YouVersion Logo
Search Icon

Римликлар 3

3
3–БОБ
Худонинг садоқати
1Хўш, яҳудийларнинг қандай устунлиги бор? Ёки суннатнинг#3:1 суннат — 2:25 изоҳига қаранг. нима фойдаси бор? 2Яҳудийлар ҳар жиҳатдан катта устунликка эгадирлар. Бу устунлик, энг аввало, шундан иборатки, Худонинг каломи уларга ишониб топширилган. 3Уларнинг баъзилари ишонмаган бўлса, нима бўпти? Уларнинг ишонмаганлиги Худонинг садоқатини бекор қиладими? 4Йўқ, асло! Ахир, ҳар бир инсон ёлғончи бўлса ҳам, Худо ҳақдир. Муқаддас битикларда Худо ҳақида шундай ёзилган–ку:
“Шу боис ҳукм қилганингда Сен барҳақсан,
Айбимни фош этганингда доимо тўғри бўлиб чиқасан.”#3:4 Забур 50:6 га қаранг.
5Инсоний фикр юритиб айтайин: агар бизнинг қабиҳлигимиз Худонинг одиллигини янада очиқроқ кўрсатса, нима ҳам дердик? Бошимизга қаҳр–ғазаб ёғдиргани учун Худо адолатсизми? 6Йўқ, асло! Худо одилдир. Худо адолатсиз бўлганда эди, қандай қилиб дунёни ҳукм қила оларди?! 7Менинг ёлғончилигим Худонинг ҳақлигига урғу бериб, Унга янада кўпроқ шон–шуҳрат келтирар экан, нима учун мен гуноҳкор сифатида маҳкум қилинишим керак? 8Шундай экан, “Яхшилик келтирсин деб, ёмонлик қилаверайликми?” дейишимиз керакми?! Баъзилар бизга туҳмат қилиб, Павлус ўшандай таълим беряпти, деб айтмоқдалар. Бундай туҳмат қилганлар жазога лойиқдир.
Ҳамма гуноҳкордир
9Хўш, биз, яҳудийлар, бошқалардан устунмизми? Йўқ, асло! Юқорида исботлаб ўтганимдай, хоҳ яҳудий бўлсин, хоҳ ғайрияҳудий бўлсин, ҳар бир инсон гуноҳнинг ҳокимияти остидадир. 10Ахир, Муқаддас битикларда қуйидагидай ёзилган–ку:
“Ҳеч бир солиҳ кимса йўқдир,
Ҳатто биронта ҳам йўқ!
11Биронта ҳам идрокли зот йўқ,
Ҳеч ким Худога юз бурмайди.
12Ҳаммаси йўлдан озган, бирдай бузилган,
Яхшилик қилувчи бир кимса йўқдир,
Ҳатто биронта ҳам йўқ!#3:10-12 Забур 13:1-3, 52:2-4 га қаранг. Яна Воиз 7:20 га қаранг.
13Очиқ қабр кабидир оғизлари,
Улар ёлғон гапиради.
Тилларидан илон заҳри томади#3:13 Забур 5:10, 139:4 га қаранг..
14Уларнинг оғзидан аччиқ сўзлар, лаънат чиқади#3:14 Забур 9:28 га қаранг..
15Уларнинг оёқлари қон тўкишга шошилади,
16Қадамидан ҳалокату вайрона келади.
17Улар тинчлик йўлларини билмайди#3:15-17 Ишаё 59:7-8 га қаранг.,
18Улар Худодан қўрқмайди.”#3:18 Забур 35:2 га қаранг.
19Биз биламизки, қонун неки буюрган бўлса, қонунга қарам бўлганларга буюрган, токи ҳар бир оғиз юмилсин ва бутун дунё Худо олдида жавобгар бўлсин. 20Зотан, қонунга амал қилиш орқали ҳеч ким Худонинг олдида оқлана олмайди, чунки қонун инсонга гуноҳкорлигини янада аниқроқ кўрсатади.
Гуноҳкорни оқлаш — Худонинг иши
21Мана энди қонунга алоқасиз равишда оқланиш йўлини Худонинг Ўзи аниқ кўрсатди. Буни Таврот ва Пайғамбарлар битиклари#3:21 Таврот ва Пайғамбарлар битиклари — одатда яҳудийлар, Эски Аҳд тўплами уч қисмдан иборат, деб айтадилар. Бу уч қисм қуйидагилардир: Таврот (Мусонинг қонуни деган ном билан ҳам юритилади), Пайғамбарлар битиклари (унинг таркибига баъзи тарихий китоблар ҳам кирган) ва Битиклар (Забур бу қисмнинг биринчи китобидир). Яҳудийлар баъзан дастлабки икки қисм “Таврот ва Пайғамбарлар битиклари” деганда бутун Эски Аҳд тўпламини назарда тутадилар. тасдиқлайди. 22Биз Исо Масиҳга бўлган имонимиз орқали Худонинг олдида оқланамиз. Одамлар орасида ҳеч бир фарқ йўқ. 23Ахир, ҳамма гуноҳ қилган ва Худонинг улуғворлигидан маҳрумдир. 24Лекин гуноҳкорлар Исо Масиҳ орқали гуноҳларидан озод бўладилар. Улар оқланишга лойиқ бўлмасалар–да, Худонинг инояти билан оқланадилар. 25-26Худо Исо Масиҳни бу дунёга юборди. Масиҳга ишонганларнинг ҳаммаси Унинг тўкилган қони орқали Худо билан ярашди#3:25-26 …Худо билан ярашди — бу ибора юнон тилидаги ҳиластерион сўзининг таржимасидир. Одатда бу сўз Худо билан ярашиш учун қилинадиган савоб ишни билдиради. Ҳиластерион сўзи Аҳд сандиғининг қопқоғига нисбатан Янги Аҳдда бир марта (Ибронийлар 9:5 га қаранг), Эски Аҳднинг қадимий юнонча таржимасида эса бир неча марта ишлатилган. Покланиш кунида одамларни гуноҳдан поклаш учун қурбонлик қони Аҳд сандиғининг қопқоғига сачратиларди (Левилар 16:15-16 га қаранг). Мана шунга асосланиб баъзи олимлар, Павлус бу ўринда гуноҳдан покланадиган жой ҳақида сўз юритиб, мажозий маънода Исо Масиҳга ишора қиляпти, деб тахмин қиладилар. Аммо айни пайтда Павлус мазкур китобда, Худо гуноҳдан нафратланади, гуноҳга қарши ғазабини сочади деб таълим беради (1:18, 2:5 га қаранг). Шунинг учун бу ўринда Павлус Исо Масиҳ бизни Худо билан яраштирадиган Нажоткор эканини назарда тутган, деб тахмин қилиш хато бўлмайди. Чунки бошимизга тушиши керак бўлган жазони Исо Масиҳ ўзига олган ва шу йўл билан Худонинг гуноҳкорларга қаратилган ғазабини босган (5:9-11 га ва 2 Коринфликлар 5:21 га қаранг).. Шундай қилиб, Худо Ўзининг адолатини намоён қилди. У ўтмишда сабр–тоқат қилиб, илгари қилинган гуноҳларни жазосиз қолдирган эди, энди эса Исо Масиҳга ишонганларни оқлаб, Ўзининг ҳақ эканлигини кўрсатмоқда.
27Энди мақтанишга арзигулик нарсамиз қолдими? Йўқ, мақтовга ўрин йўқ. Нима сабабга кўра? Амрларни бажо келтиришни талаб қилувчи қонунга кўрами? Йўқ, инсонлар имон орқали оқланганда мақтанишга ҳеч ўрин қолмайди. 28Ахир, инсон қонун талабларини бажо қилиш орқали эмас, балки имон орқали оқланади, биз бунга қаноат ҳосил қилдик. 29Наҳотки Худо фақат яҳудийларнинг Худоси бўлса?! У бошқа халқларнинг ҳам Худоси эмасми? Албатта, У бошқа халқларнинг ҳам Худосидир. 30Ахир, Худо ягона–ку! Суннатлиларни ҳам, суннатсизларни ҳам Худо имон орқали оқлайди. 31Демак, биз бу имон билан қонунни бекор қиляпмизми? Йўқ, асло! Аксинча, қонунни тасдиқлаяпмиз.

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in