YouVersion Logo
Search Icon

Матто Кириш

Кириш
Мазкур китоб Янги Аҳд таркибидаги тўртта Хушхабарнинг биринчисидир. Бу китоб муаллифи Исонинг ўн икки шогирдидан бири бўлган Маттодир. У ўз Устозининг ҳаёти ва фаолиятини батафсил баён этади.
Эски Аҳд битиклари Исроил халқи учун катта аҳамиятга эгалигини билган муаллиф, пайғамбарларнинг башоратларига асосланган ҳолда, Исонинг Худо томонидан юборилган Масиҳ, яъни нажот берувчи танланган Шоҳ эканини исботлаб беради. Шунингдек, у Исони буюк Устоз деб таърифлайди. Худонинг қонунларини мукаммал билган Исо Осмон Шоҳлиги ҳақида халққа кўп таълим беради.
Маттонинг бу китобни ёзишдан мақсади масиҳийларнинг эътиқоди Эски Аҳд битикларига мустаҳкам асосланганини кўрсатиш эди. Шу орқали у масиҳийларга имонда ўсишлари учун замин яратмоқчи бўлади. Мазкур китоб Эски Аҳдни Янги Аҳд билан чамбарчас боғлаб туради. Муаллиф Эски Аҳддаги башоратларга кўп аҳамият бергани сабабли, бу китоб биринчи навбатда яҳудий китобхонлари учун ёзилган, деган хулосага келишимиз мумкин. Китобда яҳудий урф–одатлари шарҳланмаган, балки кўп ибронийча терминлардан фойдаланилган. Китоб Исо Масиҳнинг насабномаси билан бошланган, насабномага Иброҳимдан бошлаб Исогача бўлган насллар киритилган. Исонинг “Довуд Ўғли” эканига катта эътибор берилган.
Китобдаги “Ҳақиқий бахтиёрлик” (5:1-12), “Бизнинг осмондаги Отамиз” ибодати (6:9-13) ва “Олтин қоида” (7:12) каби парчалар ниҳоятда машҳур бўлиб, одамларга ёд бўлиб кетган. Шулар билан бир қаторда, Исонинг китобга якун ясаган қуйидаги Буюк топшириғи ҳам одамлар орасида кенг танилган: “Еру осмондаги бутун ҳокимият Менга берилган. Шунинг учун бориб, барча халқлардан шогирд орттиринглар. Уларни Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳ номи билан сувга чўмдиринглар. Мен сизларга буюрган ҳамма нарсага амал қилишни уларга ўргатинглар. Зотан, Мен ҳар доим, дунёнинг охиригача сизлар билан биргаман.” (28:18-20)

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in