Ҳаворийлар 20
20
20–БОБ
Павлус Македония ва Юнонистонда
1Шовқин–сурон босилгач, Павлус имонлиларни чақириб, уларга далда берди. Кейин улар билан хайрлашиб, Македонияга йўл олди. 2У ўзи босиб ўтган ҳамма шаҳарларда имонлиларга кўп далда берди. Сўнг Юнонистонга#20:2 Юнонистон — Рим империясига қарашли Ахая вилоятига ишора. Павлус Ахаянинг пойтахти Коринфда бирмунча вақт турган бўлиши мумкин. бориб, 3у ерда уч ой турди. У Сурияга сузиб кетмоқчи бўлган эди, яҳудийлар унга қарши фитна уюштираётганини билиб қолди. Шунинг учун Македония орқали қайтишга қарор қилди. 4Вериядан Пирус ўғли Сопатрус, Салоникадан Аристархус ва Секундус, Дарбадан Гаюс, Тимўтий, Асия вилоятидан Тихикус ва Трофимус Павлусга ҳамроҳ бўлдилар. 5Улар биздан#20:5 биз — 16:10 изоҳига қаранг. олдин кетиб, Троасда бизни кутиб турган эдилар. 6Хамиртурушсиз нон байрамидан#20:6 Хамиртурушсиз нон байрами — 12:4 изоҳига қаранг. кейин биз Филиппидан сузиб кетдик. Беш кундан сўнг эса Троасда улар билан учрашиб, у ерда етти кун турдик.
Павлуснинг Троасга охирги сафари
7Якшанба куни биз Раббимиз Исони хотирлаб, нон синдириш#20:7 Раббимиз Исони хотирлаб, нон синдириш — 2:42 изоҳига қаранг. учун йиғилдик. Павлус одамларга ярим кечасигача гапирди. Эртаси куни у жўнаб кетишни режалаштирган эди. 8Биз йиғилган болохонада кўп чироқлар ёниб турарди. 9Эвтихус деган бир йигит дераза рахида ўтирган эди. Павлус гапини давом эттирар экан, Эвтихусни қаттиқ уйқу босди. Уйқу ғолиб келиб, Эвтихус учинчи қаватдан ерга йиқилди. Уни кўтарганларида, жон берган эди. 10Павлус пастга тушди, эгилиб, йигитни қучоқлади–да: “Хавотир олманглар, у тирик”, деди. 11Сўнгра Павлус яна болохонага қайтиб чиқди. Раббимизни хотирлаб, нон синдириб, овқатланди. Улар билан тонг отгунча суҳбатлашди, кейин йўлга чиқди. 12Шу орада бу йигитни уйига тирик олиб бордилар, имонлилар бу воқеадан ғоят тасалли топдилар.
Троасдан Митилинага
13Павлус Ассас шаҳрига қуруқлик орқали кетишга қарор қилди. Қолганларимиз эса ундан олдин кемада сузиб кетдик. Павлус ўша шаҳарда кемага чиқиб, бизга қўшилади, деб режалаштирган эдик. Зотан, у бизга шундай қилишини айтган эди. 14Павлус биз билан Ассасда учрашгандан кейин, уни кемага олиб, Митилина шаҳрига йўл олдик. 15Биз у ердан сузиб, эртаси куни Хиос ороли яқинига етиб бордик. Кейинги куни Самос оролига, унинг эртасига#20:15 …Самос оролига, унинг эртасига… — юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида Самос оролига ўтиб, Трогиллион шаҳрида тўхтагандан кейин, яна бир кундан сўнг…. Милейтус шаҳрига етиб бордик. 16Павлус Асия вилоятида вақтни йўқотмаслик учун Эфесни четлаб ўтишга қарор қилди. Агар имконини топса, Ҳосил байрамида Қуддусда бўлишни жуда истаётган эди.
Эфес оқсоқолларига Павлус оташин нутқ сўзлайди
17Павлус Милейтусдан Эфесга хабар юбориб, имонлилар жамоатининг оқсоқолларига: “Менинг ҳузуримга келсангизлар”, деб илтимос қилди. 18Оқсоқоллар Павлуснинг ҳузурига келганларида, у оқсоқолларга деди: “Мен Асия вилоятига келган биринчи кунимдан бошлаб сизларнинг орангизда қандай яшаганимни ўзларингиз биласизлар. 19Мен кўп кўз ёш тўкиб, камтарлик билан Раббимиз Исога хизмат қилдим. Яҳудийларнинг фитналари дастидан келган синовларни бошдан кечирдим. 20Ўзларингиз биласизлар, мен сизларга бирон фойда келтиришдан ўзимни олиб қочмадим. Балки уйма–уй юриб, таълим бердим, халқ олдида ваъз қилдим. 21Мен яҳудийларни ҳам, ғайрияҳудийларни#20:21 ғайрияҳудийлар — юнонча матнда юнонлар. 14:1 нинг иккинчи изоҳига қаранг. ҳам тавбага чақирдим. Худога юз буринглар, Раббимиз Исога имон келтиринглар, деб уларга жиддий насиҳат қилдим.
22Энди эса Муқаддас Руҳнинг асири бўлиб, Қуддусга отланяпман. У ерда менга нима бўлишини билмайман. 23Аммо мени қамоқ ва қувғинлар кутаётгани тўғрисида Муқаддас Руҳ ҳар бир шаҳарда огоҳлантириб келмоқда. 24Лекин ҳаётим ўзим учун ҳеч нарсага арзимайди, деб ҳисоблайман. Мен фақат вазифамни охирига етказишни ва Раббимиз Исо менга юклаган ишни тугатишни истайман. Бу иш Худонинг инояти тўғрисидаги Хушхабарни эълон қилишдир.
25Мен ораларингизда бўлиб, Худонинг Шоҳлигини ваъз қилдим. Энди шуни биламанки, биронтангиз ҳам менинг юзимни бошқа кўрмайсизлар. 26Шунинг учун бугун сизларга шуни эълон қиламан: мен бировнинг ҳалокати учун масъул эмасман. 27Ахир, мен Худонинг ҳамма мақсадини сизларга баён қилишдан бўйин товламадим. 28Ўзларингизни эҳтиёт қилинглар, сурувни ҳам эҳтиёт қилинглар. Чунки Муқаддас Руҳ уларни сизнинг қарамоғингизга берган. Худонинг жамоатига чўпон бўлинглар. Худо жамоатни Ўз Ўғлининг қони эвазига сотиб олган. 29Биламан, мен кетганимдан кейин сизларнинг орангизга йиртқич бўрилар келади, улар сурувга шафқат қилмайди. 30Ҳатто ўз ораларингиздан баъзи одамлар чиқиб, имонлиларни ортидан эргаштириб, ҳақиқатни бузиб гапирадилар. 31Ҳушёр бўлинглар! Мана шу уч йил давомида кечаю кундуз кўз ёш тўкиб, ҳар бирингизга қилган панд–насиҳатларимни ёдингизда тутинглар.
32Энди мен сизларни Худога ва Унинг марҳамати ҳақидаги хабар паноҳига топширдим. Бу хабар сизларга куч–қудрат ато қилиб, жамики муқаддас қилинганлар орасида мерос беришга қодирдир. 33Мен ҳеч кимнинг кумуши ёки олтини, ё кийимига кўз олайтирмадим. 34Ўзларингиз биласизларки, ўзимни ва шерикларимни таъминлаш учун қўлларим билан меҳнат қилдим. 35Мен сизларга бу борада намуна бўлиб, заифларни қандай қўллаб–қувватлашимиз кераклигини кўрсатдим. Раббимиз Исо айтган шу сўзларни#20:35 Раббимиз Исо айтган шу сўзлар — бу сўзлар Янги Аҳд таркибидаги тўртта “Хушхабар” китобларига киритилмаган, чунки Исонинг қилган ишлари ва айтган сўзларининг ҳаммаси ҳам ёзиб қолдирилмаган (Юҳанно 20:30-31 га қаранг). эслайлик: «Олмоқдан кўра, бермоқ кўпроқ марҳамат келтиради.»”
36Павлус гапини тугатгандан кейин, ҳамма билан бирга тиз чўкиб, ибодат қилди. 37Ҳаммалари йиғлаб, Павлусни бағирларига босдилар, у билан ўпишиб хайрлашдилар. 38Павлус: “Энди мени ҳеч қачон кўрмайсизлар”, деб айтгани учун улар ниҳоятда ғамгин бўлиб қолдилар. Улар Павлусни кемагача кузатиб бордилар.
Currently Selected:
Ҳаворийлар 20: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020