YouVersion Logo
Search Icon

Юҳанно 17

17
17–БОБ
Исо Ўз шогирдлари учун ибодат қилади
1Шу гаплардан кейин Исо кўзларини осмонга тикиб, деди: “Эй Ота! Вақт–соати келди. Ўғлинг Сени улуғлаши учун Ўғлингни улуғлагин. 2Сен Унга бутун инсоният устидан ҳокимият бердинг. Токи Унга берилган ҳар бир инсонга У абадий ҳаёт ато қилсин. 3Абадий ҳаёт эса Сени — ягона ҳақ Худони ҳамда Сен юборган Исо Масиҳни таниб–билишдан иборатдир.
4Сен Менга топширган ишни тугатиб, ер юзида Сени улуғладим. 5Дунё яратилишидан аввал Мен Сенинг ҳузурингда улуғвор эдим. Энди, эй Ота, ўша улуғворликни Ўз ҳузурингда Менга яна ато қилгин.
6Сен дунёдан Менга берган одамларга Сени танитдим. Улар Сеники эдилар ва Сен уларни Менга бердинг. Улар Сенинг сўзингга амал қилдилар. 7Сен Менга берган ҳамма нарса Сендан эканлигини улар энди билиб олдилар. 8Чунки Сен Менга айтган сўзларингни Мен уларга айтдим. Улар сўзларингни қабул қилиб, Мен Сендан келганимни аниқ тушундилар. Мени Сен юборганингга ишондилар.
9Мен улар учун илтижо қиламан. Дунё учун эмас, балки Сен Менга берган одамлар учун илтижо қиламан. Ахир, улар Сеникидир. 10Зотан, Меники бўлган ҳамма — Сеники, Сеники эса Меникидир. Менинг улуғворлигим улар орқали аён бўлмоқда.
11Мен бу дунёда ортиқ қолмайман, Сенинг олдингга қайтиб кетяпман. Улар эса бу дунёда қоладилар. Эй Муқаддас Ота! Менга берган Ўз номинг қудрати ила уларни омон сақла#17:11 Менга берган Ўз номинг қудрати ила уларни омон сақла — юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида Ўз номинг қудрати ила Менга берганларингни омон сақла.. Токи улар ҳам Биздай бир бўлсинлар. 12Мен улар билан бирга бўлганимда, Менга берган номинг қудрати ила уларни омон сақладим. Уларни асрадим#17:12 …Менга берган номинг қудрати ила уларни омон сақладим. Уларни асрадим… — юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида …номинг қудрати ила уларни омон сақладим. Сен Менга берганларни асрадим…., биронтаси йўқолмади. Фақат Муқаддас битикларда айтилганлар#17:12 Муқаддас битикларда айтилганлар — 13:18-19 га ва Ҳаворийлар 1:15-20 га қаранг. бажо бўлиши учун ҳалокатга маҳкум бўлган одам#17:12 ҳалокатга маҳкум бўлган одам — Исога хиёнат қилган Яҳудо назарда тутилган. нобуд бўлди.
13Энди эса Сенинг олдингга кетяпман. Менинг шодлигим уларнинг қалбини тўлдирсин деб, буларни ҳали дунёда бўлганимда айтяпман. 14Мен уларга Сенинг сўзларингни айтдим. Бу дунёга тегишли бўлганлар улардан нафратланади. Чунки Мен бу дунёдан бўлмаганим каби, улар ҳам бу дунёдан эмаслар. 15Энди уларни дунёдан олишингни эмас, балки ёвуз шайтондан сақлашингни сўраяпман. 16Мен бу дунёдан бўлмаганим каби, улар ҳам бу дунёдан эмаслар. 17Сенинг каломинг ҳақиқатдир. Ҳақиқат орқали уларни Ўзинг учун ажратиб олгин. 18Сен Мени дунёга юборганингдай, Мен ҳам уларни дунёга юбордим. 19Уларни деб Ўзимни Сенга бағишладим, токи улар ҳам ҳақиқат орқали ўзларини Сенга бағишласинлар.
20Мен нафақат улар учун илтижо қиляпман, балки уларнинг сўзи орқали Менга имон келтирадиганлар учун ҳам илтижо қиляпман: 21ҳаммалари бир бўлишсин. Эй Ота, Сен Менда ва Мен Сенда бўлганимдай, улар ҳам Бизда бўлишсин. Шу тариқа Мени Сен юборганингга дунё ишонсин. 22Сен Менга ато қилган улуғворликни уларга бердим, токи Биз бир бўлганимиздек, улар ҳам бир бўлишсин. 23Мен улардаман, Сен эса Мендасан. Шундай экан, улар мукаммал бирликда бўлсинлар. Токи, Мени Сен юборганингни дунё билсин. Мени қандай севсанг, Меникиларни ҳам шундай севганингни дунё кўрсин.
24Эй Ота! Сен Менга берган одамлар Мен билан бир жойда бўлишини хоҳлайман. Сен Менга ато қилган улуғворликни улар ҳам кўрсин, чунки оламни яратмасингдан олдин Сен Мени яхши кўрар эдинг. 25Эй одил Ота! Дунё Сени билмаса ҳам, Мен Сени биламан. Бу одамлар ҳам Мени Сен юборганингни билиб олдилар. 26Уларга Сенинг кимлигингни аён қилдим ва аён қилишни давом эттиравераман. Токи, Менга бўлган севгинг уларнинг юракларида жо бўлсин, Мен ҳам уларда бўлайин.”

Currently Selected:

Юҳанно 17: ЎзбМК

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in