Ибтидо 50
50
50–БОБ
1Юсуф ўзини отасининг устига ташлаб, йиғлаганича, уни ўпди. 2Юсуф қўл остидаги табибларга: “Отамнинг жасадини мумиёланглар!” деб амр берди. Табиблар Ёқубнинг#50:2 Ёқуб — ибронийча матнда Исроил, Ёқубнинг яна бир исми (32:27-28 га қаранг). жасадини мумиёлашди. 3Улар бу иш учун қирқ кун вақт сарф қилдилар. Чунки мумиёлаш учун шунча вақт талаб қилинар эди. Мисрликлар Ёқуб учун етмиш кун аза тутишди.
4Аза муддати тугагач, Юсуф фиръавннинг аъёнлари ҳузурига келиб, деди:
— Агар мен сизларнинг илтифотингизга сазовор бўлсам, фиръавн жаноби олийларига шу гапларни етказсангизлар: 5“Отам менга қасам ичириб, оламдан ўтганимдан кейин, жасадимни Канъон юртига олиб бориб, ўзим учун мен қазиган қабрга дафн қил, деб айтган. Энди отамни дафн қилгани боришимга ижозат берсалар. Отамни дафн қилганимдан кейин қайтиб келаман.”
6— Майли, боравер, — деб ижозат берди фиръавн, — қасамни адо қилиб, отангни дафн қилиб кел.
7Шундай қилиб, Юсуф отасини дафн қилгани жўнади. Фиръавннинг ҳамма аъёнлари — саройидаги амалдорлар, Миср юртидаги барча амалдорлар Юсуф билан бирга кетишди. 8Шунингдек, Юсуфнинг барча оила аъзолари, ака–укалари, отасининг қолган хонадони аҳли ҳам Юсуф билан бирга кетишди. Фақат уларнинг болалари, қўй–эчкилари, подалари Гўшен ерларида#50:8 Гўшен ерлари — 45:10 га ва ўша оятнинг изоҳига қаранг. қолдирилди. 9Ғоят катта жамоа Юсуфга ҳамроҳ бўлди. У билан бир талай аравакашлар ва жанг аравалари ҳам кетди. 10Улар Иордан дарёси шарқидаги Отад деган хирмонга етиб келдилар. У ерда узоқ вақт оғир таъзия маросими ўтказдилар. Шундай қилиб, Юсуф отаси учун етти кун аза маросими ўтказди. 11Канъон халқлари бу ердаги аза маросимини кўриб: “Мисрликлар қандай оғир аза маросими ўтказяптилар–а!” деб айтдилар. Шунинг учун бу жойга Овил–Мисрайим#50:11 Овил–Мисрайим — ибронийчадаги маъноси Мисрликларнинг қайғуси. деб ном қўйдилар. 12Шундай қилиб, Ёқуб ўғилларига қандай васият қилган бўлса, ўғиллари оталарининг васиятини тўла–тўкис бажардилар. 13Улар оталарининг жасадини Канъон юртига олиб келиб, Махпаладаги далада жойлашган ғорга дафн қилдилар#50:13 …Махпаладаги далада жойлашган ғорга дафн қилдилар — 47:30 га ва ўша оятнинг изоҳига қаранг.. Иброҳим ўз оиласига қабристон учун Хет халқидан бўлган Эфрўндан сотиб олган Мамре шарқидаги ғор шудир. 14Юсуф отасини дафн қилгандан кейин, ака–укаларини, отасини дафн қилгани бирга келган ҳамроҳларини эргаштириб Мисрга қайтди.
Юсуф акаларига тасалли беради
15Оталари вафот этгандан кейин, Юсуфнинг акалари: “Биз Юсуфга ёмонлик қилган эдик, энди у ўша ёмонликларимиз учун кек сақлаб юрган бўлса, биздан ўч олади”, деб қўрқа бошладилар. 16Шунинг учун улар Юсуфга шундай хабар юбордилар: “Отамиз вафотидан олдин бизга, 17Юсуфнинг ҳузурига бориб айтинглар, мен ундан ўтинаман, сизлар унга қарши қилган оғир жиноятларингизни унутсин, деб айтган эдилар. Илтимос қиламиз, отанг Худосининг бу қуллари қилган жиноятларни унутгин.” Юсуф шу хабарни эшитганда, йиғлаб юборди. 18Кейин акалари ҳам келиб: “Биз сенинг қулларингмиз”, деб Юсуфнинг оёқларига йиқилдилар. 19Лекин Юсуф акаларига:
— Қўрқманглар, мен сизларни ҳукм қилиб, жазолайдиган Худо эмасман–ку! — деди. 20— Сизлар менга раво кўрган ёмонликни Худо яхшиликка ишлатди. Сон–саноқсиз одамларни сақлаб қолиш учун У мени шу ерга олиб келди. 21Шунинг учун қўрқманглар, мен ўзларингизни ҳам, бола–чақаларингизни ҳам боқаман.
Юсуф акаларига мулойим гапириб, уларга тасалли берди.
Юсуф вафот этади
22Шундай қилиб, Юсуф, унинг ака–укалари, уларнинг оилалари Мисрда яшаб қолдилар. Юсуф 110 йил умр кўрди. 23Юсуф Эфрайимнинг невара–чевараларини ҳам кўрди. Манашенинг ўғли Мохирнинг болалари туғилганда, Юсуф ҳаёт эди. Юсуф бу болаларни ҳам фарзандлари қаторига қабул қилди.
24“Менинг умрим охирлаб боряпти, — деди Юсуф ака–укаларига. — Лекин Худо сизларни кузатиб туради, сизларни бу юртдан олиб чиқиб, Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубга бераман, деб қасам ичган юртга қайтариб олиб боради.” 25Сўнг Юсуф Исроил уруғларига қасам ичдириб: “Худо сизларнинг олдингизга келганда, сизлар менинг суякларимни бу ердан олиб кетинглар”, — деди. 26Юсуф 110 йил яшаб, оламдан ўтди. Унинг жасадини мумиёлаб, Мисрда бир тобутга солдилар.
Currently Selected:
Ибтидо 50: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020