Забур 26
26
26–САНО
Довуд саноси.
1Эгам нурим ва нажотимдир,
Кимдан қўрқаман?!
Эгам ҳаётимнинг қалъасидир,
Ким мени қўрқита олар?!
2Мени ўлдирмоқчи бўлиб,
Ёвузлар устимга бостириб келганда,
Ҳа, ғаниму душманларим менга ҳужум қилганда,
Қоқилиб, йиқилиб тушадилар.
3Ҳатто бутун лашкар мени ўраб олса ҳам,
Юрагимда асло қўрқув пайдо бўлмас.
Ҳатто менга қарши жангга отланса ҳам,
Ишончим ҳеч ҳам йўқолмас.
4Бир нарсани Эгамдан сўраганман,
Ҳа, Ундан истаганим битта нарсадир:
Эгамнинг уйида то абад яшай,
Эгамнинг жамолини кўрай,
Маъбадда туриб, Унга мунтазир бўлай.
5Кулфатда қолган кунларимда
У мени Ўз чайласида омон сақлайди.
Чодири остида мени яширади,
Баланд қоя тепасига ўтқазиб қўяди.
6Энди эса ҳар тарафдаги ғанимларим устидан
Бошим мағрур кўтарилгандир.
Шодликдан ҳайқириб,
Эгамнинг Чодирида қурбонлик келтираман.
Эгамни олқишлаб, қўшиқ айтаман.
7Эшитгин, эй Эгам, илтижо қилганимда,
Шафқат қилгин, жавоб бер менга.
8“Менга интил!” деганингни қалбим эшитди,
Ҳа, эй Эгам, мен Сенга интиламан.
9Мендан юз ўгирмагин,
Ғазаб ила мен, Ўз қулингдан воз кечмагин,
Мададкорим Сен бўлгансан–ку, эй Эгам.
Рад этма, тарк айлама мени, эй нажоткорим Худо!
10Ота–онам мени тарк этса ҳатто,
Эй Эгам, Сен мени қабул қиласан.
11Йўлингни менга кўрсат, эй Эгам,
Душманларим пойлаб тургани учун
Мени тўғри сўқмоқларингдан етакла.
12Ғанимларим қўлларига топширма мени.
Ахир, сохта гувоҳлар, ноҳақ айбловчилар
Менга қарши чиқдилар.
13Шубҳам йўқ, тириклар диёрида
Эгамнинг эзгулигини албатта кўраман.
14Эгамизга умид боғла,
Дадил бўл, юрагингга далда бер,
Эгамизга умид боғла!
Currently Selected:
Забур 26: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy
Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020