YouVersion Logo
Search Icon

1 Бутрус 2

2
2–БОБ
Худонинг каломига интилинглар
1Энди ҳар қандай ёмон ният, ҳийла–найранг, иккиюзламачилик, рашк–ҳасад ва ғийбатни ўзингиздан соқит қилинглар. 2Янги туғилган чақалоқ соф она сутини тусагандай, сизлар ҳам Худо каломига ташна бўлинглар. Калом билан озиқланиб, улғайиб, нажотга эришинглар. 3Ахир, сизлар Раббимиз Исонинг мурувватидан баҳраманд бўлдингизлар.
Худонинг маъбади учун тирик тошлар
4Инсонлар рад этган, лекин Худо қимматбаҳо деб танлаган тирик тошга — Раббимиз Исога яқинлашинглар. 5Шунда ўзларингиз ҳам тирик тошлардай бўласизлар. Худо сизлардан руҳий маъбад барпо этади. Сизлар муқаддас руҳонийлар бўлиб хизмат қиласизлар ва Исо Масиҳ орқали Худога мақбул руҳий қурбонликлар келтирасизлар. 6Зеро, Муқаддас битикларда Худо шундай деган:
“Мана, Мен жойлаштиряпман Қуддусда#2:6 Қуддус — юнонча матнда Сион. Қуддусдаги Маъбад қурилган тепалик Сион тоғи деб аталган. Эски Аҳддаги шеърий парчаларда ва пайғамбарлар битикларида Сион сўзи кўпинча Қуддус шаҳрига ёки Худонинг халқига нисбатан ишлатилган. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги СИОН сўзига қаранг.
Танланган, қимматбаҳо тамал тошини#2:6 тамал тоши — қадимги пайтларда қурилишда пойдевор учун қўйилган биринчи ва энг муҳим тош ҳисобланарди. Бу тош пойдеворнинг бир бурчагини ҳосил қилиб, бинонинг қолган қисми ўша тошнинг жойлашуви бўйича қуриларди..
Унга таянган ҳеч бир инсон уятга қолмайди.”#2:6 Муаллиф бу ўринда Ишаё 28:16 нинг қадимий юнонча таржимасидан фойдаланган.
7Сизлар — Масиҳга ишонганлар учун бу тош қимматбаҳодир. Аммо ишонмаганларга Муқаддас битиклардаги шу сўзлар#2:7 Муқаддас битиклардаги шу сўзлар — бу ўринда Бутрус Забур 117:22, Ишаё 8:14 ни назарда тутган. тўғри келади:
“Бинокорлар рад этган тош
Бинонинг тамал тоши бўлди.
Баъзилар бу тошга қоқинади,
Унинг дастидан йиқилади.”
8Имонсизлар Хушхабарни рад этиб, итоатсизлик қилганлари учун қоқинадилар. Улар ана шу қисматга маҳкум бўлганлар.
9Аммо сизлар — танланган бир насл, руҳонийлар шоҳлиги, муқаддас қавм#2:9 руҳонийлар шоҳлиги, муқаддас қавм — Чиқиш 19:6 га қаранг. Яна Ишаё 61:6, Ваҳий 1:6, 5:9-10, 20:5-6 га қаранг., Худонинг азиз халқисиз. Худо сизларни зулматдан Ўзининг ажойиб нурига даъват этган, Унинг буюк ишларини эълон қилишингиз учун сизларни танлаган. 10Сизлар бир вақтлар Худога бегона эдингизлар, энди эса Унинг халқисизлар. Бир вақтлар Худонинг марҳаматидан бебаҳра эдингизлар, энди эса Ундан марҳамат топдингизлар#2:10 Сизлар…Ундан марҳамат топдингизлар — бу ўринда Бутрус Хўшея 1:6, 9-10, 2:23 ни назарда тутган..
Жамиятда Худога муносиб ҳаёт кечиринглар
11Эй азизларим, сизлардан ўтиниб сўрайман, жонга қарши курашадиган нафс эҳтиросларидан сақланинглар. Ахир, сизлар бу дунёда ғарибу мусофирсизлар. 12Имонсизлар орасида Худога муносиб ҳаёт кечиринглар. Улар сизларни ёмонликда айбласалар–да, эзгу ишларингизни кўриб, ким билсин, балки тавба қилишар ва қиёмат куни Худони улуғлашар.
13Инсонлар томонидан ўрнатилган ҳар қандай ҳокимиятга, Эгамиз ҳақи–ҳурмати, бўйсунинглар. Олий ҳоким бўлган шоҳга#2:13 Олий ҳоким бўлган шоҳ — ўша пайтдаги Рим императори. ҳам, 14у тайинлаган ҳокимларга ҳам итоат қилинглар. Зеро, ҳокимлар ёмонлик қилганларни жазолаш учун, яхшилик қилганларни эса тақдирлаш учун тайинланган. 15Сиз ҳақиқатни билмаган нодон одамларнинг оғизларини қилган яхшилигингиз билан ёпинглар, чунки бу Худонинг хоҳишидир. 16Озод одамлардек яшанглар, аммо озодлик ниқоби остида ёмонлик қилманглар. Худонинг қулларидай ҳаёт кечиринглар. 17Ҳамма одамларни ҳурмат қилинглар. Имонли биродарларингизни яхши кўринглар. Худодан қўрқинглар, давлат раҳбарига иззат–эҳтиром кўрсатинглар.
18Эй қуллар, Худодан қўрққанингиз учун#2:18 …Худодан қўрққанингиз учун… — ёки …камоли эҳтиром билан…. хўжайинларга итоат қилинглар. Нафақат меҳрибон ва мулойимларга, балки қаттиққўл хўжайинларга ҳам бўйсунинглар. 19Агар сизлар Худони мамнун қилмоқчи бўлиб, тўғри иш қилсангиз–у, ноҳақ азобларга чидасангиз, Худони рози қилган бўласиз. 20Борди–ю, қилган гуноҳингиз учун таёқ еб чидасангиз, бу сизга шараф келтирармиди?! Аммо яхшилик қилиб туриб, ноҳақ азобларга чидасангиз, Худонинг мақтовига сазовор бўласиз.
Масиҳдан ибрат олинглар
21Ҳатто азоб чекканингизда ҳам Худо сизларни яхшилик қилишга даъват этган. Масиҳ сизлар учун азоб чекиб, намуна бўлди. Унга тақлид қилинглар. 22Ахир, У ҳеч қандай гуноҳ қилмаган, оғзидан бирон ёлғон сўз чиқмаган#2:22 …У ҳеч қандай гуноҳ қилмаган, оғзидан бирон ёлғон сўз чиқмаган… — шу бобнинг 22-25–оятларида Бутрус Ишаё 53:5-7, 9, 12 ни назарда тутган.. 23У ҳақорат қилинганда ҳеч кимга ҳақорат билан жавоб қайтармади, азоб чекканда ҳеч кимга таҳдид қилмади. Фақат одилона ҳукм қиладиган Худога Ўзини топширди. 24У гуноҳларимизни Ўзига олди, аъзои бадани ёғочда#2:24 ёғоч — Бутрус хочга ишора қилиб, Қонунлар 21:23 даги ёғочга қоқилган одам Худо томонидан лаънатлангандир деган гапни тингловчиларига эслатмоқчи бўлган. азоб чекди. Шу туфайли биз гуноҳ учун ўлганмиз ва солиҳ ҳаёт кечира оламиз. Унинг яраларидан биз шифо топдик. 25Илгари сизлар адашиб юрган чўпонсиз қўйларга ўхшар эдингизлар, энди эса жонларингизнинг посбони бўлган Чўпонга#2:25 Чўпон — яъни Исо Масиҳ (Юҳанно 10:11-16, Ибронийлар 13:20 га қаранг). қайтиб келдингизлар.

Currently Selected:

1 Бутрус 2: ЎзбМК

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in