Луқо 24

24
24–БОБ
Исо Масиҳ тирилади
1Якшанба куни эрта тонгда аёллар тайёрлаб қўйган хушбўй мойларини#24:1 тайёрлаб қўйган хушбўй мойлари — 23:56 га ва ўша оятнинг изоҳига қаранг. олиб, қабрга келдилар#24:1 Юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида қуйидаги сўзлар оятга қўшимча қилинган: Улар билан бошқа бир неча аёл ҳам бор эди.. 2Қабр оғзидаги тош ағдарилиб ётганини кўрдилар. 3Ичкарига кирдилар, аммо Раббимиз Исонинг жасадини топмадилар. 4Улар гангиб қолдилар. Шунда тўсатдан аёлларнинг қаршисида икки одам пайдо бўлди. Уларнинг кийимлари ярқираб турарди. 5Аёллар ваҳимадан бошларини ерга эгиб туришди. Одамлар эса аёлларга шундай дейишди:
— Нега сиз тирикни ўликлар орасидан қидиряпсизлар? 6У бу ерда йўқ, У тирилди! Ҳали Жалилада бўлган пайтида сизларга нима деганини эсланглар. 7У сизга: “Инсон Ўғли гуноҳкор одамлар қўлига тутиб берилади, хочга михланади, учинчи куни эса тирилади”, деган эди–ку#24:7 У сизга…деган эди–ку — 18:31-33 га қаранг..
8Шунда аёллар Исонинг бу сўзларини эсладилар. 9Улар қабр ёнидан қайтиб, бу воқеани ўн бир шогирдга ва қолган ҳаммага айтиб бердилар. 10Ҳаворийларга бу хабарни Магдалалик#24:10 Магдала — Жалила кўлининг ғарбий қирғоғидаги қишлоқ. Марям, Йўанна ва Ёқубнинг онаси Марям етказдилар. Улар билан бирга бошқа аёллар ҳам бор эди. 11Аммо ҳаворийлар, бу аёллар сафсата тарқатяптилар, деб ўйладилар, аёлларнинг гапларига ишонмадилар. 12Бутрус эса ўрнидан туриб, қабр томон югурди. Ичкарига энгашиб қараб, у ерда фақатгина кафанни кўрди. Юз берган воқеадан ҳайрон қолиб, уйига қайтиб кетди.
Эммаус йўлида
13Ўша куни Исонинг шогирдларидан иккитаси Эммаус деган қишлоққа кетишаётган эди. Бу қишлоқ Қуддусдан тахминан ўн чақирим#24:13 ўн чақирим — юнонча матнда олтмиш стадион, тахминан 11 километрга тўғри келади. Баъзи юнон қўлёзмаларида бир юз олтмиш стадион, тахминан 30 километрга тўғри келади. узоқликда жойлашган эди. 14Улар юз берган воқеалар тўғрисида суҳбатлашиб кетаётган эдилар. 15Улар гаплашиб, бўлиб ўтганларни муҳокама қилиб кетаётганларида, Исонинг Ўзи уларга яқинлашиб, ҳамроҳ бўлди. 16Шогирдлар Исони кўрдилар, аммо Уни таний олмадилар.
17Исо улардан:
— Нимани муҳокама қилиб кетяпсизлар? — деб сўради. Улар тўхтаб қолдилар, юзлари ғамгин эди#24:17 Улар тўхтаб қолдилар, юзлари ғамгин эди — юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида Нега юзларингиз ғамгин?. 18Шогирдларидан Клеопас дегани Унга жавоб берди:
— Шу кунларда Қуддусда кўп воқеалар юз берди. Булардан бехабар қолган мусофир ёлғиз Сиз бўлсангиз керак.
19— Қандай воқеалар? — деб сўради Исо улардан.
— Носиралик Исо тўғрисидаги воқеалар–да, — деб жавоб берди улар. — Исо пайғамбар эди, Худо олдида ва бутун халқ олдида сўзлари ва ишлари билан қудратини кўрсатди. 20Аммо бош руҳонийларимиз билан йўлбошчиларимиз Уни ўлимга маҳкум қилиб, хочга михлаш учун тутиб бердилар. 21Биз эса, У Исроилни халос этади, деб умид қилган эдик. Бу ҳодисалар содир бўлганига бугун уч кун бўлди. 22Бунинг устига–устак, орамиздаги айрим аёллар бизни ҳайратда қолдиришди. Улар бугун саҳарда қабрга борган эканлар, 23Унинг жасадини топа олмабдилар. Аёллар қайтиб келиб: “Бизга фаришталар зоҳир бўлди, улар бизга, Исо тирик, деб айтишди” деган хабарни олиб келишди. 24Шунда орамиздан баъзилар қабрга бориб, аёлларнинг гапи тўғри эканини кўрдилар. Исо қабрда йўқ эди.
25Исо уларга деди:
— Бунчалик бефаҳм бўлмасангизлар?! Пайғамбарларнинг гапларига ишониш нега сизлар учун шунчалик қийин?! 26Ахир, Масиҳ улуғланишидан олдин бу азобларни бошдан кечириши керак эди–ку!
27Кейин Мусодан тортиб, барча Пайғамбарлар битикларида#24:27 …Мусодан тортиб, барча Пайғамбарлар битиклари… — Эски Аҳд китоблари тўпламига ишора (шу бобнинг 44–ояти изоҳига қаранг). Ўзи ҳақида ёзилган сўзларнинг ҳаммасини Исо уларга тушунтирди. 28Ниҳоят, улар бораётган қишлоққа яқинлашдилар. Исо Ўзини йўлда давом этадиган қилиб кўрсатди. 29Лекин улар Исога:
— Кеч бўлиб қолди, ҳадемай қоронғи тушади. Биз билан бирга қолинг, — деб қистадилар.
Исо улар билан бирга қолгани ичкарига кирди. 30Улар билан бирга дастурхонга ўтирганда, нонни олиб шукрона дуосини айтди ва нонни синдириб уларга берди. 31Шунда уларнинг кўзлари очилиб, Исони таниб қолишди. Бироқ Исо кўздан ғойиб бўлди.
32Шогирдлар бир–бирига дедилар:
— У йўлда биз билан гаплашиб, Муқаддас битикларни тушунтираётганда, юракларимиз жизилламаганмиди, ахир?!
33Шу заҳоти ўринларидан туриб, Қуддусга қайтиб бордилар. Ўн бир ҳаворийни ва улар билан тўпланиб турганларни топдилар. 34Ҳаворийлар уларга:
— Раббимиз Исо ҳақиқатан ҳам тирилибди! У Бутрусга#24:34 Бутрус — юнонча матнда Шимўн, Бутруснинг яна бир исми (6:14 га қаранг). кўринибди! — деб айтдилар. 35Шунда Эммаусдан қайтиб келган икки шогирд ҳам йўлдаги воқеаларни, Исо нонни синдираётганда Уни қандай таниб қолганларини айтиб бердилар.
Исо шогирдларига зоҳир бўлади
36Улар бу тўғрида ҳали гапираётганларида, Исонинг Ўзи ўрталарида зоҳир бўлди.
— Сизларга тинчлик бўлсин! — деди.
37Шогирдлар, арвоҳ кўряпмиз, деб ўйлаб ўтакаси ёрилди. 38Лекин Исо уларга деди:
— Нега қўрқиб кетдингизлар? Нечун кўнглингизда бунча гумонлар туғиляпти? 39Қўлларимга ва оёқларимга қаранглар, бу Мен Ўзимман. Мени ушлаб кўринглар. Арвоҳнинг эту суяги бўлмайди–ку, ахир! Менинг эса, кўриб турганингиздай, эту суягим бор.
40Исо шу гапларни айтиб, уларга қўл–оёқларини кўрсатди. 41Шогирдлари севинчдан таажжубланиб ҳали ҳам ишонмай турганларида, Исо улардан сўради:
— Бу ерда ейдиган бирон нарсангиз борми?
42Шогирдлари Унга бир бўлак қовурилган балиқ#24:42 бир бўлак қовурилган балиқ — юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида бир бўлак қовурилган балиқ ва бир оз мумли асал. беришди. 43Исо буни олиб, уларнинг кўзлари олдида еди. 44Кейин Исо шогирдларига деди:
— Сизлар билан бирга бўлган пайтларимда, Мусонинг Таврот китобида, Пайғамбарлар битикларида ва Забурда#24:44 …Таврот…Пайғамбарлар битиклари…Забур… — одатда яҳудийлар, Эски Аҳд тўплами уч қисмдан иборат, деб айтадилар. Бу уч қисм қуйидагилардир: Таврот (Мусонинг қонуни деган ном билан ҳам юритилади), Пайғамбарлар битиклари (унинг таркибига баъзи тарихий китоблар ҳам кирган) ва Битиклар (Забур бу қисмнинг биринчи китобидир). Яҳудийлар баъзан дастлабки икки қисм “Таврот ва Пайғамбарлар битиклари” деганда бутун Эски Аҳд тўпламини назарда тутадилар (мисол учун, шу бобнинг 27–оятига қаранг). Мен тўғримда ёзилганлар бажо бўлиши керак, деб сизларга айтган эдим.
45Сўнгра Исо, Муқаддас битикларни тушуниб етсинлар деб, уларнинг онгини очди 46ва уларга деди:
— Масиҳ азоб чекиши ва учинчи куни ўликдан тирилиши керак, деб ёзилган. 47Яна, тавба қилиш ва гуноҳларнинг кечирилиши ҳақидаги хабар Унинг номи билан жамики халқларга ваъз қилиниши керак, деб ҳам ёзилган. Шундай экан, Қуддусдан бошлаб, 48ҳамма одамларга кўрган–билганларингизни айтинглар. 49Мен сизларга осмондаги Отам ваъда қилган Муқаддас Руҳни юбораман#24:49 Мен сизларга осмондаги Отам ваъда қилган Муқаддас Руҳни юбораман — 3:16, 11:13 га ва Ҳаворийлар 2:1-21 га қаранг.. Шунинг учун юқоридан қудрат келиб сизларни қамраб олмагунча, шу шаҳарда қолинглар.
Исо осмонга кўтарилади
50Шундан кейин Исо шогирдларини шаҳардан ташқарига — Байтания#24:50 Байтания — Қуддус шаҳрининг шарқий девори бўйлаб ўтган Қидрон сойлигининг нариги томонида жойлашган қишлоқ. яқинига олиб чиқди. Исо қўлларини кўтариб, уларни дуо қилди. 51Дуо қилаётиб, улардан узоқлашиб бораверди ва осмонга кўтарилди.
52Шогирдлар эса Унга сажда қилдилар ва катта севинч ила Қуддусга қайтиб бордилар. 53Улар доимо Маъбадда бўлиб, Худони олқишлар эдилар#24:53 Юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида қуйидаги сўз оятга қўшимча қилинган: омин..

Áherslumerki

Deildu

Afrita

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in