Ёқуб 2
2
2–БОБ
Юз–хотирчилик қилманглар
1Эй биродарларим, улуғвор Раббимиз Исо Масиҳга ишонар экансиз, юз–хотирчилик қилманглар. 2Сизларнинг йиғилишингизга олтин узук таққан, башанг кийинган бир бой билан уст–боши жулдур бир гадой кирди деб фараз қилайлик. 3Агар сизлар башанг кийинганга қараб: “Марҳамат қилиб тўрга чиқинг”, гадойга эса: “Сен остонада тур” ёки “Шу ерда, пойгакда ўтир”, десангиз, 4сизлар бир одамни бошқасидан устун қўйган бўлмайсизларми?! Бу билан сизлар ёмон ниятли қозиларга ўхшаб қоласизлар–ку!
5Эй азиз биродарларим, қулоқ солинглар: Худо бу дунёдаги камбағалларни имонда бой қилиш учун танлади! У Ўзини севганларга ваъда қилгандай, уларга Ўз Шоҳлигини мерос қилиб берди. 6Аммо сизлар–чи, камбағални беобрў қилиб ташладингиз! Сизларга жабр–зулм қилган бойлар эмасми?! Сизларни маҳкамаларга судраб олиб борган улар эмасми?! 7Сизлар Раббимиз Исога тегишлисизлар. Аммо бу бойлар Раббимизнинг эзгу номини ҳақорат қиляптилар!
8Агар сизлар Муқаддас битиклардаги: “Ўзгани ўзингизни севгандай севинг”#2:8 Левилар 19:18 га қаранг. деган Худонинг Шоҳлигига оид қонунга амал қилаётган бўлсангиз, тўғри қилаётган бўласизлар. 9Бироқ юз–хотирчилик қилаётган бўлсангиз, гуноҳ қиляпсиз ва қонунбузар сифатида ҳукм қилинасиз. 10Кимки қонуннинг ҳаммасига риоя қилса–ю, фақат бир нарсада гуноҳ қилса, у бутун қонунни бузган ҳисобланади. 11Чунки “Зино қилманг” деган Худо “Қотиллик қилманг”#2:11 Чиқиш 20:13-14 га қаранг. деб ҳам айтган. Агар сиз зино қилмасангиз–у, аммо одам ўлдирсангиз, қонунни бузган бўласиз.
12Шунинг учун ҳар бир гапингиз ва ишингиз Худонинг озодлик берувчи қонунига#2:12 Худонинг озодлик берувчи қонуни — 1:25 изоҳига қаранг. мувофиқ бўлсин. Зеро, Худо ҳар бир одамни ўша қонун бўйича ҳукм қилади. 13У шафқатсиз одамга раҳм қилмайди. Раҳмдил инсон эса ҳукм пайтида Худодан шафқат топади.
Имон ва амал
14Эй биродарларим, агар бирор киши имоним бор, деса–ю, хайрли ишлар қилмаса, нима фойдаси бор?! Бундай имон уни қутқарармиди?! 15Фараз қилинг, имонли биродарингиз оч–яланғоч бўлса–ю, 16сиз унга: “Яхши бор! Исиниб, қорнингни тўйдириб юр”, десангиз–у, эҳтиёжини қондирмасангиз, бундан нима фойда?! 17Шунга ўхшаб қуруқ имоннинг ўзи амалсиз ўликдир.
18Кимдир:
— Баъзиларнинг хайрли ишлари, бошқаларнинг эса имони бор–ку, — деб норозилигини билдириши мумкин. Ундай одамга мен шундай жавоб берган бўлардим:
— Кел, сенга имонимни хайрли ишларим орқали кўрсатай. Сен эса имонинг самимийлигини қайси далил билан исботлай оласан? Ахир, сен хайрли ишлар қилмайсан–ку!
19У одам:
— Мен Худонинг ягоналигига ишонаман! — деб айтиши аниқ. Мен эса унга:
— Ишониб, яхши қиласан! — дейман. — Аммо сенинг бу ишончинг жинларнинг ишончидан асло фарқ қилмайди. Зеро, жинлар ҳам Худонинг ягоналигига ишониб, даҳшатдан титрайди. 20Эй аҳмоқ, амалсиз имонинг фойдасиз эканлигини наҳотки тушунмасанг?! 21Отамиз Иброҳим#2:21 Иброҳим — Ибтидо 22:1-18 га қаранг. ўз ўғли Исҳоқни қурбон қилмоқчи бўлгани учун Худо уни солиҳ деб билди! 22Ана, кўрдингми?! Иброҳимнинг бу ишига имон асос бўлди. Унинг қилган иши имонининг чинлигини кўрсатди. 23Шу тариқа Тавротдаги: “Иброҳим Худога ишонди, Худо уни ишончи учун, солиҳ деб билди”#2:23 Ибтидо 15:6 га қаранг., — дея ёзилган сўз амалга ошди. Иброҳим Худонинг дўсти деб аталди#2:23 Иброҳим Худонинг дўсти деб аталди — 2 Солномалар 20:7, Ишаё 41:8 га қаранг..
24Эй биродарларим, кўрдингизми, инсон қуруқ имони учун эмас, балки қилган ишлари учун солиҳ деб тан олинади.
25Фоҳиша Раҳоба#2:25 Раҳоба — Ёшуа 2:1-21, 6:23-24 га қаранг. ҳам бунинг яна бир мисолидир. Нима учун Худо уни солиҳ деб тан олди? Раҳоба Исроил халқининг айғоқчиларини уйига киргизиб, бехатар йўл билан қочиб кетишларига ёрдам бергани учун Худо уни солиҳ деб билди.
26Хуллас, амалсиз имон жонсиз танадай ўликдир.
Currently Selected:
Ёқуб 2: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020