Ёқуб 5
5
5–БОБ
Бойларни огоҳлантириш
1Менга қаранглар, эй бойлар, бошингизга тушадиган фалокатлар учун ҳўнграб йиғланглар! 2Бойлигингиз чириб кетган, кийимингизни куя еган. 3Олтину кумушларингизни занг босган. Бу занг сизга қарши гувоҳ бўлади, у туфайли танангиз Худонинг қаҳри оловида ёнади. Охирзамон келиб қолди, сизлар эса бойлик тўплаш билан оворасизлар. 4Сизлар экинларингизни ўрган ўроқчиларни алдаб, иш ҳақини бермадингизлар. Ана, ўша пуллар сизлардан норози бўлиб, нола қилмоқда! Ўроқчиларнинг дод–фиғони Сарвари Оламнинг қулоғига етиб борди. 5-6Сизлар қаршилик кўрсата олмаган айбсиз одамларни қоралаб, қатл қилдингизлар. Бу дунёда маишатга берилиб, ҳузур–ҳаловатда яшадингизлар. Бўрдоқилардай семириб кетдингиз! Мана энди ҳукм кунида сўйилишга тайёр бўлиб қолдингиз!
Сабр–тоқатли бўлинглар
7Эй биродарларим, Раббимиз Исо келадиган кунга қадар сабр–тоқат қилинглар! Ахир, деҳқон ҳам даласи мўл ҳосил етиштиришини кутади. У кузги ва баҳорги ёмғирни пойлаб, қанча сабр–тоқат қилади! 8Сизлар ҳам сабр қилинглар. Дадил бўлинглар, чунки Раббимизнинг келадиган куни яқинлашиб қолди. 9Биродарларим, маҳкум бўлмаслигингиз учун бир–бирингиздан шикоят қилманглар. Мана, ҳукм қилувчи Раббимиз Исо остонада турибди!
10Эй биродарларим, пайғамбарлардан ўрнак олинглар! Улар Эгамизнинг номидан гапириб, азоб–уқубатларга дош берганлар. 11Дарҳақиқат, сабр қилган бундай одамларни биз бахтли деб ҳисоблаймиз. Аюбнинг#5:11 Аюб — Аюб 2:10, 42:10-16 га қаранг. сабр–тоқати ҳақида эшитгансизлар, охирида Эгамиз унга қанчалар барака берганини биласизлар. Ҳа, Эгамиз раҳмдил ва меҳр–шафқатлидир.
12Эй биродарларим, энг аввало, қасамхўр бўлманглар! Лафзи йўқ инсон каби, бўлар–бўлмасга осмон ҳақи, ер ҳақи ва бошқа нарса ҳақи, деб қасам ичаверманглар. Жавобингиз “ҳа” ёки “йўқ” бўлсин. Шунда Худо сизларни ҳукм қилмайди.
Бир–бирингиз учун ибодат қилинглар
13Орангизда азоб–уқубат чекаётган биронта одам борми? Агар бўлса, ибодат қилсин. Хурсанд бўлгани борми? Худога ҳамду санолар куйласин. 14Орангизда касал бўлган борми? Жамоат оқсоқолларини чақиртирсин. Улар ибодат қилиб, Раббимиз Исо номи билан беморнинг бошига зайтун мойини суртсинлар#5:14 …беморнинг бошига зайтун мойини суртсинлар — зайтун мойи қадимги пайтларда малҳам сифатида ишлатиларди. У оғриқ қолдириб, терини қуриб кетишдан сақлар эди (Ишаё 1:6, Луқо 10:34 га қаранг). Бу ўринда мой Худонинг шифо бериш қудрати рамзи сифатида касал одамга суртилган бўлиши мумкин.. 15Имон билан қилинган ибодат беморни соғайтиради, Раббимизнинг Ўзи унга шифо беради. Агар бемор гуноҳ қилган бўлса, Раббимиз уни кечиради. 16Шунинг учун қилган гуноҳларингизни бир–бирингиз олдида тан олинглар, бир–бирингиз учун ибодат қилинглар, шифо топасизлар. Солиҳ одамнинг илтижоси кучли таъсирга эгадир! 17Илёс#5:17 Илёс — 3 Шоҳлар 17:1, 18:1, 41-45 га қаранг. ҳам бизга ўхшаган оддий бир инсон эди. Ёмғир ёғмасин, деб у астойдил илтижо қилди ва ер юзига уч йилу олти ой ёмғир ёғмади. 18Сўнг у ёмғир ёғсин, деб ибодат қилди, осмондан ёмғир ёғиб, ер ҳосил берди.
19Эй биродарларим, агар орангиздаги бирор киши ҳақ йўлдан озган бўлса, уни тўғри йўлга солинг. 20Эсингизда бўлсин, гуноҳкорни ноҳақ йўлдан қайтарган одам ўша гуноҳкорнинг нажот топишига ва беҳисоб гуноҳларининг ювилишига сабабчи бўлади.
Currently Selected:
Ёқуб 5: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020