Ҳаворийлар 22
22
22–БОБ
1Павлус оломонга шундай деди: “Биродарларим, оталар! Гапимга қулоқ солинглар, сизларнинг олдингизда ўзимни оқлай.” 2Одамлар унинг орамийча#22:2 орамийча — 21:40 изоҳига қаранг. гапираётганини эшитиб, сув қуйгандай, жим бўлиб қолдилар. Павлус гапида давом этди: 3“Мен яҳудийман, Киликиядаги Тарсус шаҳрида#22:3 Тарсус шаҳри — 21:39 га ва ўша оятнинг изоҳига қаранг. туғилганман, аммо Қуддусда улғайдим. Бу шаҳарда Гамалиёлнинг#22:3 Гамалиёл — машҳур яҳудий олими ва тафсирчиси (5:33-40 га қаранг). шогирди бўлиб, ота–боболаримизнинг қонунига жиддий эътибор бериб таълим олдим. Худди бугунгидай сизларга ўхшаб, Худога ўзимни бағишладим. 4Исонинг йўлига кирган одамларни ўлгудай қувғин қилардим, эркагу аёлни боғлаб, зиндонга ташлардим. 5Айтаётганларим ҳақиқат эканини олий руҳоний билан бутун Кенгаш тасдиқлай олади. Улар Дамашқдаги яҳудий биродарларимизга хат ёзиб бердилар. Шундай қилиб, мен бу одамларни кишанлаб, Қуддусга олиб келиб жазолаш учун Дамашққа жўнадим.
Павлус ўзининг имонга келиши тўғрисида сўзлаб беради
6Мен йўлимда давом этиб, Дамашққа яқинлашиб қолганимда, туш пайти бирдан осмондан ёп–ёруғ нур менинг ён–атрофимни ёритиб юборди. 7Мен ерга йиқилдим. Шу пайт: «Шоул!#22:7 Шоул — Павлус исми билан танилган (13:9 га ва ўша оятнинг изоҳига қаранг). Шоул! Нега сен Мени қувғин қиляпсан?» деган бир овозни эшитдим. 8«Ё Ҳазратим! Сиз кимсиз?» деб сўрадим. Шунда У менга: «Сен қувғин қилаётган Носиралик Исоман», деб жавоб берди. 9Менинг ёнимдагилар нурни кўрардилар–у#22:9 …нурни кўрардилар–у… — юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида нурни кўриб қўрқишган бўлса–да., аммо мен билан гаплашаётганнинг овозини эшитмасдилар. 10Шунда мен: «Ё Раббим Исо, нима қилай?» деб сўрадим. Раббий менга шундай деди: «Ўрнингдан тур, Дамашққа бор. Нима қилишинг кераклигини Худо белгилаб қўйган. Ҳамма нарса ўша ерда сенга айтилади.» 11Ўша нурнинг ярқирашидан кўзларим кўрмай қолган эди. Шунинг учун ҳамроҳларим қўлларимдан ушлаб, мени Дамашққа олиб кетдилар.
12Ўша шаҳарда Ханониё деган бир тақводор, қонунга итоат этадиган одам бор эди. У ўша шаҳардаги ҳамма яҳудийлар орасида катта обрўга эга эди. 13Ханониё олдимга келиб, ёнимда турди–да: «Биродарим Шоул! Кўзларинг яна очилсин!» деди. Ўша заҳоти кўзларим очилиб, Ханониёни кўрдим. 14Шунда у деди: «Ота–боболаримизнинг Худоси сени танлади. Токи сен Унинг хоҳишини билгин, Солиҳ Зотни#22:14 Солиҳ Зот — Исо Масиҳга ишора. кўриб, Унинг овозини эшитгин. 15Сен кўриб–эшитганларинг тўғрисида бутун оламга Унинг гувоҳи бўласан. 16Энди нимани кутяпсан? Ўрнингдан тур, сувга чўмгин. Раббимизга илтижо қилиб, гуноҳларингни ювгин.»
17Мен Қуддусга қайтиб келганимдан кейин, Маъбадда ибодат қилаётганимда, менга бир ваҳий келди. 18Мен Раббим Исони кўрдим, У шундай деди: «Тез бўл, Қуддусдан зудлик билан кет! Бу ердаги одамлар Мен тўғримда берган гувоҳлигингни қабул қилмайдилар.» 19Мен эса: «Ё Раббий! — дедим. — Мен синагогаларга бориб, Сенга ишонган одамларни қамаб, калтаклаганимни улар яхши биладилар. 20Шоҳидинг#22:20 Шоҳидинг… — ёки Шаҳидинг…, бу ўриндаги юнонча сўз шоҳид ва шаҳид маъноларини ифодалаётган бўлиши мумкин. 7:54-8:1 га қаранг. Стефан ўлдирилганда, мен ўша ерда эдим, унинг ўлдирилишини маъқуллаб, уни ўлдираётганларнинг кийимларига пойлоқчилик қилиб турган эдим.» 21Раббим Исо менга: «Кетавер, — деди. — Сени узоқдаги ғайрияҳудийларнинг олдига юбораман.»”
22Халқ Павлусга қулоқ солиб турди. Аммо у шу гапини айтиши биланоқ, улар овози борича, шовқин солди:
— Йўқотинглар уни! Ўлдиринглар! У яшашга лойиқ эмас!
23Улар бақир–чақир қилиб, кийимларини отиб, ҳавони чанг–тўзон қилиб юбордилар. 24Рим мингбошиси одамларига:
— Павлусни қалъага олиб киринглар! — деб буйруқ берди. Сўнгра у яна одамларига:
— Уни қамчиланглар! Нима учун одамлар унга қарши бақир–чақир қилганини билинглар! — деди.
25Павлусни қамчилаш учун боғлаётганларида, Павлус ўша ерда турган юзбошига деди:
— Рим фуқаросининг#22:25 Рим фуқароси — 16:37 изоҳига қаранг. бирон айби топилмаган бўлса ҳам, уни қамчилаш сизларнинг қонунингизда борми?
26Юзбоши бу гапни эшитиб, мингбошининг олдига борди–да:
— Нима қилмоқчисиз? Ахир, бу одам Рим фуқароси экан–ку! — деди.
27Мингбоши Павлуснинг олдига келиб, ундан:
— Менга айт–чи, сен Рим фуқаросимисан? — деди.
— Ҳа, — деб жавоб берди Павлус.
28Мингбоши:
— Мен катта миқдорда пул тўлаб, фуқароликни олган эдим, — деди.
— Мен эса Рим фуқароси бўлиб туғилганман, — деди Павлус.
29Павлусни сўроқ қилмоқчи бўлиб турганлар ўша заҳоти ундан қўлларини тортдилар. Мингбоши Павлуснинг Рим фуқароси эканини эшитиб, уни кишанлагани учун қўрқиб кетди.
Павлус Олий кенгаш олдида
30Яҳудийлар Павлусни нима учун айблаётганларини мингбоши билмоқчи бўлди. Эртаси куни у Павлусни озод қилди ва “бош руҳонийлар билан Олий кенгаш аъзолари йиғилсин”, деб буюрди. Мингбоши Павлусни уларнинг қошига олиб келди.
Currently Selected:
Ҳаворийлар 22: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020