Ибтидо 24

24
24–БОБ
Исҳоқ ва Ривқо
1Иброҳим энди анча кексайиб қолди. Иброҳим нима қилмасин, Эгамиз унга барака берарди. 2Иброҳимнинг хонадонида қулбошиси бор эди. Иброҳим бор мулкини унга ишониб топширган эди. Бир куни Иброҳим ўша қулбошисига айтди:
— Қўлингни сонимнинг остига қўйиб#24:2 Қўлингни сонимнинг остига қўйиб… — қасамнинг табарруклиги ва муҳимлигини билдирувчи рамзий ҳаракат., 3Самовий Худо — Эгамнинг номи билан: “Ўғлингизга шу ерлик — Канъоннинг қизларидан келин олиб бермайман”, деб қасам ич. 4Сен менинг она юртимга — қариндошларимникига бор. У ердан ўғлим Исҳоққа келин топиб кел.
5— Эҳтимол, ўша қиз менга эргашиб, бу юртга келишга рози бўлмас, — деди қулбоши Иброҳимга. — Ундай ҳолда ўғлингизни сизнинг она юртингизга олиб боришим керакми?
6— Йўқ! Зинҳор бундай қила кўрма! — деди Иброҳим унга. — Ўғлимни у ерга қайтариб олиб борма! 7Самовий Худо — Эгам мени отам хонадонидан — қариндош–уруғларим юртидан олиб чиққанда, У менга: “Сен турган шу юртни сенинг наслингга бераман”, деб қатъий ваъда берган эди. Сендан олдин Эгам фариштасини юборади. У шундай қиладики, сен менинг ўғлимга келин бўладиган қизни ўша юртдан топиб келасан. 8Лекин ўша қиз сен билан бирга келишга рози бўлмаса, қасамдан озод бўласан. Зинҳор ўғлимни у ерга олиб борма.
9Қулбоши ўз хўжайини Иброҳимнинг сони тагига қўлини қўйиб, унинг айтганларини қилишга онт ичди.
10Шундан кейин қулбоши хўжайинининг ўнта туясига ҳар хил қимматбаҳо совғалардан ортиб, Орам–Нахрайимга#24:10 Орам–Нахрайим — ибронийчадаги маъноси Икки дарёнинг Орами демакдир. Бу ҳудуд Фурот дарёси бўйида жойлашган бўлиб, ҳозирги Сурия мамлакатининг шимолий қисмини ва ҳозирги Туркиянинг жануби–шарқий қисмини қамраб оларди. Орам–Нахрайим яна Паддон–Орам (25:20 га қаранг) ва Паддон (48:7 га қаранг) номлари билан танилган. йўл олди. Қулбоши Иброҳимнинг укаси Нахўр яшайдиган шаҳарга борди. 11Оқшом пайти қулбоши шаҳар ташқарисидаги қудуқ ёнига етиб келди ва туяларни чўктирди. Бу пайтда аёллар сув олгани шу ерга келишарди. 12Қулбоши ибодат қилди:
— Эй Эгам, хўжайиним Иброҳимнинг Худоси! Бугун сафаримни ўнгла, хўжайиним Иброҳимга илтифот кўрсатгин. 13Мен қудуқ бошида турибман, шаҳар қизлари сув олгани келишяпти. 14Истагим шуки, мен уларнинг бирига: “Илтимос, кўзангдан сув ичиб олай”, деб айтай. Агар ўша қиз: “Марҳамат, бемалол ичаверинг, туяларингизни ҳам суғориб қўяман”, деб айтса, қулинг Исҳоққа келин қилиб танлаганинг ўша қиз бўлсин. Шу орқали хўжайинимга илтифот кўрсатганингни билайин.
15У ҳали гапини айтиб тугатмаган ҳам эдики, бир қиз келиб қолди. У елкасида кўзасини кўтариб олган эди. Бу қизнинг исми Ривқо бўлиб, у Батувалнинг қизи, Батувал — Иброҳимнинг укаси Нахўрнинг ўғли эди, Нахўрнинг хотини — Милхо эди. 16Ривқо ҳали бирон эркакнинг қўли тегмаган бокира қиз бўлиб, жуда чиройли эди. У қудуқ бўйига келиб, кўзасини тўлдирди ва орқасига қайтди. 17Шунда қулбоши югуриб, унга пешвоз чиқди.
— Илтимос, кўзангдаги сувдан бир қултум бер, — деди.
18— Марҳамат, жаноблари, ичинг, — деб қиз дарров кўзасини елкасидан туширди–да, унга ичгани сув берди. 19Қулбоши сув ичиб бўлгач, қиз деди:
— Энди туяларингиз учун ҳам сув тортиб бераман, тўйгунча ичсин.
20У дарров кўзасидаги сувни охурга бўшатди–ю, яна сув тортгани қудуққа югуриб кетди. Қулбошининг ҳамма туяларини суғорди. 21Қулбоши: “Эгам саёҳатимни ўнгидан келтиргани ростмикан ёки йўқми”, деб сув тортаётган Ривқони жимгина кузатиб турди.
22Қиз туяларни суғориб бўлгач, қулбоши қизга бурунга тақиладиган олтин сирғани#24:22 …бурунга тақиладиган олтин сирғани… — аёллар бурунга тақиладиган сирғаларни безак сифатида ишлатишар эди (яна шу бобнинг 47–оятига қаранг). ва икки билагузукни тақиб қўйди. Олтин сирғанинг оғирлиги бир мисқолдан ортиқ#24:22 бир мисқолдан ортиқ — ибронийча матнда бир биқо, тахминан 6 граммга тўғри келади., билагузукнинг оғирлиги йигирма беш мисқол#24:22 йигирма беш мисқол — ибронийча матнда ўн шақал, тахминан 110 граммга тўғри келади. чиқарди. 23Сўнгра у қиздан:
— Айт–чи, кимнинг қизисан? — деб сўради. — Отангнинг уйида бир кеча тунашимиз учун бизга жой топиладими?
24— Мен Батувалнинг қизиман. Бобом — Нахўр, бувим Милхо эдилар, — деб жавоб берди қиз. 25Сўнгра у:
— Уйимизда туяларингиз учун сомон ҳам, ем ҳам кўп, меҳмонлар учун жой ҳам бор, — деб қўшиб қўйди. 26Қулбоши тиз чўкиб, Эгамизга сажда қилди:
27— Хўжайиним Иброҳимнинг Худоси — Эгамга ҳамду санолар бўлсин. Эгам хўжайинимга содиқ қолиб, марҳаматини дариғ тутмабди. Эгам мени тўппа–тўғри хўжайинимнинг қариндошлари олдига бошлаб келибди.
28Қиз уйига югуриб борди ва юз берган воқеалардан уйидагиларни хабардор қилди. 29-30Ривқонинг Лобон деган акаси бор эди. Лобон синглисининг бурнидаги сирғани ва қўлларидаги билагузукларни кўрди, синглисидан қулбошининг айтганларини эшитиб, қудуқ бўйига шошилди. Ўша одам ҳали ҳам булоқ бошида, туяларининг олдида турган эди.
31— Қадамингизга ҳасанот, эй Худо ёрлақаган. Нега бу ерда турибсиз? Қани, уйга юринг, уйимда сиз учун битта хона, туяларингиз учун жой тайёрлаб қўйдим.
32Шундай қилиб, қулбоши уйга кирди. Лобон туяларни юклардан бўшатиб, сомон, ем берди. Кейин у Иброҳимнинг қулбошисига ва у билан бирга келган туякашларга оёқларини ювиш учун сув олиб келди. 33Шундан кейин кечки таом келтирилди. Иброҳимнинг қулбошиси эса:
— Мен нима учун келганимни сизларга айтмагунимча, овқат емайман, — деди.
— Марҳамат, гапиринг, қандай иш билан келдингиз? — деб сўради Лобон.
34— Мен Иброҳимнинг қулбошисиман, — деб гап бошлади у. 35— Хўжайинимга Эгам барака ато этган: у бой бўлиб кетган, Эгам унга кўплаб мол–қўй, кумушу олтинлар, қул ва чўрилар, туяю эшаклар берган. 36Хотини Сора қариган чоғида хўжайинимга бир ўғил туғиб берди. Хўжайиним бутун мол–мулкини ўғлига топширган. 37Хўжайиним ўғлига ўзи яшаётган Канъон юртининг қизларидан келин олиб бермаслигим учун менга қасам ичирди. 38“Менинг ота уруғим — қариндошларим олдига бориб, ўша ердан ўғлимга келин олиб кел”, деди. 39Мен эса: “Ўша қиз менга эргашиб бу ерга келмаса–чи”, дедим. 40Лекин хўжайиним айтди: “Мен Эгам кўрсатган йўлдан юраман, У Ўзининг фариштасини сен билан бирга жўнатиб, йўлингни ўнглайди. Сен ўғлимга қариндошларимдан — отам уруғидан келин олиб келасан. 41Агар қариндошларимникига борганингда, улар қизини бу ерга юборишга рози бўлишмаса, қасамингдан озод бўласан.”
42Қулбоши гапида давом этди:
— Бугун мен қудуқ бўйига келиб, дедим: “Эй Эгам, хўжайиним Иброҳимнинг Худоси! Ўтинаман, сафаримни ўнгла. 43Мен булоқ бошида турибман. Сув олгани келган қизга мен, илтимос, кўзангдан сув ичиб олай, деб айтай. 44Ўша қиз, марҳамат, бемалол ичаверинг, туяларингизни ҳам суғориб қўяман, деб айтса, хўжайинимнинг ўғлига Эгам келин қилиб танлаган қиз ўша бўлсин.” 45Мен кўнглимдан шу гапларни ўтказиб бўлмаган ҳам эдимки, Ривқо елкасида кўзасини кўтариб келаётган экан. У қудуққа бориб, кўзасини сувга тўлдирди. Мен унга: “Илтимос, сувингдан ичиб олай”, дедим. 46У дарров елкасидан кўзасини туширди–да: “Марҳамат, ичинг, туяларингизни ҳам суғориб қўяман”, деди. Мен сув ичдим, Ривқо туяларимни ҳам суғорди. 47Сўнг мен ундан: “Кимнинг қизисан?” деб сўрадим. У: “Батувалнинг қизиман. Бобом — Нахўр, бувим Милхо эдилар”, деб жавоб берди. Шундай қилиб, унинг бурнига сирғани, қўлларига билагузукларни тақиб қўйдим. 48Сўнгра Эгамга тиз чўкиб, сажда қилдим. Хўжайиним Иброҳимнинг Худоси — Эгамга ҳамду санолар айтдим. Эгам мени тўппа–тўғри хўжайинимнинг қариндошлари олдига олиб келди. Мен хўжайинимнинг ўғлига қариндошлари оиласидан келин топдим. 49Энди хўжайинимга чинакамига садоқат кўрсатадиган бўлсаларингиз, буни айтинглар, агар йўқ, десангизлар, буни ҳам айтинглар, токи мен бир қарорга келиб, бирор нарса қилайин.
50— Эгамизнинг Ўзи сизни бу ерга олиб келди, — деб айтдилар Лобон билан Батувал. — Биз сизга нима ҳам дер эдик?! 51Мана, Ривқо қаршингизда турибди. Уни олинг–да, кетаверинг. Эгамиз айтгандай, у хўжайинингизнинг ўғлига келин бўлсин.
52Иброҳимнинг қулбошиси уларнинг гапларини эшитгач, мук тушиб, Эгамизга сажда қилди. 53Сўнгра олтин, кумуш тақинчоқлар, чиройли либосларни Ривқога берди. Ривқонинг акаси билан онасига ҳам қимматбаҳо ҳадялар берди. 54Қулбоши ва у билан бирга келган одамлар еб–ичдилар, тунни шу ерда ўтказдилар. Улар эртаси куни эрталаб туришгач, қулбоши: “Энди рухсат берсангиз, хўжайинимнинг олдига қайтайлик”, деди. 55Лекин Ривқонинг акаси билан онаси:
— Ривқо ҳеч бўлмаса ўн кунча биз билан қолсин, кейин кетса ҳам бўлади, — дейишди.
56Лекин қулбоши уларга шундай деди:
— Мени ушлаб турманглар, Эгамиз сафаримни ўнгидан келтирди. Мен қайтай, хўжайинимнинг олдига борай.
57— Ҳозир қизимизни чақириб, ўзидан сўрайлик–чи, — дейишди улар. 58Ривқони чақириб, ундан:
— Ҳозир мана бу одам билан кетасанми? — деб сўрашди.
— Ҳа, кетаман, — деди Ривқо.
59Шундай қилиб, улар Ривқони, унинг энагасини Иброҳимнинг қулбошиси ва одамлари билан бирга жўнатдилар. 60Улар Ривқони дуо қилиб, унга шундай дедилар:
“Эй синглимиз! Мингларча, ўн мингларча фарзандларнинг онаси бўлгин!
Наслинг ғанимларининг дарвозаларини эгалласин!”
61Шундан сўнг Ривқо ва унинг чўрилари туяларга миниб, Иброҳимнинг қулбошиси билан жўнашга тайёр бўлишди. Ҳаммалари йўлга тушишди.
62Бу вақтда Исҳоқ Нагав чўлида#24:62 Нагав чўли — 12:9 изоҳига қаранг., Бэр–Лахай–Руй қудуғи#24:62 Бэр–Лахай–Руй қудуғи — 16:7-14 оятларга ва 16:14 изоҳига қаранг. ёнида яшаётган эди. 63Исҳоқ кечқурун сайр қилиш учун#24:63 …сайр қилиш учун… — ёки …ибодат қилиш учун…. ташқарига чиққан эди. Бир пайт у туялар келаётганини кўрди. 64Ривқо ҳам Исҳоқни кўрди ва дарров туядан тушди.
65— Ҳув ана, бир одам дала бўйлаб биз томонга келяпти, ким у? — деб сўради Ривқо қулбошидан.
— Менинг хўжайиним, — деб жавоб берди қулбоши. Ривқо рўмолини олиб, юзини беркитди. 66Қулбоши ҳамма қилган ишларини Исҳоққа айтиб берди. 67Шундай қилиб, Исҳоқ Ривқони онаси Сора яшаган чодирга олиб келди. У Ривқога уйланди. Исҳоқ уни жуда севарди. Шу тариқа Исҳоқ онасининг ўлимидан сўнг тасалли топди.

Áherslumerki

Deildu

Afrita

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in