YouVersion Logo
Search Icon

Луқо 7

7
7–БОБ
Рим юзбошисининг имони
1Исо халққа бу сўзларини айтиб бўлгандан кейин, Кафарнаҳум шаҳрига кетди. 2У ерда бир Рим#7:2 Рим — ўша даврда қадимги Фаластин Рим империяси ҳукмронлиги остида эди. юзбошисининг жуда азиз хизматкори касал бўлиб, ўлим тўшагида ётган эди. 3Юзбоши Исо тўғрисида эшитиб қолди ва яҳудий оқсоқолларини Унинг олдига юбориб: “Келинг, хизматкоримга шифо беринг”, — деб илтимос қилди. 4Улар Исонинг ёнига келгач, ўтиниб ёлвордилар:
— У Сизнинг ёрдамингизга муносибдир. 5У халқимизни яхши кўради, бизга ҳатто синагога ҳам қуриб берган.
6Исо улар билан бирга кетди. У уйга яқинлашиб қолганда, юзбоши дўстлари орқали шундай хабар жўнатди:
— Ҳазрат, овора бўлманг! Кулбамга оёқ босишингиз учун номуносибман. 7Мен ўзимни нолойиқ ҳисоблаганим учун Сизнинг олдингизга ўзим бормадим. Сиз буюрсангиз, бас, хизматкорим соғайиб кетади. 8Мен ўзим буйруққа тобе одамман, аммо менинг ҳам қўлим остида аскарларим бор. Бирига “кет” десам, кетади, бошқасига “кел” десам, келади. Бирон хизматкоримга “шуни қил” десам, қилади.
9Исо бу сўзларни эшитгач, юзбошидан ҳайратланди. У ўгирилиб, орқасидан эргашиб келаётган оломонга деди:
— Сизларга шуни айтай: Мен ҳаттоки Исроил халқи орасида ҳам бундай кучли имонга эга бўлган одамни учратмадим.
10Юборилганлар юзбошининг уйига қайтиб келганларида, хизматкор соғайиб қолганини кўрдилар.
Исо бева аёлнинг ўғлини тирилтиради
11Орадан кўп вақт ўтмай, Исо Наин деган шаҳарга борди. Унинг шогирдлари#7:11 Унинг шогирдлари — юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида кўплаб шогирдлари. ва бир талай оломон Исо билан бирга эди. 12Исо шаҳар даровозасига етиб қолганда, вафот этган бир одамни олиб чиқишаётганини кўриб қолди. Марҳум одам бева аёлнинг ёлғиз ўғли экан. Аёл билан бирга шаҳардан бир талай оломон чиқиб келаётган эди. 13Раббимиз Исо бу аёлни кўргач, унга раҳми келиб:
— Йиғлама! — деди. 14Кейин Исо яқинлашиб, тобутга қўлини теккизди. Тобутни кўтариб бораётганлар тўхтаб қолдилар. Исо ўликка:
— Эй йигит, сенга айтаман: тур ўрнингдан! — деди.
15Ўшанда ўлик ростланиб ўтирди–да, гапира бошлади. Исо уни онасига топширди. 16Ҳаммани ваҳима босди. Одамлар: “Орамизда буюк пайғамбар пайдо бўлди, Худо Ўз халқини қутқариш учун келди”, деб Худога ҳамду сано айтардилар. 17Исо ҳақидаги бу хабар Яҳудияга#7:17 Яҳудия — 6:17 изоҳига қаранг. ва бутун атрофга ёйилди.
Яҳё чўмдирувчининг хабарчилари
18Яҳёга шогирдлари бўлиб ўтган бу воқеалар тўғрисида хабар беришди. 19Яҳё шогирдларидан иккитасини чақириб, уларни Раббимиз Исонинг олдига шундай савол билан юборди: “Келадиган Зот Сизмисиз, ёки биз бошқасини кутайликми?”
20Улар Исонинг олдига бориб дейишди:
— Бизни Яҳё чўмдирувчи юборди. У Сиздан: “Келадиган Зот Сизмисиз, ёки биз бошқасини кутайликми?” — деб сўраяпти.
21Айни шу пайтда Исо кўп одамларнинг хасталикларию дардларига шифо бераётган, ёвуз руҳларга чалинганларни тузатаётган, кўплаб кўрларнинг кўзларини очаётган эди. 22Исо Яҳёнинг шогирдларига шундай жавоб берди:
— Боринглар, кўриб эшитаётганларингизни Яҳёга айтинглар: кўрлар кўрмоқда, чўлоқлар юрмоқда, тери касаллигига#7:22 тери касаллиги — 5:12 изоҳига қаранг. чалинганлар тузалмоқда, карлар эшитмоқда, ўликлар тирилмоқда, йўқсиллар Хушхабарни эшитмоқда. 23Мендан юз ўгирмаганлар нақадар бахтлидир!
24Яҳёнинг хабарчилари кетгандан кейин, Исо оломонга Яҳё ҳақида гапира бошлади: “Саҳрога нимани кўргани бордингизлар? Шамолда ҳилпираб турган қамишними? 25Хўш, нимани кўргани бордингизлар? Башанг кийинган одамними? Бироқ башанг кийиниб, бой–бадавлат яшайдиганлар шоҳ саройида бўлади–ку! 26Ундай бўлса, нимани кўргани бордингизлар? Пайғамбарними? Ҳа, сизларга шуни айтай: сизлар пайғамбардан ҳам улуғини кўрдингизлар! 27У ҳақда шундай ёзилган:
«Мана, Сендан олдин Мен Ўз элчимни юборяпман,
У Сен учун йўлни ҳозирлайди.»#7:27 Малаки 3:1 га қаранг.
28Сизларга айтаманки, бутун инсон зоти орасида Яҳёдан улуғи йўқ#7:28 Яҳёдан улуғи йўқ — юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида Яҳё чўмдирувчидан улуғроқ бирон пайғамбар йўқ.. Аммо Худонинг Шоҳлигида энг кичик ҳисобланган одам ҳам ундан улуғроқдир.”
29Яҳёни эшитган жамики одамлар, ҳатто солиқчилар#7:29 солиқчилар — 3:12 изоҳига қаранг. ҳам Худонинг йўли тўғри эканлигини тан олган эдилар. Улар Яҳё томонидан сувга чўмдирилгандилар. 30Фарзийлар билан Таврот тафсирчилари эса, Яҳё томонидан сувга чўмдирилишни истамай, Худонинг улар учун бўлган мақсадини рад қилдилар.
31Исо гапида давом этди: “Шундай экан, замонимиздаги одамларни кимга қиёсласам бўлади? 32Улар майдонда ўтирган болаларга ўхшайдилар. Ўша болалар бир–бирларига шундай дея бақирадилар:
«Сизлар учун най чалдик, аммо рақсга тушмадингиз,
Биз оҳ–воҳ қилдик, аммо сизлар йиғламадингиз.»
33Яҳё чўмдирувчи келиб на нон еди, на шароб ичди. Сизлар эса: «Уни жин урибди», дейсизлар. 34Инсон Ўғли келиб, ҳам еди, ҳам ичди. Уни эса сизлар: «Ебтўймас, шаробхўр, солиқчилар ва гуноҳкорларнинг дўсти», дейсизлар. 35Аммо билиб қўйинглар: Худонинг донолигини тан олганлар Унинг донолиги тўғри эканлигини кўрсатиб турибдилар.”
Гуноҳкор аёл Исонинг оёқларига атир мой суртади
36Фарзийлардан бири Исони таом ейишга таклиф қилди. Исо фарзийнинг уйига кириб, дастурхон ёнига ёнбошлади. 37Шаҳарда гуноҳкор бир аёл бор эди. У: “Исо фарзийнинг уйида меҳмонда экан”, деб эшитди ва ганчдан#7:37 ганч — бу ўринда ишлатилган юнонча сўз наққошликда қўлланиладиган оқиш ёки сарғиш рангли тошни билдиради. Одатда бу тошдан ясалган идишларда атир мойни узоқ вақт давомида сақласа бўларди. ясалган идишда атир мой олиб келди. 38Ўша аёл Исонинг оёқлари томонида туриб йиғлади. Аёлнинг кўз ёшлари Исонинг оёқларига томар эди. Аёл Исонинг оёқларини сочлари билан артиб, ўпа бошлади, оёқларига атир мой суртди.
39Исони ўз уйига таклиф қилган фарзий буни кўриб: “Агар бу Одам ҳақиқатан ҳам пайғамбар бўлганда эди, Унга қўл теккизган аёлнинг кимлигини ва қанақалигини билган бўларди, бу аёл гуноҳкор–ку”, деб кўнглидан ўтказди.
40Исо фарзийга деди:
— Шимўн, сенга бир гап айтмоқчиман.
— Айтинг, Устоз! — деди у.
41Исо деди:
— Икки киши бир одамдан қарздор экан: бири беш юз кумуш танга#7:41 кумуш танга — юнонча матнда динор. Бир динор мардикорнинг бир кунлик иш ҳақи эди., иккинчиси эллик кумуш танга. 42Улар қарзларини тўлай олмагани учун, қарз берувчи икковининг ҳам қарзидан кечиб юборибди. Хўш, улардан қайси бири қарз берганни кўпроқ яхши кўради?
43Шимўн жавоб бериб деди:
— Менимча, кўпроқ қарзи кечирилган одам бўлса керак.
— Тўғри мулоҳаза қилдинг, — деди унга Исо. 44Кейин Исо аёлга ўгирилиб қаради–да, Шимўнга деди:
— Мана бу аёлни кўряпсанми? Мен уйингга келганимда, оёқларимни ювгани сув бермадинг. У эса кўз ёшлари билан оёқларимни ювиб, сочлари билан артиб қуритди. 45Сен Мени ўпиб кутиб олмадинг. Бу аёл эса, келганимдан бери оёқларимни ўпишдан тўхтагани йўқ. 46Сен бошимга зайтун мойи суртмадинг#7:44-46 …оёқларимни ювгани сув бермадинг…45…Мени ўпиб кутиб олмадинг…46…бошимга зайтун мойи суртмадинг… — одатда меҳмонлар келганда, мезбон уларни уйига олиб киришидан олдин, оёқларини ювиш учун сув берар эди, чунки ўша даврда одамлар оёқ яланг ёки чориқ кийиб юрганлари боис, оёқлари чанг бўлар эди. Шунингдек, мезбон меҳмон билан саломлашганда унинг юзидан ўпар эди, ҳурматли меҳмоннинг бошига эса хушбўй зираворлар қўшилган зайтун мойини суртарди., бу аёл эса оёқларимга атир мой суртди. 47Сенга айтай: бу аёлнинг гуноҳлари кўп эди, кечирилди. Чуқур меҳрининг сабаби ҳам шудир. Оз кечирилганнинг меҳри оз бўлади.
48Сўнг Исо аёлга:
— Гуноҳларинг кечирилди, — деди.
49Исо билан дастурхон атрофида ёнбошлаганлар ичларида айтардилар: “Бу ким бўлдики, ҳатто гуноҳларни ҳам кечиради–я!”
50Исо эса аёлга:
— Ишончинг сени қутқарди, эсон–омон бор, — деди.

Currently Selected:

Луқо 7: ЎзбМК

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in