Ҳаворийлар 19
19
19–БОБ
Павлус Эфес шаҳрида
1Аполлос Коринфда экан, Павлус қирлар бўйлаб йўл юриб, Эфес шаҳрига келди. Бу ерда у Исога имон қўйган бир нечта одамни учратди. 2Павлус улардан:
— Имонга келганларингизда, Муқаддас Руҳни қабул қилдингизларми? — деб сўради. Улар:
— Йўқ, биз Муқаддас Руҳ борлигини ҳатто эшитмаганмиз, — деб жавоб бердилар.
3— Ундай бўлса, қай асосда сувга чўмдирилдингизлар? — деб сўради Павлус.
— Яҳёнинг таълимотига кўра, сувга чўмдирилдик, — деб жавоб берди улар. 4Шунда Павлус деди:
— Яҳё тавба қилганларни сувга чўмдирар эди. У Исроил халқига, мендан кейин келаётганга, яъни Исога, имон келтиринглар, деган эди.
5Улар бу гапни эшитиб, Раббимиз Исонинг номидан сувга чўмдирилдилар. 6Павлус уларга қўлини қўйган эди, Муқаддас Руҳ уларни қамраб олди. Улар бошқа#19:6 бошқа — ёки номаълум. Яна 2:4-8 га қаранг. тилларда гапира бошладилар ва Худо аён қилган сўзларни айтдилар. 7Улар тахминан ўн икки киши эди.
8Павлус синагогага уч ой давомида бориб, жасорат билан халққа гапириб, Худонинг Шоҳлиги тўғрисида ишончли далиллар келтирди. 9Аммо баъзилари ўжарлик қилиб, умуман ишонмадилар ва ҳамманинг олдида Исонинг йўли тўғрисида ёмон гапларни айтдилар. Павлус ёнига имонлиларни олиб, уларнинг ҳузуридан кетди. Ҳар куни у Тиранус деган одамнинг маъруза залида мунозара ўтказадиган бўлди. 10Бу ҳолат икки йил давом этди, Асия аҳолисининг ҳаммаси — яҳудийлар ҳам, ғайрияҳудийлар#19:10 ғайрияҳудийлар — юнонча матнда юнонлар (шу бобнинг 17–оятида ҳам бор). 14:1 нинг иккинчи изоҳига қаранг. ҳам Раббимиз Исо ҳақидаги хабарни эшитишди.
11Худо Павлус орқали ғаройиб мўъжизалар кўрсатар эди. 12Павлуснинг танасига теккан рўмолча ёки кийимлар хасталарга теккизилганда, улар хасталикларидан шифо топар, улардан ёвуз руҳлар чиқиб кетарди.
13-14Скевас деган яҳудий бош руҳонийси бор эди. Унинг етти ўғли ўлка бўйлаб кезиб, одамлардан ёвуз руҳларни қувиб чиқарар эдилар. Бир куни улар Раббимиз Исонинг номи билан шундай қилишга уриниб, ёвуз руҳга: “Павлус эълон қилаётган Исо номи билан буюрамиз: чиқиб кет!” дедилар. 15Ёвуз руҳ эса уларга: “Мен Исони биламан, Павлусни ҳам биламан, сизлар эса ким бўлибсизлар?” деб сўради. 16Ичида ёвуз руҳи бор одам уларга ташланди. Уларни шу қадар қаттиқ урдики, улар ўша уйдан яланғоч, ярадор ҳолда зўрға қочиб қутулдилар. 17Эфесда яшаган яҳудий ва ғайрияҳудийларнинг#19:17 ғайрияҳудийлар — юнонча матнда юнонлар. 14:1 нинг иккинчи изоҳига қаранг. ҳаммаси бу воқеани эшитиб, қўрқувга тушдилар. Раббимиз Исонинг номи улуғланди. 18Шунингдек, имонга келганларнинг кўпчилиги қилмишларини очиқчасига эътироф этдилар. 19Афсунгарлик билан машғул бўлганларнинг бир қанчаси китобларини тўплаб, омманинг кўзи олдида ёқиб юбордилар. Бу китобларнинг қиймати ҳисобланганда, эллик минг кумуш танга#19:19 кумуш танга — юнонча матнда кумуш бўлак, драхма деб аталган юнон тангасига ишора. Драхма юнон тангаси эди. Қиймати Римдаги бир динор қийматига тенг келар эди. Бир динор мардикорнинг бир кунлик иш ҳақи эди. чиқди. 20Шу тариқа Раббимиз ҳақидаги хабар ёйилиб, таъсири тобора ортиб борар эди.
21Шу ҳодисалар юз бергандан кейин, Павлус Македония ва Ахаядан ўтиб, Қуддусга боришга қарор қилди. “У ерга борганимдан кейин, Римга ҳам боришим керак”, деди у. 22Шундай қилиб, у икки ёрдамчиси — Тимўтий билан Эрастусни Македонияга юборди. Павлуснинг ўзи эса маълум вақт Асия вилоятида қолди.
23Аммо ўша пайтда Исонинг йўлига қарши қаттиқ ғала–ғовур бўлди. 24Демитрус деган бир заргар одам Артемиснинг#19:24 Артемис — Артемида исми билан ҳам танилган, Эфесда сажда қилинган ҳосилдорлик маъбудасининг маҳаллий ифодаси. Артемиснинг буюк маъбади дунёнинг еттита мўъжизаларидан бири бўлиб, Эфес шаҳрининг яқинида жойлашган эди. маъбади тасвирини кумушдан ясаб, ҳунармандларга кўп фойда келтирарди. 25Демитрус бу соҳада ишлайдиган ҳамма ҳунармандларни чақириб, шундай деди:
— Биродарлар, биласизларки, биз шу ҳунар орқали яхши даромад оламиз. 26Сизлар фақат Эфесдагина эмас, балки бутун Асия вилоятида Павлус деган одамнинг қилаётганларини кўриб эшитяпсизлар. Павлуснинг айтиши бўйича, қўлда ясалган худолар асло худолар эмасмиш. У кўпчиликни шунга ишонтириб, йўлдан уряпти. 27Шуниси хавфлики, бизнинг бу ҳунаримиз халқнинг назаридан қолиши мумкин. Фақат шугина эмас, балки бошқа хавф ҳам бор: буюк Артемиснинг маъбади ҳеч нарсага арзимас экан деган фикрга олиб келади. Асия вилояти ва бутун дунёдаги ҳамма одам топинадиган бу маъбуданинг улуғворлиги барҳам топади–ку!
28Ҳунармандлар бу гапни эшитганларида, ғазабланиб: “Эфеснинг Артемиси буюкдир!” деб шовқин–сурон кўтардилар. 29Шаҳарда тўс–тўполон бошланди. Халқ иккита Македонияликни — Гаюс билан Аристархусни тутиб олиб, театр томонга шошилдилар. Иккалови Павлусга йўлда ҳамроҳ бўлиб келаётган эдилар. 30Павлус оломон олдига чиқмоқчи бўлган эди, имонлилар йўл қўймадилар. 31Ҳатто Павлуснинг дўстлари бўлган Асия вилоятининг баъзи амалдорлари хабар бериб, театрга киришга таваккал қилманг, деб илтимос қилдилар. 32Оломон саросимага тушган эди. Баъзилари бир нарса деб шовқин солса, бошқалари бошқа нарсани айтиб шовқин соларди. Уларнинг кўпчилиги нима учун йиғилганини билмасди. 33Яҳудийлар оломонга вазиятни тушунтирмоқчи бўлиб, Искандар деган бир одамни олдинга чиқардилар. Искандар қўли билан оломонга, жим бўлинглар деган ишорани қилиб, ҳимоя нутқини айтишга ҳаракат қилди. 34Аммо халқ унинг яҳудий эканини билгач, ҳаммалари жўр бўлиб: “Эфесликларнинг Артемиси буюкдир!” деб икки соатга яқин бақириб туришди.
35Шаҳар котиби оломонни тинчлантиргач, шундай деди:
— Эй Эфесликлар! Буюк Артемис маъбадининг ва осмондан тушган ҳайкалининг#19:35 осмондан тушган ҳайкал — бу тасвирни одамлар жаннатдан юборилган, табаррук деб ҳисоблашарди. Эҳтимол, Артемиснинг дастлабки тасвири метеор бўлгандир. сақловчиси Эфес шаҳри эканини ким билмайди?! 36Буларни ҳеч ким инкор эта олмайди. Шундай экан, сизлар сукут сақлаб, ўйламасдан қадам босмаслигингиз керак. 37Бу одамлар маъбадни талон–тарож қилмаган ёки маъбудамизни ҳақорат қилмаган, сизлар эса уларни бу ерга олиб келибсизлар. 38Агар Демитрус билан унинг ҳунармандлари бирон одамни айблайдиган бўлса, маҳкамалар очиқ, қозилар бор, бир–бирига қарши айбловларни ўша ерда ҳукм қилишсин. 39Агар бошқа бир чора кўрмоқчи бўлсангиз, у аҳолининг қонуний йиғинида ҳал қилинади. 40Ахир, бугун юз берган воқеадан кейин бизни исёнда айблашлари мумкин. Бизда бу шовқин–суронни оқлайдиган бирон сабаб йўқ.
У шу гапларни айтиб, оломонни тарқатиб юборди.
Currently Selected:
Ҳаворийлар 19: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020