Матто 9
9
9–БОБ
Исо шолни соғайтиради
1Исо қайиққа тушиб, кўлнинг нариги томонидаги Кафарнаҳум шаҳрига сузиб борди. У ўша пайтда Кафарнаҳумда яшарди. 2Исо шаҳарга кириши биланоқ бир неча киши Унинг олдига тўшакда ётган бир шол одамни кўтариб келдилар. Исо уларнинг ишончини кўриб, шолга:
— Дадил бўл, ўғлим, гуноҳларинг кечирилди, — деди. 3Шунда Таврот тафсирчиларидан баъзилари ўзларича: “Бу Одам куфрлик қиляпти–ку!” дейишди. 4Уларнинг бу ўй–фикрларини билган Исо деди:
— Нега сизлар бундай ёмон нарсаларни ўйлайсизлар? 5Қайси бири осонроқ? “Гуноҳларинг кечирилди!” деб айтишми, ёки: “Ўрнингдан туриб юр!” деб айтишми? 6Инсон Ўғлига ер юзида гуноҳларни кечириш ҳокимияти берилган. Ҳозир шуни билиб оласизлар.
Исо шундай деди–ю, шолга:
— Ўрнингдан тур! Тўшагингни олиб, уйингга бор! — деб буюрди. 7Шол ўрнидан туриб, уйига кетди. 8Оломон бу воқеани кўриб, қўрқиб кетди#9:8 …қўрқиб кетди — юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида ҳайратга тушди.. Улар инсон зотига бундай ҳокимият берган Худони улуғладилар.
Исо Маттони чақиради
9Исо йўлда давом этаркан, солиқ йиғадиган жойда ўтирган Маттони кўриб қолди. Исо унга:
— Ортимдан юр! — деди. Матто ўрнидан туриб, Исога эргашди.
10Бир оздан кейин Исо Маттонинг уйида меҳмон бўлди. Кўп солиқчилар#9:10 солиқчилар — 5:46 изоҳига қаранг. ва гуноҳкорлар келиб, Исо ва Унинг шогирдлари билан бирга дастурхон атрофига ўтирдилар. 11Фарзийлар буни кўриб, Исонинг шогирдларидан:
— Нега Устозингиз солиқчилару гуноҳкорлар билан бирга еб–ичиб ўтирибди? — деб сўрадилар. 12Исо бу гапни эшитиб, уларга шундай жавоб берди:
— Соғлар эмас, хасталар табибга муҳтождир. 13Боринглар–да, Тавротдаги: “Мен қурбонликни эмас, раҳм–шафқатни истайман”#9:13 Хўшея 6:6 га қаранг. деган сўзларнинг маъносини ўрганиб келинглар. Ахир, Мен солиҳларни эмас, гуноҳкорларни тавбага чақиргани келганман.
Рўза тутиш ҳақида савол
14Бир куни Яҳёнинг шогирдлари Исонинг олдига келиб, шундай савол бердилар:
— Бизлар ва фарзийлар кўп рўза тутамиз, нега Сизнинг шогирдларингиз рўза тутмайдилар?
15Исо уларга деди:
— Куёв даврада бўлганда тўйдаги меҳмонлар қайғурадими? Бироқ улар куёвдан жудо бўладиган кунлар келади, ана ўшанда рўза тутадилар. 16Ҳеч ким эски кийимга янги матодан ямоқ солмайди. Чунки янги ямоқ эски кийимни баттар йиртиб юборади. 17Шунингдек, янги шаробни ҳам эски мешга қуймайдилар. Чунки меш ёрилиб кетади#9:17 …меш ёрилиб кетади… — қадимги пайтларда суюқлик одатда ҳайвон терисидан қилинган мешларда сақланарди. Узум шарбати бижғиб, шаробга айланганда, мешлар шишарди. Меш эскиргани сари ўз чўзилувчанлигини йўқотгани боис, янги шароб эски мешга солинганда, мешни ёриб юборарди., шароб ҳам тўкилади, меш ҳам нобуд бўлади. Аксинча, янги шаробни янги мешга қуядилар, шунда униси ҳам, буниси ҳам сақланиб қолади.
Тирилган қиз, соғайган аёл
18Исо уларга бу сўзларни айтиб турганда, бир синагога бошлиғи келиб қолди. У Исонинг олдида тиз чўкиб, шундай деб ёлворди:
— Қизим ҳозиргина вафот этди. Юринг, қизимга қўлингизни теккизинг, у тирилиб кетади.
19Исо ўрнидан туриб, шогирдлари билан ўша одамнинг орқасидан борди. 20Шу пайт ўн икки йилдан бери қон кетишидан азоб чекаётган бир аёл Исонинг орқасидан келиб, Унинг кийими этагига қўл теккизди. 21У ўзича: “Агар кийимига бир тегиб олсам, соғайиб кетаман”, деб ўйлаган эди.
22Исо орқасига ўгирилди. Аёлни кўриб, деди:
— Дадил бўл, қизим, ишончинг сени соғайтирди.
Аёл шу заҳоти дардидан халос бўлди.
23Исо синагога бошлиғининг уйига етиб борганда, най чалувчиларни ва дод–фарёд қилаётган оломонни#9:23 най чалувчиларни ва дод–фарёд қилаётган оломон — баъзан дафн маросимлари пайтида дод–фарёд қилиб, айтиб йиғлаш учун йиғичилар ёлланарди. кўрди. 24Исо:
— Ҳаммаларингиз чиқинглар! — деб буюрди. — Қизча ўлмаган, у ухлаб ётибди.
Одамлар Исонинг устидан кулишди. 25Оломон ташқарига чиқарилгандан сўнг Исо ичкарига кириб, қизчанинг қўлидан ушлади. Қизча ўрнидан туриб кетди. 26Бу хабар бутун атрофга ёйилди.
Исо иккита кўр одамга шифо беради
27Исо у ердан жўнаб кетаётганда, икки кўр Унинг орқасидан эргашганча дод солиб:
— Эй Довуд Ўғли#9:27 Довуд Ўғли — яҳудийлар шоҳ Довуд наслидан келиб чиқадиган Масиҳни шундай ном билан аташар эди. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги МАСИҲ сўзига қаранг. Исо, бизларга раҳм қилинг! — деб фарёд қилишарди. 28Исо уйга кирганда, кўрлар Унинг ёнига келишди. Исо улардан сўради:
— Сизларга шифо бера олишимга ишонасизларми?
— Ҳа, Ҳазрат! — деб жавоб беришди улар. 29Шунда Исо уларнинг кўзларига қўлини теккизиб:
— Сизларнинг ишончингизга яраша бўлсин, — деди. 30Уларнинг кўзлари очилиб кетди. Исо уларга:
— Буни ҳеч ким билмасин! — деб қатъий огоҳлантирди. 31Аммо улар ўша ердан чиқибоқ, бутун атрофга Исо ҳақида овоза қилдилар.
Исо соқов одамга шифо беради
32Улар кетгандан кейин, Исонинг олдига жин чалган бир соқовни олиб келишди. 33Исо жинни қувиб чиқаргандан кейин, соқов тилга кирди, халқ эса ҳайратда қолиб:
— Исроил халқи орасида бундай ҳодиса ҳеч қачон бўлмаган, — деди. 34Аммо фарзийлар шундай дердилар:
— У инс–жинслар ҳукмдорининг#9:34 инс–жинслар ҳукмдори — Баалзабул номи билан ҳам танилган (12:24 га қаранг). Бу ном шайтон шоҳлигидаги қудратли бир мавжудотга ёки шайтоннинг ўзига ишора қилади. кучи билан жинларни қувиб чиқаряпти.
Ҳосил мўл, ишчилар оз
35Исо ҳамма шаҳару қишлоқларга бориб, синагогаларда таълим берарди, Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги Хушхабарни эълон қилиб, одамларнинг турли хасталигу дардларига шифо берарди. 36Исо оломонни кўриб, уларга ачиниб кетди, чунки улар чўпонсиз қўйлардай довдираган ва ҳолдан тойган эдилар.
37Шунда Исо шогирдларига деди:
— Ҳосил мўл, аммо ишчилар оз. 38Шунинг учун ҳосил Эгасидан: “Ҳосилингни йиғиб олишга яна ишчилар юбор”, деб сўранглар.
Currently Selected:
Матто 9: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy
Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020