Ёқуб 3
3
3–БОБ
Тилни тиймоқ ҳақида
1Эй биродарларим, ҳаммангиз ҳам устоз бўлаверманглар! Биз, устозлар, жиддийроқ ҳукмга дучор бўлишимиз ўзингизга маълум. 2Одамларнинг ҳаммаси кўп хато қилади. Сўзлаётганда хато қилмаган инсон етукдир. У бутун вужудини жиловлай олади. 3Биз отларни итоат эттириш учун оғизларига сувлуқ соламиз. Шу орқали уларнинг бутун танасини бошқарамиз. 4Мана, кемалар ҳам, қанча улкан бўлмасин ва кучли шамоллар ёрдамида юрмасин, кичкина бир руль билан бошқарилади. Кемачи руль ёрдамида кемани истаган жойга йўналтиради. 5Тил ҳам худди шундайдир, тил баданнинг кичкина бир узвидир, аммо катта муаммоларни келтириб чиқаради.
Қара, кичкина бир олов бепоён ўрмонни ёндириб юборади! 6Тил ҳам оловга ўхшайди. Тил — узвларимиз орасида бир бузғунчи дунё! У бутун вужудимизни булғайди. У дўзахдан алангаланиб, бутун ҳаётимизни ёндиради.
7Турли хил ёввойи ҳайвонлар билан қушлар, судралувчи ва денгиз ҳайвонлари инсон зоти томонидан бошқарилган ва бошқарилмоқда. 8Аммо тилни ҳеч бир инсон бошқара олмайди. Тиниб–тинчимас бу ёвуз тил заҳри қотилдир. 9Биз тилимиз билан самовий Отамиз бўлган Эгамизни олқишлаймиз ва тилимиз билан Худонинг суратида яратилган инсонларни лаънатлаймиз. 10Олқиш ва лаънат бир оғиздан чиқади. Эй биродарларим, бундай бўлмаслиги керак! 11Ахир, битта булоқдан ҳам ширин, ҳам аччиқ сув оқиб чиқмайди–ку! 12Эй биродарларим, анжир дарахти зайтун мевасини берадими?! Ёки ток новдаси анжир тугадими?! Йўқ! Шўр булоқдан ҳам ширин сув оқиб чиқмайди!
Ким доно?
13Доно ва фаросатлимисиз? Буни ибратли ҳаётингиз орқали намоён қилинг. Ҳар бир ишни камтарлик ва донолик билан бажаринг. 14Борди–ю, юрагингизда аччиқ ҳасад ва худбинлик бўлса, дономан, деб мақтанманг. Ўзингизни шундай тутаётган бўлсангиз, ҳақиқатни рад этган бўласиз. 15Дунёга ва моддиятга хос бўлган бундай “донолик” Худодан эмас, шайтондандир. 16Чунки ҳасадгўйлик ва худбинлик бор жойда жанжал ва ёвузлик ҳукм суради.
17Худодан келган донолик эса, аввало покдир. Шунингдек, бу асл донолик тинчликсевар, мулойим, ҳақиқатга бўйсунадиган, меҳр–шафқатли, хайрли ишларга бой, тарафкашлик қилмайдиган, ўта самимийдир. 18Тинчлик ўрнатувчилар тинчликни экиб, солиҳликни ўриб оладилар.
Currently Selected:
Ёқуб 3: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020