Исо нонуштадан кейин Шимўн Бутрусдан сўради:
— Юҳанно ўғли Шимўн, сен Мени улардан кўпроқ яхши кўрасанми?
— Ҳа, Раббим! Мен Сени яхши кўришимни Ўзинг биласан–ку, — деди Унга Бутрус.
— Қўзиларимни ўтлат, — деди унга Исо.
Исо иккинчи марта Бутрусдан сўради:
— Юҳанно ўғли Шимўн, сен Мени яхши кўрасанми?
— Ҳа, Раббим! Сени яхши кўришимни Ўзинг биласан–ку, — деди Бутрус Унга.
— Қўйларимни боқ, — деди унга Исо.
Сўнг учинчи марта Бутрусдан сўради:
— Юҳанно ўғли Шимўн, сен Мени яхши кўрасанми?
Исо учинчи марта яна шу саволни бергани учун Бутрус хафа бўлди.
— Раббим! Сен ҳамма нарсани биласан, мен Сени яхши кўришимни ҳам биласан, — деди Бутрус. Исо унга шундай деди:
— Қўйларимни ўтлат!