Забур 36
36
36–САНО
Довуд саноси.
1 # 36:1 Бу сано ибронийчада мувашшаҳ усулида ёзилган шеърдир. Бу санонинг ҳар бир оятидаги биринчи сўз иброний алифбеси тартиби бўйича бошланади. Фосиқларга ғайирлик қилмагин,
Бадкирдорларга ҳасад қилмагин.
2Улар майсадай тезда қуриб қолади,
Ям–яшил ўтдай тезда сўлиб қолади.
3Эгамизга умид боғлаб, яхшилик қилгин,
Шу юртда яшаб, ҳаловат топгин.
4Эгамизни ўзингнинг шодлигинг деб бил,
Кўнглингдаги орзуларингга У етказади.
5Йўлларингни топширгин Эгамизга,
Ишон Унга, У мадад беради.
6Солиҳлигингни У тонг каби порлатади,
Ҳақлигингни кундузги қуёш каби қилади.
7Сабрли бўл, мунтазир бўл Эгамизга,
Ғайирлик қилмагин йўлларини топганларга,
Фосиқ ниятларин амалга оширганларга.
8Ғазабдан ўзингни тий, қаҳрдан қайтгин,
Ич–этингни ема, бу фақатгина зарарга олиб боради.
9Ёвузлар йўқ қилиб ташланади,
Эгамиздан умидворлар юртга эгалик қилади.
10Тез орада фосиқларнинг куни битади,
Сен ҳар қанча қидирмагин,
Уларни бу ердан топа олмайсан.
11Беозорлар эса юртга эгалик қилади,
Мўл бахт–саодатдан баҳраманд бўлади.
12Фосиқ солиҳларга қарши фитна қилади,
Уларга қарши тишларини ғижирлатади.
13Раббий фосиқларни масхара қилади,
Уларнинг куни битаётир, буни Раббий билади.
14Фосиқ қиличини суғуриб, камонини тортади,
Бечора, мазлумни йиқитишга шайланади,
Солиҳларни ўлдирмоқ истайди.
15Аммо қиличлари ўзларининг бошини ейди,
Камонлари ҳам парча–парча бўлиб кетади.
16Солиҳнинг қўлидаги оз нарса афзал,
Жамики фосиқнинг бойлигидан кўра.
17Фосиқнинг кучи қирқилиб кетади,
Солиҳни эса Эгамиз қўллаб–қувватлайди.
18Айбсизларнинг эҳтиёжи Эгамиз эътиборида,
Уларнинг мулки то абад давом этади.
19Қаро кунларда ҳам улар завол топмайди,
Қаҳатчилик кунларда ҳам фаровон яшайди.
20Фосиқлар эса албатта ҳалок бўлади,
Эгамиз ғанимлари қирдаги гуллардай қурийди,
Улар тутун каби тарқалиб, йўқ бўлиб кетади.
21Фосиқ қарз олади–ю, қайтариб бермайди,
Солиҳ эса ҳиммат ила инъом қилади.
22Эгамиз барака берган инсонлар юртни эгаллайди,
Эгамиз лаънатлаган одамлар эса йўқ бўлиб кетади.
23Эгамиз инсоннинг йўлидан мамнун бўлса,
Унинг қадамларини собит қилади.
24Ҳатто қоқилса ҳам йиқилиб тушмайди,
Эгамиз мадад бериб, қўлидан ушлайди.
25Мен ҳам ёш эдим, энди кексайдим,
Солиҳларнинг тарк этилганини,
Уларнинг зурриёти нон тилаганини кўрмадим.
26Улар доим ҳиммат ила қарз беради,
Фарзандлари ҳам барака топади.
27Фосиқликни ташла, яхшилик қилгин,
Токи юртда то абад маскан қилгин.
28Зотан, Эгамиз яхши кўради адолатни,
Тарк этмайди тақводорларни,
Уларни то абад ҳимоя қилади,
Фосиқлар наслини қириб ташлайди.
29Солиҳ юртга эгалик қилади,
Бу юртда то абад истиқомат қилади.
30Солиҳнинг оғзи доноликдан сўзлайди,
Унинг тили адолатни сўйлайди.
31Юрагида Худосининг қонуни жой олган,
Шунинг учун қадамида адашмайди.
32Фосиқ солиҳни доим кузатади,
Уни ўлдирмоқни мўлжаллаб юради.
33Эгамиз солиҳни фосиқнинг ихтиёрига топширмайди,
Ҳукмга олиб келинганда, солиҳ маҳкум бўлмайди.
34Эгамиздан умид қил, Унинг йўлларини тутгин,
У сени юксалтиради, бу юртни эгаллайсан,
Фосиқнинг қирилиб кетишини сен кўрасан.
35Кўрганман фосиқ, золим одамнинг
Ўз юртида ям–яшил дарахтдай унганини.
36Кўп ўтмай у ўтиб кетди, йўқ бўлди,
Қанча қидирсам ҳам, топа олмадим.
37Айбсизга эътибор бер, софдилни кузат,
Тинчликпарварнинг истиқболи ёрқин.
38Гуноҳкорларнинг ҳаммаси қирилиб битади,
Фосиқнинг келажаги барҳам топади.
39Солиҳ киши Эгамиз туфайли нажот топгайдир,
Кулфат чоғи Эгамиз солиҳнинг қалъасидир.
40Эгамиздан паноҳ топгани учун
Солиҳга Эгамиз мадад беради, уни қутқаради,
Фосиқдан омон сақлайди, унга нажот беради.
Currently Selected:
Забур 36: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy
Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020