබගේ සියලු උපාංග හරහා ඔබගේ සළකුණු කල පද වෙත ප්‍රවේශ වීමට අවශ්‍යද? ලියාපදිංචි වී නව ගිණුමක් සාදන්න හෝ ඔබගේ ගිණුමට ඔබගේ ගිණුමට පිවිසෙන්න